ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда аниқ мақсадлар амалга оширилади

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда аниқ мақсадлар амалга оширилади

Президентимизнинг“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинганидан хабарингиз бор.

Унда белгиланган 320 банддан 31 таси бевосита Олий Мажлис Сенатига юклатилган вазифалардир.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар эса айнан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасига тааллуқли.

Қўмитамизнинг бевосита назорати ва вазифасига кирувчи мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг асл мақсади ва мазмун-моҳиятини очиб берувчи тарғибот ишларини жадаллаштириш масаласи давлат дастури лойиҳасининг 282-бандида белгиланмоқда. Бу йўналишда ушбу иллатларнинг асл мазмун-моҳиятини очиб берувчи тарғибот ишларини янада такомиллаштириш, экстремизм, терроризм ва мутаассибликни тарғиб қилувчи ғояларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

БУ МАСАЛАЛАРГА НИМА УЧУН ЭЪТИБОР БЕРИЛМОҚДА?

Бунинг сабаби – биргина 2019 йил давомида терроризм, экстремизм, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганда бу борада айрим муаммолар ҳамон мавжудлиги маълум бўлди.

Хусусан. терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида ҳуқуқбузарликлар содир этган 440 нафар шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган. Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида республика ҳудудида содир этилиши режалаштирилаётган 2 та қўпорувчилик ҳаракатларининг олди олинган.

Интернет орқали халқаро террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб, яшаш манзилидан Сурия давлатига “жиҳод” қилиш мақсадида чиқиб кетмоқчи бўлган 35 нафар фуқароларнинг фаолиятга чек қўйилди.

Масалан, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Халқобод маҳалласида яшовчи 20 ёшли қиз интернет ижтимоий тармоғи орқали ХТТ аъзоларининг таъсирига тушиб, Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштирган. У Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳар халқаро аэропорти орқали кетаётганлиги аниқланиб, республикамизга қайтарилган.

Мамлакатимизда Ислом динига оид 9 ўрта-махсус, 4 олий таълим ва 3 илмий-тадқиқот марказлари мавжуд бўлса-да, аҳоли ҳозирга қадар “ҳужра”ларда диндан сабоқ олмоқда. 2019 йилда 208 ноқонуний диний ўқиш учун “ҳужра”лар ва 60 та ноқонуний намозхона ташкил этиш ҳолатлари аниқланиб, “ҳужра”ларда 994 нафар шахслар сабоқ олаётганликлари, шундан 369 нафари аёллар ва 563 нафари вояга етмаганларни ташкил қилган.

Бу каби муаммоларга бартараф этиш учун ҳуқуқий асослар етарли бўлиши, бажариладиган ишлар аниқ белгиланган бўлиши зарур.

Шу нуқтаи назардан сенаторлар таҳлиллар асосида Давлат дастурига таклифлар берди. Муаммолар ечимига қаратилган амалий чоралар кўриш бўйича мақсад ва вазифаларни белгилаб олди.

Демак, Давлат дастурида бузғунчи ғояларнинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб қўйилади ва амалга оширилади.

Давлат дастури лойиҳасида давлат ҳарбий ташкилотлари ва мамлакат мудофаа тизимини янада такомиллаштириш, деб номланган банди бўйича амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Унда асосий эътибор ҳарбий хавфсизликни таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, шунингдек Қуролли Кучларни 2020-2025 йилларда ривожлантириш бўйича Комплекс дастурни ишлаб чиқади.

Шунингдек, “Контрразведкавий фаолият тўғрисида”ги ва “Ташқи разведка тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган бўлиб, асосий эътибор қуйидаги жиҳатларга қаратилган. Яъни унда: контрразведкавий фаолият соҳасидаги асосий тушунчалар, принциплар, вазифалар ва ҳуқуқий асосларни белгилаш, ташқи разведка соҳасидаги асосий тушунчалар, принциплар, вазифалар ва ҳуқуқий асосларни белгилаш назарда тутилган.

Давлат дастури лойиҳасининг 274 ва 275-бандларида 2020-2023 йилларга мўлжалланган Миллий киберхавфсизлик стратегияси, шунингдек “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси 2020 йил 1 сентябргача ишлаб чиқилиши назарда тутилган.

Асосий эътибор: Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳа билан 2020-2023 йилларга мўлжалланган Миллий киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланади.

Стратегияда миллий кибермаконда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш; киберхавфсизликнинг ягона тизими ва муҳим ҳисобланган инфратузилмани кибер ҳужумлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий базани шакллантириш; мамлакатда киберхавфсизлик борасида амалга оширилаётган чораларни кучайтириш; ахборот коммуникация технологиялари тизимини замонавий кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, турли даражадаги тизимлар учун киберхавфсизлик бўйича замонавий механизмларни жорий этиш; киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида давлат органлари, корхона ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификациялаш амалга оширилади.

Давлат дастури лойиҳасининг 276-банди бўйича Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат ахборот сиёсатини шакллантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда ахборот коммуникация технологиялари тизимини замонавий кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, турли даражадаги тизимлар учун киберхавфсизлик бўйича замонавий механизмларни жорий этиш назарда тутилади.

Давлат дастури лойиҳасининг 307-бандига кўра, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори орқали Олий Мажлиснинг Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясидаги доимий таркибини шакллантириш ҳамда Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш энг муҳим лойиҳа сифатида киритилган.

Давлат дастурида назарда тутилаётган режа ва мақсадлар- Ватан тараққиёти, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдан келиб чиқиб, илмий ва амалий таҳлилларни пухта ўрганиш асосида тайёрланган. Лойиҳанинг халқ муҳокамасидан ўтказилаётгани уни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Фарҳод Боқиев,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик
масалалари қўмитаси аъзоси

3 060
ЎзА