Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2018 13:05 Чоп этиш версияси

“Хавфсиз ҳудуд посбонлари” талончиларни ушлашга ёрдам берди

Каттақўрғонлик вояга етмаганлар – Ю.Носиров ва Ж.Кўбаев Самарқандга саёҳатга келиб, шаҳар кўчаларини айланиб юрганида бир гуруҳ йигитлар уларнинг йўлини тўсиб, турли баҳоналар билан жанжал чиқаришади. Уларни шаҳар четидаги Мотрид қўрғонига олиб бориб, телефон аппаратларини тортиб олишади.

Талончилар ўзларининг машинасига ўтириб кетгандан кейин шаҳарга пиёда қайтаётган жабрланувчилар шу атрофдаги “Хавфсиз ҳудуд посбонлари” тузилмаси йигитларига мурожаат қилишади.

“Хавфсиз ҳудуд посбонлари” жабрланувчилар билан биргаликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгашига келиб, бўлиб ўтган воқеани айтади.

Ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига мурожаат қилинади ва олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ушбу жиноятни Самарқанд шаҳри, Иштихон тумани ва Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи тўрт нафар йигит содир этганлиги аниқланади. Зўравон йигитларнинг шу ва шу каби бошқа жиноятлари юзасидан айни пайтда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳарақатлари олиб борилмоқда.

– Мазкур жиноятни очишда маҳаллалардаги фаол ёшлардан иборат “Хавфсиз ҳудуд посбонлари” тузилмасининг роли катта бўлди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раиси Р.Қобилов. – Ушбу ҳолат юзасидан жарбланувчилар билан суҳбатлашиб, уларга зарур ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатдик. Ўз навбатида жиноятга қўл урган йигитлардан ҳам бунинг сабаб ва оқибатларини сўрадик. Уларнинг оиласи, маҳалласидаги маънавий муҳитни ўрганиб, тегишли чора-тадбирлар белгиладик.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири
6 621