ЎзА Ўзбек

16.07.2018 15:29 Чоп этиш версияси

Хавф-хатар ҳақида афсона

Хавф-хатар ҳақида афсона
Дунёда хавфсиз нарсанинг ўзи йўқ. Кундалик янгиликларда одамлар сира кутилмаган ҳолатларда ҳаётдан кўз юмгани ҳақида кўп гапирилади. Мисол учун, бир хабарда Ғарбдаги янги меҳмонхона менеджери мижозларга деразанинг қанчалик пишиқлигини кўрсатмоқчи бўлиб, ўзини унга урган ва осмонўпар бинонинг юқори қаватидан тушиб кетгани айтилган эди. Демак, дераза унчалик хавфсиз эмас экан.

Бир дона гамбургер еб туриб, жон берганлар ҳақида ҳам хабарлар берилган.

Афсонага ўхшайди.

Самолёт хавфсизми? Албатта, хавфли. Кези келганда, фожиали даражада хавфли. Лекин авиаҳалокатлар туфайли қанча одам ҳалок бўлган-у йўл-транспорт ҳодисалари қанча одамни ҳаётдан олиб кетгани тўғрисидаги статистика самолётнинг мутлақо хавфсиз эканини исботлайди. Чунки ўртадаги фарқ минглаб нисбат билан ўлчанади.

Шу билан бирга, одамлар автомобиль хавфли экан, деб ундан умуман воз кечиб қўймагани ҳам рост. Автомобиль жуда хавфсиз. Ҳалокатлар эса, объектив ва субъектив инсон омилига, баъзан табиат инжиқликларига асосланади.

Баландда ишлаётган кранчи ҳам, соатига 500 километр тезлик билан юрадиган поезд машинисти ҳам, умуман, ҳар қандай инсон шахсий ҳаёт ва ишда ўзини хавфсиз сезади.

Бу афсона эмас.

Лекин ҳаёт барибир хавфсиз эмас. Шифокор нотўғри дори белгилаши туфайли ёки арзимаган жанжалдан асабийлашиш оқибатида бир зумда жон бериш ҳеч гап эмас.

Бу ҳам афсона эмас.

Ҳамма гап эҳтиёт чораларида. Эҳтиётини қилган одам ўзгани ҳам авайлайди. Масалан, коинотга бир-иккита фазогирни юбориш учун минглаб олим йиллар давомида ишлайди. Ҳар қандай техникадан инсон зарар кўрдими, инженерлар, албатта, барча нуқсонларни топиб, бартараф этади. Бинолар қулагандан ёки ёнғин содир бўлиб, одамлар оташ ичида қолиб кетгандан кейин қурилишлардаги барча меъморий ва муҳандислик камчиликлари аниқланади ва келажакда ҳисобга олинади.

Шу тариқа ҳаёт инсониятни хатоларини тузатиб бориб, мукаммал бўлишга ўргатиб келади.

Атом электр станциялари анчадан буён одамзотга хизмат қилади. Дунёда юзлаб АЭСлар ишлаб турибди. Бу станцияларга ҳар куни қатнаб ишлайдиганлар, АЭСларнинг ён-атрофида яшайдиган аҳоли радиациянинг зараридан ҳеч қўрққан эмас – ишдан бўшаб кетгани ёки кўчиб кетгани йўқ. Сабаби, станциянинг хавфсиз эканига ишонади.

Тўғри-да, модомики, инсон урандек хавфли унсурда ишлайдиган электр станцияси қурмоқчи экан, аввало, радиацияни жиловлайди, эҳтимолдаги бошқа хавф-хатарнинг олдини олади. Эвазига миллионлаб тонна ёқилғини тежайди. Шу тариқа АЭСлар атмосферани ҳам “тинч қўяди”. Тутуни бўлмаганидан кейин нима зарари бўлсин!

Шу маънода, юртимизда АЭС қурилиши ҳақидаги янгилик айримларни ўйлантириб қўйганининг сабабларидан бири хавф-хатар ҳақидаги афсоналарга ҳаддан ортиқ ишониб қолганлик бўлса, эҳтимол. Аслида чуқурроқ фикр юритилса, ҳеч ким ўз-ўзидан катта бир мажмуани қуриб қўймоқчи эмас. Аввало, унинг илмий, иқтисодий, логистик ва кўплаб бошқа асосламалари ишлаб чиқилади.

Дейлик, тиш-тирноғигача қуролланган махсус хизмат ходими махсус операциясига бориш учун автобусга минмаганидек, АЭС қурмоқчи бўлганлар ҳам ёш боланинг қўлига граната бериб қўядиган одамлар эмас.

Ана бу афсона эмас.

Инсоният дарёларда дамба қуради. Бу хавфли эмасми? Жуда хавфли-да. Тўғон ёрилиб кетса, шаҳару қишлоқларни сув босади, минглаб одам ҳалок бўлади, қанча катта майдондаги экин нобуд бўлади. Ерлар анча вақт яроқсиз ҳолда қолади.

Лекин дамбани, жўнроқ айтганда, кўчадан келган одамлар лойиҳалаштириб, барпо этмайди. Қурган одам ишни пишиқ-пухта қилади. Натижада вегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинлари сув ичади, гидрогенераторлар электр беради, ўз таннархини қоплаганидан кейин умуман “сув текинга” ишлайди. Қолаверса, тўғон тўплаган сув бўйи дам олиш масканига айланади, соҳилларда туризм инфратузилмаси ривожланади.

Ўрни келганда айтиш мумкин, масалан, Тошкент вилоятидаги “Чорвоқ” ГЭСидан бирон киши хавотирланмайди.

Бу афсона эмас.

АЭС ҳам худди шунингдек – бехавф, таннархини қоплаганидан кейин “сув текинга” хизмат қилади. Бизда уран конлари бор экан, қуруқдан-қуруқ хомашёни сотиб, цивилизациянинг АЭСдек неъматидан фойдаланмаслик, қайсидир маънода, узоқни кўра билмасликдир.

Биз қадимий меъморий обида ва қадамжоларимиз билан бир қаторда метро, дунёдаги энг баланд ўз “ҳамкасблари” орасида виқор билан турган телеминора, улкан саноат иншоотлари ва кўплаб бошқа ютуқларимиз билан фахрланамиз. Бундай фахрий мажмуаларимиз яна бир энг ноёби билан бойийдиган бўлса, бунинг учун фақат қувониш керак.

Хавф-хатар ҳақида эса ҳамиша афсоналар кўп бўлган.

Музайяна Машрабхон, ЎзА
5 306