Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 13:06 Чоп этиш версияси

“Хартум” конида амалга оширилаётган ишлар қандай натижа бермоқда?

“Хартум” конида амалга оширилаётган ишлар қандай натижа бермоқда?

Истиқлол шодиёналари арафасида мазкур кондаги 83-сонли қудуқдан нефть қазиб олиш бошланган эди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати маълум қилишича, “Хартум” конида амалга оширилаётган ишлар истиқболли натижалар бермоқда. Истиқлол шодиёналари арафасида мазкур кондаги 83-сонли қудуқдан нефть қазиб олиш бошлангани фикримиз исботидир.

Андижон вилоятида жойлашган “Хартум” конидаги ушбу қудуқнинг нефть дебити кунига 30 тоннани ташкил этмоқда. Қудуқ замонавий технологиялар билан бурғилангани боис нефть ва газ қудуқларини бурғилаш тез ва сифатли бажарилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 82-сонли қудуқнинг қурилиши 18 ой давом этган бўлса, 83-сонли қудуқ учун бор йўғи 3 ой сарфланган. Бу қурилиш жараёнининг 600 фоизга тезлашганида юқори технологиялар муҳим омил бўлди.

Шунингдек, бундай ютуқлар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг “ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC” компанияси ва Хитойнинг “Xibu” компанияси мутахассисларининг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижаси ҳамдир.

Энди яқин келажакдаги режа қўшимча 3-4 қудуқни бурғилаш. Бундан кўзланган мақсад палеоген ётқизиғининг 8-қатламидан нефть қазиб олишни кўпайтириш ва 4 минг 300 метргача чуқурликда жойлашган газли қатламларни баҳолашдир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА