Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 10:06 Чоп этиш версияси

Харидорлар нега бозор маъмуриятидан норози бўлишмоқда?

Харидорлар нега бозор маъмуриятидан норози бўлишмоқда?

Бозорларимизда шундай муаммолар борки, маъмурият бундан кўз юммоқда...

“Ўзстандарт” агентлиги ташаббуси билан истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида пойтахтимиздаги деҳқон бозорларида қўлланилаётган тош ва тарозиларнинг бугунги ҳолати танқидий ўрганилди.

Агентлик матбуот хизмати маълум қилишича, қонунчилик талабларига кўра, деҳқон бозорлари маъмурияти сотувчиларни электрон тарозилар билан тўлиқ таъминлаши кўрсатиб ўтилган. Аммо бозорлар раҳбарияти мазкур муаммога кўз юмиши оқибатида сотувчилар ўзларининг шахсий тарозиларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Ўрганишлар натижасида айни пайтда Тошкент шаҳри бозорларида 1003 дона хусусий тарозидан фойдаланилмоқда. Деҳқон бозорларида жами 2 минг 305 дона тарози етишмаслиги маълум бўлди.

“Авиасозлар” бозорида 95, “Аския” бозорида 36, “Чилонзор” деҳқон бозорида 42, “Наврўз” бозорида 118, “Олой” бозорида 33, “Сирғали” бозорида 87, “Фарҳод” деҳқон бозорида 218, “Эски жува”да 142, “Юнусобод” бозорида 81, “Қўйлиқ” бозорида 119, “Қора-қамиш” бозорида 32 та тарозига эҳтиёж бор.

Жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган режага асосан, пойтахтимиздаги 13 та деҳқон бозори 964 та замонавий электрон тарозилар билан таъминланиши керак эди. Лекин мазкур режа бор-йўғи 59 фоизга бажарилган, холос. Яъни ҳаммаси бўлиб 570 та тарози харид қилинган.

"Бир муаммо иккинчисига доялик қилади", деганларидек, Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида тарозиларнинг етишмаслиги оқибатида сотувчилар давлат қиёслаш кўригидан ўтмаган шахсий тарозилардан фойдаланмоқда. Ўз навбатида харидорлар бозор маъмуриятидан норози бўлишмоқда.

Ўзингиз бир мушоҳада қилиб кўринг, “Ўзстандарт” кўригидан ўтмаган тарозининг тўғри ишлашига ким ҳам кафолат берарди?!

Халқимизда ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик, савдода ҳалоллик мезонларини бузмаслик ва энг муҳими истеъмолчилар манфаатлари олий қадрият сифатида эъзозланиб келинган. Бозорларимиздаги бундай муаммолар масъул раҳбарлар ёрдамида тез кунларда бартараф этилишига умид қиламиз.

ЎзА