Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 09:41 Чоп этиш версияси

​Халқ таълими тизими бошқаруви жиддий танқид қилинди

​Халқ таълими тизими бошқаруви жиддий танқид қилинди

Танқидий-таҳлилий ўрганиш натижалари халқ таълими тизими бошқарувида жиддий камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилди. 

Давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришда бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

Булар:
– жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;

– умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига уларга хос бўлмаган вазифалар ва функцияларни юклаш, муассаса директори ва унинг ўринбосарлари ўртасида ваколатларнинг аниқ тақсимланмаганлиги,улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва параметрлари мавжуд эмаслиги;

– умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги;

– раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;

– таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги;

– халқ таълими тизими муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш механизмининг мукаммал эмаслиги, уларнинг фаолиятига замонавий меъморий ечимлар, инновацион ишланмаларни ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги кабилардир.

Айни муаммоларни қонуний йўл билан бартараф этишда мазкур фармон муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

ЎзА​