Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 18:17 Чоп этиш версияси

Халқ розилиги – мулоқотлар самараси

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишда давлат бошқаруви идоралари вакиллари, барча даражадаги мутасаддиларнинг халқ ичига кириши, фуқаролар дардини эшитиши, қувончу ташвишини теран ҳис қилган ҳолда, улар билан ҳамнафас бўлишига бош омил сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аҳолини ўйлантираётган масалалар, сарсону оворагарчиликларга сабаб бўлаётган муаммоларга адолатли ечим топилиб, одамларнинг адолатга, давлатга ишончи янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳоли билан бевосита мулоқотнинг замонавий механизми сифатида юксак самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари, бир қатор вазирлик ва қўмиталар, банк муассасалари ва бошқа идоралар раҳбарларидан иборат гуруҳ томонидан Фарғона вилоятида ташкил этилган сайёр қабулларда ҳам бу яна бир бор ўз исботини топди. Уларда Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда кўтарилган масалалар ўрганилди.

Фарғона тумани Водил қишлоғида бўлиб ўтган сайёр қабулда Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Тошлоқ, Қува ва Фарғона туманлари аҳолиси иштирок этди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 5 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига Фарғона вилояти аҳолисидан 122 минг 316 мурожаат келиб тушган. Уларнинг катта қисмини уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия таъминоти, болалар нафақаси, меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, судларда жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилиши, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, ободонлаштириш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари, тадбиркорликни ривожлантириш каби масалалар ташкил этади.

Қува туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ёрқиной Турдиалиева сайёр қабулда мутахассислардан ўз мурожаатига ижобий жавоб олди. Унинг 13 ёшли ногирон фарзандини таълим муассасасига жойлаштириш бўйича кўтарган масаласи ечим топди.

– Қизим ногирон бўлса-да, ўқишга қизиқади, ҳунарли бўлишни жуда хоҳлайди, – дейди Ё.Турдиалиева. – Уни ўқитиш учун махсус мактаб-интернатларга кўп қатнадим. Афсуски, айрим сабабларга кўра бу мақсадим амалга ошмай келаётган эди. Сайёр қабулдан хурсанд бўлиб қайтмоқдаман. Тошкент шаҳридаги махсус мактабда таълим олиши учун қизимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан йўлланма бериладиган бўлди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун она сифатида давлатимиздан, ҳукуматимиздан миннатдорман.

Мухлиса Ҳошимова 1993 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Болалигида қаровсиз қолган қиз шаҳардаги 1-Меҳрибонлик уйида тарбияланган. Шу ерда оила қуриб, бир фарзанднинг онаси бўлди. Шу муассасада меҳнат қилмоқда. Мухлиса сайёр қабулда уй-жой масаласи билан мутасаддиларга мурожаат қилди. Унга арзон турар жойлардан бири ажратиладиган бўлди.

Бугун мамлакатимизда эл-юртга наф келтираман, деганки бор, кам бўлмаяпти. Тадбиркорларнинг турли муаммолари ижобий ҳал этилмоқда. Айниқса, кредит ажратиш, бино учун жой ажратиш борасида ишбилармонларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Қабулда айни шу йўналишдаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди. Марғилонлик Абдуфаттоҳ Нурматов раҳбарлик қилаётган “Зиё боқий барака” корхонасида 2014 йилдан буён трикотаж маҳсулотлари тўқилиб, сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда. 87 ишчи меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари бир қатор хорижий мамлакатларга экспорт қилинади. Тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш учун қўшимча жой масаласи кўпдан буён ҳал бўлмаётганини билдирди. Унинг муаммоси жойида ечим топгани сайёр қабул самарасидир.

– Шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга бу масала бўйича кўп бор мурожаат қилган бўлсам-да, ижобий жавоб ололмадим, – дейди тадбиркор А.Нурматов. – Мана, сайёр қабул туфайли Марғилон шаҳрида ташкил этилаётган кичик саноат зонасидан бизнинг корхона учун ҳам жой ажратиладиган бўлди. Бу лойиҳам орқали 400 иш ўрни яратишни мақсад қилганман.

Жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллардан кейин юртдошларимиз ҳеч бир мурожаат давлатимиз эътиборидан четда қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқда.

Ўзбекистон ва Бувайда туманларида ташкил этилган сайёр қабулларда ҳам аҳолидан келиб тушган мурожаатлар адолат мезони асосида кўриб чиқилиб, муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Сайёр қабулларда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 628






Все о погоде - Pogoda.uz