Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 12:24 Чоп этиш версияси

Халқпарварлик, адолат нишонаси

Ҳаётда адашган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган кишиларни кечириш, уларга тўғри йўл топиши учун имкон бериш халқимизга хос фазилат. Давлатимиз сиёсатида айни шу жиҳатлар акс этаётгани халқпарварлик, адолат нишонасидир.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг афв этишга оид яна бир фармони қабул қилингани юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил декабрь ойида Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида эълон қилинган фармони билан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилган эди.

2018 йил 12 июнда эълон қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

– Афв этиш ҳукм қилинган шахсга нисбатан инсонпарварлик ифодаси бўлиб, уни жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилади ёки суд томонидан белгиланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштиради, – дейди юридик фанлари доктори Миравзал Миракулов. – Афв этиш аниқ ҳукм қилинганга нисбатан индивидуал тарзда амалга оширилиши билан амнистия актидан фарқ қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган, деб айтсак, тўғри бўлади.

Авф этиш судлар томонидан ҳукм қилинганларга, индивидуал тартибда аниқ бир маҳкумга нисбатан унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига афв этишни сўраб ёзган ёзма мурожаатига асосан амалга оширилади. Яъни шахс ўз айбини тан олиб, унга пушаймон бўлиб, кечирим сўрайди. Бундай ҳолатларда амнистияга тушган айрим кимсалардек жазони ҳис этмасликка ўрин қолмайди.

– Афв этишга оид бу галги фармон муборак Рамазон ҳайити муносабати билан қабул қилинганини халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди, – дейди Тошкент шаҳар Яшнобод тумани "Янги нур" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Авазов. – Чунки бу айём юртдошларимиз учун улуғ байрамлардан бири бўлиши билан бирга, меҳр-мурувват кўрсатиш онлари ҳамдир. Халқимиз ҳайит кунларини байрам қилиш билан бирга, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, мушкул аҳволга тушиб қолганларга мадад бўлиш, эҳсон қилиш билан бир-бирининг кўнглини обод этиш, шафқат кўрсатишни одат қилган. Шундай муборак кунларда адашган кишиларнинг афв этилиши ана шу эзгу ва хайрли амалларга тўлиқ ҳамоҳангдир.

Қайд этиб ўтиш керакки, фармонга мувофиқ, илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Айни пайтда фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар берилган тегишли топшириқларни бажаришга киришилди.

Фармон ижросининг таъминланиши билан нафақат афв этилганлар, балки уларнинг юзлаб яқинлари, оилаларига катта хурсандчилик туҳфа этилади. Бу шу одамларнинг ҳаётдан хурсанд бўлиши, рози бўлишига сабаб бўладиган савобли ишдир. Ўз навбатида, бундай хайрли ишлар жамият муҳитини соғломлаштиришга, барқарорлик мустаҳкам қарор топишига ҳам хизмат қилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 346