ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Халқпарвар инсон эди

Халқпарвар инсон эди

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш давом этмоқда. Бу жараёнда судьялар ҳам олдинги сафда, десак муболаға бўлмайди. Чунки ишлар кутиб турмайди, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш шарт.

Кўпинча суд мажлислари онлайн тарзда ёки карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, коронавирус билан касалланган суд ходимлари, судьялар учраб турибди.

Судьялар олий кенгашига шу йил 24 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судьяси Хайриддин Шермуҳамедовнинг коронавирус туфайли шифохонага ётқизилгани ҳақида маълум қилинган эди.

Куни кеча эса Х.Шермуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабар келди.

1967 йил 25 августда Тошкент туманида таваллуд топган Хайриддин Шермуҳамедов узоқ йиллар суд тизимида меҳнат қилди. У қаерда фаолият олиб бормасин, ўз касбининг фидойиси, изланувчан ва халқпарвар инсон сифатида ном қозонган.

Айниқса, унинг исми шарифини қибрайликлар яхши билади. Х.Шермуҳамедов Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди раиси лавозимида бир неча йиллар меҳнат қилган.

Аҳоли билан доимий равишда мулоқотлар, фуқароларни қийнаб келаётган саволларига жавоб топиб беришга кўмаклашгани учун ҳам кўпчилик уни яхши билар эди.

Оиласига меҳрибон, дўстларини қадрловчи, ҳаётий вазифасига сидқидилдан ёндашувчи фидойи бир инсон 53 ёшида оғир хасталик туфайли бу дунёни тарк этди.

Судьялар олий кенгаши жамоаси Хайриддин Шермуҳамедовнинг оила аъзолари, яқинлари ва дўстларига таъзия изҳор қилиб, чуқур ҳамдардлик билдиради.

3 789
ЎзА