ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

“Халқ миллат сифатида қаддини кўтариши учун, эркинлик керак”

“Халқ миллат сифатида қаддини кўтариши учун, эркинлик керак”


Қайсидир мафкура ёки манфаатларга бўйсунмаган тамомила озод ва эркин бўлган ижодкор бўлиши мумкинми? Ижод намуналарини таҳририят ёки нашриётларга олиб бориб эълон қилишга уринмасдан фақат кўнгил учун ижод қилиб, яна халқ орасида машҳур бўлган ёзувчи, шоирни биласизми? Раҳимжон Раҳмат ана шундай ижодкорлардан. “Бир куни қўлёзмаларимни шамол учириб кетди”, дейди у. Қизиғи, шамолларда учиб кетган, шеърларга шоир заррача ачинмаган. Дард қоғозга тўкилса, бас. Уни орқасидан машҳурликка интилиш Раҳимжон ака учун эмас.

Шоир, ёзувчи, бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университетида домла ва “Озодлик” радиосида раҳбарлик қилган Раҳимжон Раҳмат билан бугунги кун, адабиёт, журналистика ва эркинлик ҳақида суҳбатлашдик.

“Муҳим нуқта. Фикр йўқ, лекин айтишга қўрқади”

– Бугунги ўзгаришлар ҳақида фикрингиз қандай?

– Бизда азалдан, “Тепадагиларни ўзи билади. Сиёсатдан гапирма деган психология бўлган”. Юз йиллар аввал ҳам одамлар сиёсат ҳақида гапирмаган. Хон замонларида ҳам бозорларда одамлар нарсасини сотиб тезроқ уйига қайтиш пайида бўлган. Бозорларда Хон айғоқчилари бўлган. Ўша даврда Европадан юртимизга келган сайёҳларнинг рисолаларидан ҳам буни билиш мумкин. Кейинги 70 йиллик ва 25 йил ичида ҳам эркин фикр айтадиганлар кўп бўлмади. Сиёсат эмас, жамиятдаги оддий бир ҳодисаларга ҳам муносабат билдириш ҳам одамларда суст эди. Илгари ёзув аппаратини кўтариб юрардик-да, бирорта одамга мурожаат қилиб жамиятдаги масалаларга муносабат билдиришни сўрасак, кўпчилик “қўрқаман”, деб жавоб берарди. Шунда мен уларга “Нега қўрқасан? Ўзи қўрқинчли фикр айта оласанми?”, дердим. Микрофонни яшириб, қани айт фикрингни, дер эдим. Муҳим нуқта. Фикр йўқ, лекин “фикр айтгани қўрқаман”, дейди. Арзирли фикр бўлса-ю, қўрқса, тушунса бўлади. Аммо, фикр бўлмай туриб, қўрқишни қандай изоҳлаш мумкин? Микрофондан илондек қўрқадиган одамларни кўриб ҳайрон қолардим. Бу юз йиллар давомида шаклланган психология, ички инстинкт. 10 йиллар аввал, муқобил фикрларни кўрмаган эдик. Мана ҳозир одамлар фикр билдиряпти ижтимоий-сиёсий жараёнларга муносабат билдиряпти. Юқоридагилар фикр-муносабатларни тоқат билан тингламоқда. Янги сиёсатдан кейин одамлар муқобил фикр билдирадиган бўлди. Менингча бу катта ўзгариш.

– Давримиз зиёлилари ҳақида нима дея оласиз?

– Зиёлилар бу жамиятда ўзининг эркин муқобил фикрини билдирувчи шахслардир. Зиёлилар жамиятнинг иммун тизими ҳисобланади. Зиёлилар қанчалик кўп бўлса, ўша жамиятнинг касалланиши эҳтимоли кам. Улар кўпайса жамият ривожланади. Нақшбандий айтадики, жамиятда иллатлар урчиса, бунга зиёлилар айбдор. Зиёлиларнинг вазифаси жамиятни ҳар хил иллатлардан ҳимоя қилиш. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ҳам муқобил, соғлом фикрларни кўряпмиз. Халқ ўз иқтидорини эркин даврда кўрсатади. Миллат сифатида қаддини кўтариш, дунёга танилиш учун эркинлик керак. Ҳамма нарсанинг онаси, дояси эркинликдир.

“Ҳамма соҳада уйғониш бўлди, аммо партиялар ҳамон ухламоқда”

– Жамиятни ислоҳ қилувчилар кимлар сизнингча?

– Жамиятни ўзгартирувчи, эркинлаштирувчи, ривожлантирувчилар аслида сиёсий партиялар бўлади. Аммо, бугун биз уларни фаоллигини кўрмаяпмиз. Янги сиёсатдан кейин кўп нарса фаоллашди. Ҳамма соҳада уйғониш бўлди, аммо партиялар ҳамон ухламоқда. Сиёсий партияларимиз худди жамоат ташкилотига ўхшайди. Мен 10 йил аввал, журналист бўлиб ишлаганимда ҳам шундай эди. Биронта партиянинг сиёсий фаоллиги сезилмас эди. Ҳозир ҳам шундай. Агар, партиялар ҳукуматга интилмас экан, уларни сиёсий партия дейиш қийин. Сиёсий партиялар ҳукуматга даъвогар бўлиши керак.

– Балки, партияларда Лидерлар етишмас?

– Партияларда лидерлар бўлмаса, улар кўпчиликни ортидан эргаштира олмайди. Партиялар ҳам ўзлари жамиятдан орқада қолаётганларини тушуниб етган бўлса керак. Партияларимизда биронта лидерлар ҳам кўринмайди. Айни пайтда уларнинг айни фаоллашадиган вақти келди.

– Газета ва мажбурий обунага муносабатингиз?

– Газета обунаси оммавий ахборот воситаларида роса муҳокама бўлди. Аввало, бу мавзу анчайин “совиди”. Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда мажбурий обуна ҳақида кескин баҳслар бўлди, кимдир уни ҳимоя қилди, яна кимдир танқид қилди. Ҳозирги кунда сиёсат ўзгаряпти, биласиз, мажбурлаш билан боғлиқ эскилик сарқитларидан воз кечиляпти. Ахир замонавий демократик (демократияга интилаётган) давлатда бировнинг ҳақ-ҳуқуқини чеклаш, яна кимнидир ноўрин ишга мажбурлаш ўта хунук ҳолат ҳисобланади.

Қўли лой кимса билан қўл бериб саломлашасизми? Йўқ, саломлашмайсиз, балки енгилгина салом деган маънода каллангизни силкиб қўясиз. Давлатлар ҳам бир-бири билан иқтисодий, маданий алоқа ўрнатаётганда бир-бирининг «қўл»игақарайди. Шунинг учун бизнинг жамиятда ҳам инсон ҳақ-ҳуқуқларига соя соладиган мажбурлаш, маъмурий зўравонлик билан боғлиқ ижтимоий иллатларга қарши курашиляпти.

Мажбурий обуна ҳам шунақанги ижтимоий иллатлардан биридир.

Мажбурий обунани ёқлаётганлар ҳам аслида ўз нафслари манфаатини кўзлаб гапиради. Уларга эътирозим йўқ, юқорида айтганимдек, ҳар ким сергўшт ош ейишни истайди. Лекин объектив ҳақиқат ҳам бор! Бу ҳақиқат шуки, демократик тараққиёт йўлини танлаган, эркинликни қадрият деб таниётган жамиятимизда мажбурлаш билан боғлиқ ҳеч қандай тадбирга ўрин йўқдир.

Асли мажбурлаш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий тадбирлар Сталиндаврига хос иллатлардир. Бунақа мажбурлашлар айрим тоифаларга каттагина фойда келтиради, яъни улар мажбурлаш билан боғлиқ жараёнлардан келадиган фойдани ўз чўнтакларига тўғрилаб қўяди. Яқин ўтмишда шундай бўлгандики, айрим соҳанинг маҳаллий амалдорлари ўзларига тегишли хусусий газетани мажбурий обуналар рўйхатига киритишганди...

Менинг қатъий сўзим ушбу: мажбурий обунага ўрин йўқ!

Муҳокама кўп-у, лекин вилоятларда газетанинг ўзи йўқ. Мен қишлоғимизга газета келганини кўрмаганман. Обуна бўлганлар ҳам газетасини вақтида ололмайди. Матбуот дўконлари ҳам йўқ даражада, борларида атторлик моллари сотилади. Биринчидан газетанинг ўзи йўқ. Иккинчидан газеталарда маърифат йўқ. Яна мажбурий обунани йўқотиш керак, деб жар солаяпмиз. Чекка қишлоқларда газета бўлмаслиги мумкин, лекин иш билан давлат ташкилотларига йўлингиз тушса ҳам газеталарни учратмайсиз.
Мен “мажбурий обунани йўқотсак, маърифат йўқолади”, деган фикрга умуман қўшилмайман. Чунки, газеталарда маърифатни кўрмаяпман. Кўчаларда газета ўқиётган, ё кўтариб кетаётган одамларни учратмадим. Бозор шароитида яшаяпмиз. Ҳамма нарсани бозор ҳал қилиши керак. Яна газетада ўқувчи сотиб олиб ўқиши учун фойдали маълумот бўлсин, иккинчидан обуна бўлинган газета эгасига етиб борсин. Ҳозирда газетада ўта муҳим маълумот бўлмагани сабабли, обуначилар, етиб келмаётган газетасини суриштириб ҳам ўтирмайди. Газета ҳозир ўқилмаяпти унга шунчаки кўз югуртириляпти. Кўп идора раҳбарлари, зиёлиларини газета ўқиганини кўрганман. Улар газета ўқимайди кўз югуртиради ва сарлавҳаларга қараб нима ҳақида ёзилганини билади-да, ўқиб ҳам ўтирмайди. Қараб-қараб газетани ёпиб қўяди. Мен ўзим ҳам шундай қиламан.

“Ижод ўта шахсий нарса. У мукофот учун ёзилмайди”

– “Адабиётдан чиқиш” рисоласини ёзган эдингиз. Адабиётдан, ижоддан чиқиш мумкинми?

– Мен адабиётдан чиқиш деганда мазмунан, ҳақиқий адабиётга киришни назарда тутганман. Адабиётдан чиқиш дегани у ҳамма тушунган адабиётдан чиқиш эмас. Бу сохта мафкуравий адабиётдан ёлғончилик, мунофиқлик ва маддоҳликдан юз ўгириб, ҳақиқий адабиётга киришдир. Адабиётдаги ҳамма иллатлардан, гуруҳбозлик бўлиб бир-бирини мақташдан юз ўгирдим. Истеъдодимни ҳар хил зарар нарсалардан асрашни истадим. Кўнглим рост, деб билган нарсаларни ёзишни истадим. Илгариги адабиётда мен кўп мунофиқликларни кўрдим ва уларни юқтирмаслик учун мен бу адабиётдан чиқишни истадим. Истеъдод инсонни номусидир, уни тоза сақлаш керак.

– Сиз тарк этган адабиёт одамларига муносабатингиз...

– Ёлғон сўз адабий муҳит пайдо қилолмайди. Улар шовқин ясайди холос. Фикрлар чиройли бўлиши мумкин, аммо руҳ ўлик бўлади. Руҳи ўлган адабиётни ўқувчи ҳам қабул қилолмайди. Мен уларни худди Хитой маҳсулотларига ўхшатаман. Ижод ўта шахсий нарса. У мукофот учун ёзилмайди. Одам кўнгли учун ёзади. Ижодкорда шундай вазият бўлади эрта тонгда фикрлар ёғилиб келади. Худди дарахт шохларига ёпирилиб келиб қўнган қушлар каби. Шу вақтда ижодкор қоғоз қоралайди. Илҳом шундай нарса. У мажбуран тўқилмайди. У кўнгил иши. Илгари шоирлар ахборотни кўриб бўлиб, шеър ёзарди. Уларни илҳом булоғи ахборот мавзулари бўлган назаримда.

– Илҳом булоғи нима?

– Илҳом булоғи бу инсоннинг тақдири азалидан норози бўлиб юрган кайфиятидан келиб чиқиб, қоғоз қоралашидир. Бу ҳаётнинг ўткинчилиги ўлгандан кейинги жараёнларни тасвирлашдир. Лаҳзалик ҳаётга бағишлаб шеър ёзиб бўлмайди. Ижоднинг 90 фоизи идрок этиб бўлмайдиган нарсаларни идрок этишга қаратилган бўлади. Бу ҳаёт худди шам каби лип этиб ёниб, ўчади. Унга атаб шеър битиш мумкин эмас. Боқий ҳаёт бор, ўзингизни тақдирингизни идрок этиш бор, у билан баҳсга киришиш бор, мана шулар илҳом беради. Бу “Баҳор келди гул баҳор” эмас. Ўзингизни онг остига тушишга интилиш бўлади. Онг остида ҳақиқий мен яшаётган бўлади. Уни идрок этиш ҳақиқий ижоддир.

– Эркинлик ҳақида...

– Ота бўлиш деган гап бор. Яъни, ота деганда кўчма маънони назарда тутяпман. Ҳақиқий одам психологик жиҳатдан мустақил бўлади. Ҳамма ҳам мустақил эмас. Бола она қорнида киндик орқали онадан озиқланади. Туғилиб вояга етгач, у кўзга кўринмаган психологик томир орқали ота-онасидан озиқланиб туради. Инсон мияси психологик жиҳатдан мустақил бўла олиши жуда мураккаб ҳодиса. Кўпинча одамлар ота-онаси орқасида соя бўлиб туради. Уларда мустақил фикр-юритиши камдан-кам учрайди. Икки дарахт ҳам ёнма-ён кўкара олмайди. Агар, кўкат ёлғиз бўлса, унга ҳар томонлама шамол тегиб турса, у ғоятда бақувват бўлиб униб ўсади. Дарахт шамолни, қуёшни кўриб уларга ёлғиз ўзи бардош бериб, ўсиб униши керак. Инсоннинг мустақил фикрли бўлиб вояга етиши шунчалар мураккаб.

Мен бир вақтлар ўзим яхши кўрган шоирларни китобидан воз кечганман. Чунки, шеър ёзсам, уларнинг ташбеҳи, образи, руҳига ўхшаш бўлиб қолаверарди. Шунда мен ўз изтиробим, ўз сўзимни айтишни истадим ва уларни мутолаа қилишдан четлашдим. Шоирларимизнинг кўплари психологик боғланган бўлади. Ўзининг оригинал, ҳеч кимникига ўхшамаган изтиробини айта оладиганлари камдан кам учрайди. Бу босқичма-босқич амалга ошади, у руҳан камолотга етиш билан боғлиқ. Мисол учун, маккажўхори экилганда деҳқонлар уни сувсаш вақтини кутади. Макка айни чанқаган вақтида барглари қовжирай бошлайди. Шунда у сув истаб, ерга чуқурроқ илдиз ота бошлайди. Сўнг у суғорилади. Агар, сувсаши билан суғорилса у чуқур илдиз отмайди ва ҳосили ҳам у қадар мўл бўлмайди. Яъни одамда ҳам машаққат чекилса, меваси яхши бўлади. Одам ҳам ёлғизлик, изтиробларини бошдан кечириб кейин, инсон бўлади. Шунда бу ҳақда қалам тебратса, ёзганлари ҳақиқатга яқин бўлади, уларда руҳ бўлади.


3 172
Анора Содиқова, ЎзА