ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Халқ хоҳиш-истаклари ифодаси

Халқ хоҳиш-истаклари ифодаси
Ялпи мажлисдан сўнг…

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган учинчи ялпи мажлисида сенаторлар ижтимоий ҳаётимизнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданияти, азалий қадриятлари ва она тилини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши лозим. Шу нуқтаи назардан, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосларидан бири ҳисобланади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгилаш ва уни юртимизда кенг нишонлаш мақсадга мувофиқ. Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқишнинг кучайишига хизмат қилади.

Шу ўринда ҳозирги кунларимиз учун ниҳоятда долзарб ҳисобланган масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни маъқулланди.

Эндиликда карантин ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ушбу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 2571-моддасига асосан эса санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 292-моддаси қуйидаги сўзлар билан тўлдирилди: “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида санитария ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан, тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ўталиши таъминланади. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари томонидан таъминланади”.

Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқоридаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар халқ хоҳиш-истагини ўзида мужассам этади ҳамда бугунги глобал муаммоларни мамлакат ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирларининг олдини олишга хизмат қилади. Зиммамизда ушбу қонунлар мазмун-моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдек масъулиятли вазифалар турибди.

Носирбек АБДУЛЛАХАНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

1 158