Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 15:48 Чоп этиш версияси

Халқ ишончига муносиб бўл, ўғлим!

Халқ ишончига муносиб бўл, ўғлим! Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ёшларни миллий армиямиз сафларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли миллий армиямиз юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, жисмонан ва маънан баркамол ҳарбийлар билан таъминлангани таъкидланди. 

5 (2).JPG 

Майдонда саф тортган ўктам аскарлар чеҳрасида Ватан ҳимоясидек шарафли ишга ҳисса қўшиш бахтига муяссарликдан мамнунлик уфуриб турибди.

– Гарчи Бухоро маданият коллежини тугатиб, вилоят мусиқали драма театрида ишлаётган бўлсам-да, ҳарбий бўлиш орзуси бир зум хаёлимни тарк этгани йўқ, – дейди Бухоро шаҳридан бўлажак аскар Рафиқ Икромов. – Бугун жуда бахтиёрман. Аммо бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Тарих, ўзбек тили, математика фанларидан ўтказилган тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик бўйича мусобақада яхши натижаларга эришганим боис, сараланганлар қаторидан ўрин олдим. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг, албатта, шу соҳада олий маълумот оламан ва профессионал ҳарбий бўламан. 

6 (3).JPG 

Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатгани уларнинг ота-оналари, оила аъзолари, яқинлари келган. Юзларида ҳаяжон, қалбларида қувонч.

– Эгнида ҳарбий либоси ярашиб турган ўктам йигитлар орасида набирам Мирфайз ҳам бор, – дейди 77 ёшли Мансур ота Қурбонов. – Унга ва тенгдошларига қараб, бундан салкам олтмиш йил илгари ўзимнинг армия сафига кетаётган кезларим эсимга тушди. Биласизми, ўшанда эгнимизга қишлик кийимларни кийиб олганча уч кун поезд келишини кутиб, Бухоро шаҳридаги корхоналарнинг бетон ётқизилган совуқ залида тунаганмиз. Қаерга хизматга кетаётганимизни сўрасак, борганда билиб оласан, деган қисқа жавобни эшитардик. Тузум шунақа эди-да. Ўз Ватанингга, ўз армиянгга нима етсин. Бугунги аскар йигитларга қайси вилоятда, қанақа ҳарбий қисмда хизмат қилиши маълум. Уларга ҳавасим келади.

Хайрлашув ниҳоясига етди. Муддатли ҳарбий хизматга кузатиш ҳам байрам. Шунга монанд дастурхон тузалди, ош тортилди. Маросимда муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитларга вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.

– Йўлинг ойдин бўлсин! Президентимиз, халқимиз ишончига муносиб бўл, болам! – деди ўғилларини кузатган оналар.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров,Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
10 804