Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 19:24 Чоп этиш версияси

Халқ ҳимоячиси номига муносибмисиз?

Тун ярмидан оққанда маҳалла кўчаларини бирма-бир кўздан кечираётган одам кузнинг совуқ эпкинига эътибор ҳам бермас, қадамлари шахдам эди. Навбатдаги кўчага кираверишда у хизмат либосидаги лейтенант билан учрашиб қолди. Улар вазият ҳақида қисқача субҳатлашгач, яна ўз йўлларида давом этди...

Бу пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Янги нур маҳалласида ҳар тун содир бўладиган воқеа. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Авазов ва профилактика инспектори Рустам Қодиров кун давомида фаоллар билан ҳамкорликда аҳоли билан олиб борилган ишларга қаноатланмасдан тунги вақтда ҳам ҳар бир хонадон, ҳар бир иншоотни кўздан кечирмагунча кўнгли жойига тушмайди.

Ҳамжиҳатлик, ҳушёрлик каби аждодлардан мерос анъаналарга ҳурмат ва садоқат сақланиб келинаётгани, давлатимиз томонидан қўйилаётган вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланаётгани боис бу маҳаллада кейинги ўн беш йилда бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Маънавий-ахлоқий ишларнинг юксак даражада ташкил этилаётгани туфайли аҳоли орасида ножўя қилмишлар деярли йўқ. Ободлик, ўзаро меҳр-оқибатни ҳам шу маҳалла аҳлидан ўрганса арзийди. Маҳалла номига мос, ундан гўёки нур таралаётгандек... Ҳа, бу ҳақиқий ўзбекона маҳалла институтининг ёрқин тимсоли!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллаларни ривожлантиришга, профилактика хизматининг самарадорлигини оширишга қаратаётган эътибори замирида халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Шу йўлда мазкур тизимларда туб ислоҳотлар амалга оширилаётир.

Хўш, ислоҳотлар ҳамма жойда ҳам бирдек самара беряптими? Мутасаддилар қўйилаётган вазифаларни чуқур англаб, уларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаяптими?

Энди бошқа маҳаллага юзланамиз. Бу ерда кеча ўғрилик содир бўлган, бугун жанжал, яна ажралиш... Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари содир бўлган нохушликлар оқибати билан курашиш билан банд. Бу маҳалланинг номини тилга олиш ҳам малол келади. Жорий йил мавжуд 9 мингга яқин маҳалладан бор-йўғи 1 минг 243 маҳаллада жиноят содир бўлмаган, холос.

Ҳолбуки, бундай масалаларни изга солиш учун масъул қилиб қўйилган шахсларда етарлича фидойилик бўлганда, одамлар қалбига кириб, уларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш учун чинакамига тер тўкишганида жиноятлар камайган, аҳолининг лоқайдлиги ариган, дахлдорлик туйғуси кучайган бўларди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айнан шу масалаларга яна эътибор қаратилди.

Жорий йилда учинчи марта ўтказилган бундай видеоселектор масаланинг қанчалик долзарблигини англатади. Энг муҳим мақсад эса аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамият муҳитини соғломлаштиришдир.

Президентимиз ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Бу борада ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Бундай эзгу ғояни амалга оширишда нафақат ҳуқуқ-тартибот, балки жамоат ташкилотлари зиммасига ғоят улкан масъулият юкланади. Қачонки улар иш кабинетларини тарк этиб, ҳар бир хонадонга кириб борса, жўяли таклиф ва ташаббуслари билан одамларни ўзига эргаштирсагина улар таъбир жоиз бўлса уйғонади. Ҳозир эса кўпчилик маҳалла фаоллари одатда маҳалла идорасига келган фуқаролар билан мулоқот қилиш, уларга маълумотнома ёзиб бериш билангина чекланиб қолаётгани таассуфланарлидир.

Президентимиз яқинда бўлиб ўтган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида профилактика инспекторлари, маҳалла вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётгани ҳам жиноятларнинг олдини олиш самарасини пасайтираётганини қайд этган эди.

Бошқа ҳудудлар ҳам бундай камчиликлардан ҳоли эмас. Пайшанба – профилактика куни муносабати билан пойтахтимизнинг Миробод туманида бўлиб ўтган тадбирлардан бирида қатнашганимизда муҳокамада масалага алоқаси бўлган одамлар қолиб, ўқитувчилар иштирок этганига гувоҳ бўлгандик. Шунда улардан бири тадбир қизиқарли ёки ибратли бўлишидан қатъи назар, ундан кўзланган мақсадга эришилмаслигини билдирганди. Ҳақиқатан, тадбирга кўпроқ жамиятга қўшилмайдиган, қонун-қоидаларга беписанд қарайдиган, турли қалтис ҳаракатлари билан ҳисобда турадиган шахслар, ёшлар кўпроқ жалб этилса, улар бу ерда айтилган мулоҳазаларни ўз қулоғи билан эшитса, яхши сабоқ, яхши натижа бўлиши тайин. Ана шундай қусурлар, номига тадбир ўтказишга интилиш эса профилактик тадбирлар самарадорлиги етарли даражада таъминланмаслигига олиб келаётгани сир эмас.

Давлатимиз раҳбари бундай ҳолатларга аксарият маҳаллаларда муҳокамалар номига, фақат ҳисобот учун ташкил этилган, дея баҳо берди. Бу борада маҳалла раислари, профилактика инспекторлари қаёққа қараяпти, деган савол туғилади.

Зеро, қаерда маҳалла муҳити соғлом, ободлик ва тараққиёт бўлаётган бўлса, ўша ерда халқни ҳамжиҳатликка чорлаб турган, уларнинг бошини қовуштираётган тизим ишлаётган бўлади.

– Муваффақиятимизнинг сабаби бирдамлигимизда, – дейди Яшнобод туманидаги “Янги нур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Авазов. – Давлатимиз раҳбари томонидан янги намунадаги маҳалла идорасини қуриш бўйича қўйилган топшириқни ҳам биз ҳашар йўли билан амалга оширяпмиз.

Бир оилада муаммо пайдо бўлиб қолса, бутун маҳалла аҳли ёрдамга шошади. Кўчалари обод бу маҳаллага йўлингиз тушса, у ерда қандай ораста одамлар яшашидан ўша равон йўлларнинг ўзи сўзлайди. Қаерда ҳамжиҳатлик бўлса, ўша ерда файзу баракот бўлади, деган нақлнинг нечоғли ҳақиқатлигини бу гўша тимсолида кўриш мумкин.

Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш учун бугун барча имкониятлар яратилган. Бундан унумли фойдаланаётганлар юқоридаги каби юксак натижаларга эришмоқда.

– Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида жуда катта ислоҳот ва ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов. – Аҳоли билан бевосита иш олиб борувчи профилактика хизмати такомиллаштирилиб, уларнинг халқ ичига чуқурроқ кириши учун зарур имкониятлар таъминланиб, ишлаш ва яшаш учун қулай шароитлар яратилмоқда. Айни пайтда 6,6 мингдан ортиқ профилактика инспектори фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 2 мингга яқинига тантанали равишда уй-жойлар ва имтиёзли автотранспорт воситалари топширилди. Улар буни юртимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишга оид қасамёди асосида қабул қилиб олди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Ходимларимиз энди фақат фидойилик билан хизмат қилиб, қўйилаётган талабларни бажариш йўлида куч ва салоҳиятини ишга солмоқда.

Дарҳақиқат, халқнинг тинч ва хотиржам ҳаёти учун масъул бўлган ички ишлар органлари ходимларидан касбга садоқат, фидойилик талаб этилмоқда. Бундай юксак инсоний фазилатлар, албатта, ҳар жиҳатдан етук, маънан баркамол ходимлардагина бўлиши сир эмас. Шу жиҳатдан соҳада ходимларнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай айрим ички ишлар ходимларининг қўпол муомала қилиши, вақтида ёрдамга етиб келмаслиги, таъмагирлиги, жиноятларни хаспўшлаши ҳолатлари учраб турибди. Яқинда тўрт ёшли қизчасини аёвсиз калтаклаб, таҳқирлаган одам ҳақида ҳамма эшитди. Унинг қилмишидан кўпчиликнинг қалби ларзага келди. Халқимизга ёт бўлган бундай тубанликни амалга оширган шахс собиқ ички ишлар ходими бўлгани ҳам соҳада инсоний қиёфасини йўқотган, такаббурликка берилганлар учраши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини кўрсатди. Яхшиямки, у ана шундай қусурлари учун соҳадан четлатилган. Бўлмаса ўз фарзандини аямаган қанча одамлар бошига не кўргуликларни соларди.

Жорий йилда зиммасидаги вазифаларни бажармаган, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этмаган ходимлар ишдан бўшатилгани ҳам соҳанинг тобора тозаланиб, том маънода халқчил тизимга айланиб бораётганини кўрсатади.

Соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилиш орқали уларнинг ишончини оқлаш ва жамоатчилик кучидан кўпроқ фойдаланилиши натижасида жиноятларнинг камайишига эришилди. Хусусан, шу йилнинг 10 ойи мобайнида умумий турдаги жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 минг 698 тага (14 фоиз) камайишига, 7 мингдан зиёд қидирувдаги шахсларнинг ушланишига эришилди. Шунингдек, аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга камайди.

Маҳаллаларда уйма-уй юриб аҳоли дардини тинглаш натижасида 22 минг 370 оиланинг нотинчлигига барҳам берилди. 11 минг 345 ёш оила ажралиб кетишининг олди олинди. Посбонларнинг фаол ёрдамида 4,5 мингга яқин жиноятнинг фош этилишига эришилди.

Пайшанба кунлари ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллаларда 37,7 минг маротаба жиноятлар муҳокамалари ўтказилди. Шунингдек, жиноят содир этган шахсларнинг қилмишларига жамоатчиликда муросасизлик туйғуларини уйғотиш мақсадида маҳаллаларда 5 мингдан ортиқ сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ички ишлар органлари тезкор-хизмат фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганини инкор қилиб бўлмайди. Мулкий турдаги жиноятлар, хусусан, ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш ва фирибгарлик жиноятларининг содир этилиши камаймаяпти. Шунинг учун, ушбу жиноятларнинг салмоғини кескин пасайтириш мақсадида мулкдорларга ўғирлик, фирибгарлик жиноятларининг салбий оқибатлари тушунтирилиб, уларни огоҳликка чақириш чоралари кўрилмоқда.

Айрим жиноятлар эр-хотин, қайнона-келин, қайнота-куёв каби қариндошлар, қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар замирида содир этилмоқда. Шу боисдан ҳам маҳалла раислари ва профилактика инспекторларининг ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ушбу йўналишга фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик тузилмаларини кенг жалб этиш, ҳар бир оила билан манзилли ишларни ташкил этиш, нотинч оилаларнинг рўйхатини шакллантириш ва уларнинг муаммоларини аниқлаб, кўмак бериш муҳим аҳамият касб этади. Амалга оширилаётган бу каби ишларни изчил давом эттириш, тизим олдига қўйилаётган вазифалар ижросини таъминлаш ишлари давом этади.

Президентимизнинг одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак, деган эзгу мақсади ва талабини соҳа ходимлари нафақат қалбига жо айлаши, балки амалда буни исботлаши шарт. Зеро, бу одамларнинг адолатга, давлатга бўлган ишончи ортишининг муҳим шартларидандир.

Норгул Абдураимова, ЎзА
6 903






Все о погоде - Pogoda.uz