ЎзА Ўзбек

31.08.2018 21:53 Чоп этиш версияси

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди

Мустақиллик – улуғ неъмат. Зеро, у барча халқларни жаҳон ҳамжамиятида тенглар ичра тенг, ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиш бахтига муяссар қиладиган энг азиз байрам.

1991 йил 31 август – мамлакатимиз ана шундай тарихий ютуққа эришган буюк сана. Аждодларимизнинг асрий орзуси ушалган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган бу кунни халқимиз ҳар йили катта шодиёна билан нишонлайди.

Мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди.

Шу маънода, мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июндаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига катта тайёргарлик кўрилди. 

9.JPG

Асосий тантаналар 31 август куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар ходимлари, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Саройга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.

Давлатимиз раҳбари минбарга таклиф этилди. Президентимиз мустақиллигимизнинг йигирма етти йиллиги билан халқимизни муборакбод этиб, нутқ сўзлади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди. Тантана аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мустақиллик қўшиғига жўр бўлади. Оҳанг оғушида Ватан манзаралари, истиқлол тарихи тасаввурда гавдаланади.

Бугун юртдошларимиз тилида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган сўзлар янграб, қалблардан қалбларга кўчмоқда.

Одатда, киши туғилган куни ёки байрамларда яшаган умри, амалга оширган ва улгурмаган ишлари, эришган ютуқларини сарҳисоб қилади. Хўш, охирги бир йилда мамлакатимизда қандай ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, юртдошларимиз ҳаётида нималар ўзгарди, юртимиз иқтисодиёти нечоғли юксалди?

Давлатимиз раҳбари юритаётган оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда. “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”, деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарадорлигини юксалтириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бошқарув органлари фаолияти такомиллаштирилди, кўплаб вазирлик ва идоралар қайта ташкил этилди, янги ташкилотлар тузилди.

Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар халқимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

“Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган олижаноб тамойилларга мувофиқ, халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали тизими йўлга қўйилди. Бунда аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқот ўтказилаётгани мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

24.JPG

Мамлакатимизда 2018 йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Бу борада қабул қилинган Давлат дастурида 11 триллион 200 миллиард сўм ва 1 миллиард 300 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур ижросини таъминлаш учун кенг кўламли изчил ишлар олиб борилмоқда.

Кўрилаётган ана шундай тизимли чора-тадбирлар иқтисодиётимиз ва ижтимоий ҳаётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётир. Биргина саноат соҳасини жадал тараққий эттириш мақсадида эркин иқтисодий зона ва кичик саноат ҳудудлари ташкил этилди. Мазкур зоналарда юзлаб лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида илгари катта миқдордаги валюта эвазига четдан импорт қилинган кўплаб маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Қишлоқ хўжалигида замонавий, истиқболли тармоқларга асос солиш, кластер тизимини йўлга қўйиш, фермер хўжаликларининг натижадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш муҳим вазифалардан биридир. Бу борада ҳам амалий қараш ва ёндашувлар ўзгарди. Одамларнинг меҳнатга иштиёқи ошиб, бизнес билан шуғулланиш истагида бўлганлар сафи кенгайди. Ҳар бир оилада тадбиркорлик муҳити шакллана бошлади.

Кейинги икки йилда мамлакатимиз бўйича 700 мингдан ортиқ киши иш билан таъминлангани, уларнинг асосий қисми тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Маълумотларга қараганда, малакатимизда аҳолининг реал умумий даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ўсган. Бу тадбиркорлик, оилавий бизнес, хизмат кўрсатиш, томорқа хўжаликларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Айни пайтда амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳоли ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Янги олий ўқув юртлари, хориждаги нуфузли университетларнинг филиаллари ташкил этилаётгани, қабул квоталари оширилгани, кўпгина йўналишлар бўйича сиртқи бўлимлар очилгани шулар жумласидандир. 

14.JPG

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил давом эттириш мақсадида қабул қилинган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури ҳам ўғил-қизлар учун имкониятларни янада кенгайтирди. Ушбу дастур ижроси учун 786 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бунинг натижасида 100 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Дастур доирасида 46 та туман ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ёшлар меҳнат гузари” ва “Ёш тадбиркорлар” маркази барпо этилмоқда.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” тамойиллари ва “Жиноятчиликка қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” шиори остида олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда.

Халқимиз бугунги ислоҳотлар самарасини ўз ҳаёти мисолида ҳис этаётир. Замонавий уй-жой ва истеъмол товарларга эга бўлиш билан бирга, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби ҳаётий эҳтиёж учун ҳам шароит ва имкониятлар кенгаймоқда.

Аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирди. Одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгариб, қишлоқда турмуш маданияти ошаётир. Мазкур дастурлар доирасида 416 та қишлоқ ва 105 та маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.

Одамларнинг замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжи асосида 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 8 минг 121 оилага мўлжалланган 191 та арзон, кўп қаватли уй-жой барпо этилган. Бу эзгу ташаббус жорий йилда ҳам давом эттирилиб, шу кунларда яна 335 та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилмоқда. Юртимиз бўйича 13 минг 900 дан ортиқ оила янги хонадонларга кўчиб киради. Бу 2017 йилга нисбатан 2 баробар кўпдир.

Кейинги бир ярим йилда янгиланган лойиҳалар асосида қишлоқ аҳолиси учун 38 минг 543 та шинам уй-жой қурилди. 40 минг оила янги хонадонга кўчиб ўтди. Жорий йилда яна 35 минг оилага мўлжалланган 27 минг 500 га яқин ана шундай уйлар барпо этилмоқда. Кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонларнинг талаб ва эҳтиёжи ҳам доимий эътиборда. Буни кейинги икки йилда 1000 нафардан ортиқ шу тоифага мансуб юртдошимиз уй-жой билан таъминланганида ҳам яққол кўриш мумкин. 

37.JPG

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ғоя асосида аҳолига кенг имкониятлар бериш, унинг реал даромадларини кўпайтириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти, айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларимиз янада яхшиланди. Президентимизнинг илк ташрифлари қўшни давлатларга бўлди. Ўзаро рақобат эмас, ҳамкорлик қилиш тамойили иқтисодий имкониятларни кенгайтирди, минтақавий хавфсизлик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлади.

Халқаро экспертлар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсатни юқори баҳолаб, мамлакатимизнинг тинчликпарвар, прагматик ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва дўстликнинг тикланиши муҳим воқеа эканини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар билан алоқаларни янги босқичда давом эттирмоқда. Буни Президентимизнинг жорий йилда Тожикистон, Қозоғистон, Америка Қўшма Штатлари, Хитой ва Туркманистонга ташриф билан боргани, Туркия, Туркманистон ва Тожикистон давлатлари Президентлари Ўзбекистонга ташриф билан келгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу жиҳатлар байрам томошасида турли тилларда янграган қўшиқлар, миллий-этнографик гуруҳларнинг чиқишларида яққол намоён бўлди.

Байрам дастури ҳар қачонгидан ўзгача бўлди. Куй-қўшиқлар шеърлар билан уйғунлашиб кетди. Ватан, мустақиллик ва мардлик тараннум этилган қўшиқлар, айниқса, болажонларнинг чиқиши барчага кўтаринки кайфият улашди. Ҳарбийларимизнинг мардонавор овози дилларга кўчди. Жаҳон мумтоз мусиқалари завқ бағишлади. Тантанали маросим санъаткорлар жўрлигидаги “Ўзингдан қўймасин, халқим!” қўшиғи билан ниҳоясига етди.

Байрам тадбирлари мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида давом этмоқда.

Алоуддин Ғаффоров, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
5 073