ЎзА Ўзбек

23.12.2016 17:26 Чоп этиш версияси

Халқимизга тинчлик ва омонлик керак

Халқимизга тинчлик ва омонлик керак Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимизга тинчлик ва омонлик кераклигини таъкидлаш билан бирга, буни амалда таъминлаш йўлида жаҳон аҳли эътирофига сазовор бўлган буюк ишларни амалга оширди.

Халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига замин бўлган бу ўлмас ғоя бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шиддат билан ўзгариб, тобора кескинлашиб бораётган дунёда, турли мамлакатларда рўй бераётган воқеалар барчамиздан доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни талаб қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ёшларнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, улар турли зарарли йўлларга кириб кетишининг олдини олиш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида фуқароларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг турли зарарли оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш каби масалаларга бағишлаб ўтказилган ўқув-семинарда шулар ҳақида гап борди. Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, “Оила” илмий-амалий маркази, Тошкент ислом институти, Ўзбекистон Миллий университети вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларида ташкил этилган “Тарғибот-огоҳлантирув” марказлари ходимлари иштирок этди.

Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси бошлиғи Алишер Эргашев ва бошқалар мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришига мустаҳкам замин яратганини таъкидлади. Аҳоли маънавиятини юксалтириш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида қилинаётган эзгу ишлар юртимизнинг порлоқ истиқболи учун хизмат қилаётир.

Ички ишлар идоралари ходимлари ҳам бу борада маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. 2016 йил 16 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни билан соҳа ходимлари масъулияти янада ошди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси томонидан ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан якка тартибдаги профилактик ишларни ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, айниқса, ёшларни турли диний экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида қатор профилактик-огоҳлантирув тадбирлари мунтазам давом эттирилмоқда. Фуқаролар турли диний экстремистик ташкилотларига аъзо бўлишининг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар бўлимида ташкил этилган Тарғибот-огоҳлантирув маркази ўзининг ижобий самарасини бераётир. Бу тажрибани оммалаштириш мақсадида шундай марказлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилди ва самарали фаолият юритмоқда.

Семинарда Тарғибот-огоҳлантирув марказларида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Норгул Абдураимова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
4 974