Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўплаб долзарб масалалар, жумладан, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш бўйича ишлар муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгиланган эди. Тадбирда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” эълон қилинди. Йиғилишда илгари сурилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш сессиянинг муҳокама мавзусига айланди.

Видеоселектор тарзида ташкил этилган сессияда вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши, тижорат банкларининг вилоят филиаллари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар мутасаддилари иштирок этди.

Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев бошқарган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг самаралари ҳақида тўхталди. Олдимизда мамлакат эҳтиёжини таъминлабгина қолмай, деҳқончилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш бўйича катта вазифалар турибди. Табиийки, ҳосилнинг баракали бўлиши, моддий ресурслардан, айниқса, сув тақчиллиги юз бераётган бу йилги шароитда, об-ҳаётдан тежаб фойдаланишни талаб этади.

Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи О.Қодиров, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Р.Норов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси А.Нозимов ўз чиқишларида вилоятда бу борадаги аҳволни таҳлил этиб, ечимини кутиб турган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Вилоятдаги сувга бўлган эҳтиёжнинг 80 фоизи қўшни мамлакатлар яъни трансчегаравий дарёлар орқали таъминланади. Бу йил тоғларда ёғингарчилик кам бўлгани ва бошқа сабабларга кўра, сув таъминоти эҳтиёж даражасида бўлмаслиги кутилмоқда. Жумладан, вилоятда таъминот 25 фоизга кам бўлади. Шуни ҳисобга олиб, сувдан ҳар қачонгидан тежаб-тергаб фойдаланиш чоралари ишлаб чиқилди. Унда ғўза қатор ораларига қўшимча ишлов бериш, пайкалларни шарбат оқизиш усулини қўллаган ҳолда суғориш оралиғини узайтириш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, яъни қўшимча тарзда суғориш тармоқларини тозалаш ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳисобига, сувдан фойдаланиш коэффициентини ошириш муҳимдир, деб таъкидланди сессияда.

Бугунги кунда сувни тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишларини ташкил этиш зарур. Бунда Бухоро, Ромитан, Когон туманларида ташкил этилган жами 470 гектар интенсив боғ ва узумзорларни томчилатиб суғориш ҳамда 800 гектар майдонда полиз, сабзавот экинларини эгатларга плёнка тўшаб суғориш технологияси жорий этилди. Шунингдек, катта майдонлардаги экинларни эгилувчан қувурлар билан суғоришга тайёргарлик кўрилди.

Сессияда қўшимча агротехник тадбирларнинг қўлланилиши ҳисобидан вилоятда жами 270 миллион куб метр, шунингдек, зовур сувларидан фойдаланиш, тежамкор технологиялар ва бошқа чоралар эвазига 330 миллион куб метр сув тежалиши қайд этилди. Бу эса сув танқислиги муаммосини тўла бартараф этиш имконини беради.

Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 626