ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Халқ билан ёнма-ён депутатлар

Халқ билан ёнма-ён депутатлар
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ карантин эълон қилиниши биланоқ ЎзЛиДеПдан маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайланган бухоролик маслакдошларимиздан аксарияти аҳоли яшаш жойларига, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва корхона –ташкилотларга ошиқдилар.

Ягона мақсад – аҳолида эртанги кунга умид туйғуларини мустаҳкамлаш, хавфли инфекциянинг олдини олиш ва унинг тарқалиб кетишига йўл қўймасликка оид тегишли тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришдан иборатдир.

Жумладан, Бухоро шаҳридаги “Чорбахоса” сайлов округидан маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайланган Ҳалимжон Сафаров ғайрат–шижоати билан ҳудуддаги Мушфиқи, Чорбахоса МФЙ ларидаги хонадонларда истиқомат қилувчи кишилар учун 500 дан зиёд тиббий ниқоблар бепул тарқатилганлиги, сайлов округи ҳудудидаги Марказий деҳқон бозори, транспорт воситалари тўхташ жойларида турли ёшдаги кишиларга ҳам ана шундай беғараз ҳиммат кўрсатилганлигини алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Жами 1000 тага яқин ниқоб депутат томонидан шу куни аҳолига бепул тарқатилди.

Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг фаол депутатларидан яна бири Матлуба Бадриддинова Бухородаги Болалар уйи тарбияланувчилари ва педагогик жамоаси манфаатларини кўзлаган ҳолда коронавируснинг олдини олишда қўлланиладиган бир қатор тиббий воситаларни ушбу таълим–тарбия маскани ихтиёрига топширди.

Бухоро ва Навоий вилоятларидан ушбу Болалар уйига келтирилган, 7 ёшгача бўлган ўғил-қизлар бу ерда меҳр ардоғида тарбияланмоқдалар. Тарбияланувчилар соғлиғининг муҳофазаси қатор ҳомий ташкилотлар, жумладан ЎзЛиДеП фаоллари ва депутатларининг доимий эътиборида. Шу куни карантин режимига қатъий амал қилинаётган болаларга 700 тадан зиёд бепул спиртли қоғоз сочиқ ( салфетка) лар, алоҳида суюлтирилган совун (спрей) лар, антисептик воситалар топширилди.

Шаҳардаги Шергирон ва Жўбор МФЙ лари ахолиси ҳам бундай эътибордан четда қолишгани йўқ. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Дилбар Ахмедова ушбу ҳудудлардаги кам таъминланган оилалардан 7 тасига кўплаб озиқ-овқат махсулотлари ва тиббий ниқобларни етказиб берди.

Халқ депутатлари Когон шаҳар кенгаши депутати Камран Бабаев яқинда шаҳардаги Халқлар Дўстлиги кўчасида яшовчи оилаларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганганди. Эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилганди. Бундан ташқари, у “Миллион дарахт экиш” акцияси доирасида Когон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига ўз ҳисобидан 300 туп манзарали дарахтлар кўчатлари олиб бердиб, уларни ўтқазиш ишларида ҳам фаол иштирок этганди.

Тиниб-тинчимаган, жонкуяр депутат бу гал Дўстлик МФЙдаги Тинчлик, Ёшлик, Нафосат кўчалари ҳудудида истиқомат қилувчи 15 та оилавий шароити оғир оилалар ҳолидан хабар олди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди. Депутат маҳалла фаоллари, Қизил ярим ой жамияти аъзолари билан бирга аҳоли муаммоларини ҳам ўрганди. Дўстлик маҳалласидаги кўп қаватли уйлар олдидаги маиший чиқиндилар уюмини йўқотиш шу ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларни қийнаб келаётгани маълум бўлди. Депутат бу мурожаатни жойида ҳал қилди. Маиший чиқиндилар “тоғ”ини йўқотиш учун тегишли ташкилот билан боғланиб, махсус автомашина келтириб, ахлат уюмларини йўқотди, маҳалла аҳлини хурсанд қилди.

Бундай беғараз ва кўпчиликка ўрнак бўларли даражадаги ва бугунги кундаги ўта муҳим тадбирлар вилоятнинг бошқа бир қатор шаҳар ва туманларида ҳам ЎзЛиДеП фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан изчил давом эттирилмоқда.

4 594
Зариф Комилов, ЎзА