Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 17:04 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида адлия идоралари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Конституциямизнинг 2-моддасида қайд этилганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Ушбу қомусий тамойиллар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мукаммал равишда рўёбга чиқарилмоқда. Бу борада мамлакатимиз адлия идоралари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов билан суҳбати шу ҳақда бўлди.

– Бош қомусимизда биринчи ўринда инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ва ундан кейин давлат органлари ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз аксини топган, – дейди Р.Давлетов. – Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши давлат органларининг халқимиз олдида масъуллигидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида ҳам айнан шу маъно мужассамланган. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳаракати, фикр ва мулоҳазалари, айниқса “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган сўзлари, Конституциямизнинг 2-моддасидаги қоиданинг ёрқин амалий ифодасидир.

Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилиниб, амалга оширилаётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури орқали мазкур конституциявий нормалар ўзининг янги сифат ва самара босқичига кўтарилганини бугунги кунда бутун дунё тан оляпти.

Халқ билан мулоқотнинг янги концепцияси эълон қилиниши, Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши, уни бошқариш учун яхлит вертикал тизимнинг жорий этилиши, шунингдек, фуқароларининг дунёқарашини бутунлай ўзгартирган муваффақиятли фаолияти, буларнинг барчаси шундай катта аҳамиятга эга бўлдики, кўплаб олимлар ва экпертлар мазкур янги феномен соҳадаги назарий асосларни қайта кўриб чиқишни тақозо қилаётганини таъкидламоқда.

Мамлакатимизда сўнгги бир йилда олиб борилган самимий ва очиқ мулоқот, оммавий ахборот воситаларининг фаоллашиши, информацион соҳанинг шиддатли ривожи жамиятни батамом ўзгартирди. Бу одамларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки, фуқаролик фаоллигининг ошганлигида яққол намоён бўлмоқда.

Адлия органлари ўз навбатида давлат институтининг бир бўлаги сифатида юкланган вазифаларни бажаришда конституциявий тамойилларга таянган ҳолда фуқароларнинг талаби, келажакда кутаётган умидлари ва истакларидан келиб чиқиб ўзининг саъй-ҳаракатларини инсон манфаатларини тўла таъминлашга йўналтирмоқда.

Адлия вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш изчил йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида адлия идораларига бу йўналишда 3,2 мингга яқин жисмоний ва юридик шахс мурожаат қилди. Уларнинг аксарияти қаноатлантирилиб, мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Фуқаролар манфаатларини кўзлаб судларга 440 даъво аризаси ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 180 маъмурий ва 11 жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди.

Ўтказилган мониторинг ва назорат тадбирлари давомида тегишли идораларга киритилган тақдимнома ва огоҳномалар натижасида 46 ноқонуний ҳужжат ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди. 527 мансабдор шахс тегишли интизомий жазога тортилди. Шулардан 84 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Бунда асосий эътибор фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклашгина эмас, балки уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилмоқда.

Халқ билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Фуқароларнинг ҳаётий муаммоларини, яъни яқин қариндошлари ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Меҳнат кодексининг 78-моддасига шахсни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишни тақиқловчи норма белгилаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу эса, ватанпарвар, ташаббускор, билимли, интилувчан фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш каби конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.

– Аҳолининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари, нотариат ва адвокатурага кундалик турмушда кўпроқ иши тушади. Бу тизимларда одамларга қулайлик яратиш, манфаатларини таъминлаш қай даражада?

– Мазкур йўналишлар адлия органларининг бевосита фуқароларга хизмат кўрсатадиган соҳаларидир. Ҳозирда улардаги хизмат кўрсатиш сифати ва ҳолати, албатта, бизни ҳам, халқимизни ҳам қониқтирмайди. Шунинг учун бу соҳаларни янада такомиллаштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Фуқароларимиз ушбу идораларга борганида навбат кутиб қолмаслиги, уларга тез ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарияти томонидан қатъий вазифалар қўйилган.

Айни пайтда тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда туғилганлик, никоҳ ҳақида, никоҳдан ажралганлик ва бошқа далолатнома ёзувларини электрон шаклда тўлдириш жорий этилди. Бу эса фуқароларнинг тез жавоб олишини таъминлаш билан бирга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга кетадиган вақт сарфини қисқартирди. Масалан, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини қайд этиш учун кетадиган вақт ўртача 7 дақиқагача қисқарди ҳамда далолатнома ёзувини тўлдиришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олди олинишига эришилди.

“ФҲДЁ ягона электрон архиви” дастурий таъминотига қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари киритилиб, ягона база шакллантирилмоқда. Мазкур дастур келгусида тегишли манфаатдор ташкилотлар билан интеграция қилинади. Жумладан, Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари электрон базалари билан маълумотларни электрон шаклда алмашиш фуқаролар ва ФҲДЁ органлари томонидан сарфланган вақтнинг тежалиши ҳамда ҳужжатларни расмийлаштиришда турли хил тафовутларга йўл қўйилишининг олди олинади.

Ҳозирги кунда далолатнома ёзувларини қайд этиш билан боғлиқ давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизматлар тўловларини биллинг системаси орқали амалга ошириш, фуқаролар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали ФҲДЁ органларига мурожаат қилиши, ФҲДЁ органи мудири қабулига онлайн ёзилиши механизми яратилмоқда. Мазкур масалалар бўйича манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ва мавжуд электрон дастурлар бўйича интеграция ишлари амалга оширилаётир.

Кейинги уч йилда мамлакатимиз бўйича 36 янги ФҲДЁ органи биноси қурилди, 23 бино капитал таъмирланди. Ушбу биноларнинг қурилиши миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида уйғунлаштиргани билан давр талабларига тўлиқ жавоб беради.

Нотариат институтига тўхталадиган бўлсак, нотариуслар фақат низосиз бўлган фактларни тасдиқлайди. Чунки, нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда тарафлар нотариусга ўз хоҳиш-иродаларига кўра ҳамда битимларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва белгиланган тўловларни тўлаган ҳолда мурожаат этади.

Ҳозир мамлакатимизда 541 давлат нотариал идорасида 749 нафар нотариус фаолият кўрсатмоқда. Нотариусларга бўлган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2013-2014 йилларда 4,5 миллион, 2015-2016 йилларда 5 миллион, 2017 йилнинг 6 ойи давомида 3 миллиондан зиёд нотариал ҳаракатлар амалга оширилган.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан нотариат идораларининг келажаги, уларнинг 5 йил, 10-15 йилдан кейинги истиқболларини таҳлил қилган ҳолда, бошқа ривожланган давлатларнинг тажрибаси, уларнинг ютуқлари ва камчиликлари ўрганилиб, бу соҳада халқимизни қийнаётган муаммолар ва йўл қўйилаётган қонунбузилишларнинг олдини олувчи, нотариат идораларининг муаммони судгача ҳал этувчи институт сифатидаги мавқеини ошириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга кўра, нотариусларнинг ўз касб мажбуриятларини лозим даражада бажаришига шароит яратиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби жорий этилди. Унга асосан, жисмоний ва юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб, телефон ёки интернет орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус қабулига ёзилиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги қарорига асосан, нотариат идоралари томонидан кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда маълумотлар олишнинг янги тартиби “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиб, 2017 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида ишга туширилди. Бу тартиб Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади.

Натижада солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергия бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилди. Бунинг ўрнига эса ушбу маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиш имконияти яратилди.

Нотариат соҳасидаги ислоҳотлар нотариал ҳаракатларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, нотариусларнинг эса уларга мурожаат этган шахслар олдидаги мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришига хизмат қилмоқда.

Адлия идорасига келган ҳар бир фуқаро бу маскандан рози бўлиб кетиши биз учун жуда муҳимдир.

Адвокатурага келсак, 2017 йилнинг 1 июль ҳолатига адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчилар сони 4,2 минг нафардан ошди. Ушбу даврда адвокатлар ҳамда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 95 мингга яқин битим ҳамда шартнома тузилган. Адвокатларимиз ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш бўйича барча имкониятлардан фойдаланмоқда.

– Тадбиркорлик соҳаси мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутаётган бўғин бўлиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга Конституциямизда ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Адлия идораларига бу борада қўйилган масъулият ижроси амалда қандай таъминланмоқда?

– Конституцияда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши кафолатланган.

Тадбиркорлик субъектлари самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан 20 дан ортиқ таклиф киритилди.

Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли ҳамда мобиль версияси амалиётга жорий этилгани назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва тезкорлик билан бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судларга 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш мақсадида 444 даъво аризаси киритилди. Идора ва ташкилотларнинг 300 ноқонуний қарори бекор қилинди. 280 дан ортиқ шахс маъмурий, 780 дан ортиқ шахс эса интизомий жавобгарликка тортилди.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратсак: “Samarqand England Eco-Medical” қўшма корхонасининг мавжуд имтиёздан фойдалана олмаганига оид мурожаати кўриб чиқилди. Корхона Корея Республикасидан гранулали полипропилен хомашёсини импорт қилган. Бироқ унга бу жараёнда божхоначилар томонидан имтиёз қўлланилмаган. Самарқанд вилояти божхона бошқармасидан қўшимча қиймат солиғи сифатида ундирилган 154 миллион сўмни қўшма корхонага қайтариш юзасидан судга даъво аризаси киритилди. Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ноқонуний ундирилган маблағ тадбиркорлик субъектига қайтарилди.

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича фаолият юритаётган “ягона дарча” марказларида 33 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилди. Эндиликда интернет тармоғи орқали 24 соат давомида 30 дақиқа ичида ушбу тизим орқали тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш мумкин.

“Ягона дарча” марказлари орқали ўтган даврда юз мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди. Автоматлаштирилган тизим орқали 120 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Амалий ишлар натижасига кўра, мамлакатимиз Жаҳон банкининг “Doing Business – 2018” қулай бизнес муҳитини яратиш рейтингининг корхоналарни рўйхатдан ўтказишда 11-ўринни эгаллаб, етакчи давлатлар гуруҳига киритилди.

– Қонунийликни таъминлаш ва мустаҳкамлашда юридик хизматнинг ролини ошириш, қонун ҳужжатларининг аҳолига ўз вақтида етиб боришини таъминлаш ҳам долзарб масалага айланди. Шу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Президентимиз томонидан адлия тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратиляпти. Биргина шу йилнинг ўзида адлия органларини такомиллаштиришга қаратилган 7 та қарор ва фармон қабул қилинди.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш мақсадида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлиги кучайтирилди. Давлат органлари ва ташкилотларида, жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилди.

Ҳар бир давлат органи ва ташкилотининг юристларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилиши белгиланди. Унга мувофиқ, адлия органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг 528 нафар юристини лавозимга тайинлаш ва 189 нафарини лавозимдан озод этиш масаласи ўрганиб чиқилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматига биринчи бор тайинланган 119 нафар юристи адлия органларида стажировка ўтади.

Амалиётда биринчи марта давлат органлари ва ташкилотларининг юристларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражалари берилиши белгилаб қўйилди. Унга асосан юридик хизмат ходимларининг 396 нафарига мартаба даражалари берилди. Бу орқали ижтимоий ҳимоя мустаҳкамланди.

Мамлакатимизда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳаси бўйича ҳам сезиларли қадамлар қўйилганини айтиб ўтиш жоиз, деб биламан. Шу мақсадда, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимиз қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Шу билан бирга, вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ижрочиларга ўз вақтида етказишни таъминлаш вазифаси юклатилди. Бу эса, ўз навбатида, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳолига тушунтиришга ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари матнидан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишга имкон яратади.

Қарор билан Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашининг ҳудудий комиссияларини ташкил этиш белгилангани диққатга сазовор.

Адлия вазирлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ташкил этилди.

Биринчи босқичда жорий йилнинг 1 январидан 3 ноябрига қадар қабул қилинган 1 минг 883 норматив-ҳуқуқий ҳужжат “E-xat” электрон почта тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг тизимига кирувчи 12,5 минг қуйи идорага тарқатилиб, 561 минг ходим эътиборига етказилди.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 700 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилиб, унда 17 миллионга яқин аҳоли иштирок этди.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани барчамизга маълум. Бу борада ҳам ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти кенг йўлга қўйилди.

Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси – “Lex.uz”нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди.

Ҳозир ўзбек ва рус тилларидаги 43 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан бир кунда 15 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс бепул фойдаланмоқда.

Аҳолини тезкор тарзда ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, самарали ва конструктив мулоқотни ташкил қилиш, бунда нафақат адлия органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган, балки фуқаролар қонунчиликдаги ўзларини қизиқтирган саволларга онлайн тарзда жавоб олишлари учун қулайлик яратиш мақсадида Facebook ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот” гуруҳи ва “Telegram” мессенжерида Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” канали фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тармоқ хизматларига ҳозирда 20 мингдан ортиқ фуқаро аъзо бўлган.

Ҳозирги кунда вазирлик веб-сайти ва www.lex.uz сайтида “онлайн-маслаҳатчи” хизмати фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, веб-сайтда ҳуқуқий ахборот “step by step” шаклида жойлаштирилган махсус рукн яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқий видеороликлар тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ фаолияти йўлга қўйилиб, тайёрланган видеороликларни телеканаллар билан бир қаторда кинотеатрлар, кинозаллар ва ташқи реклама объектларида қўйиб бориш, ижтимоий масалалар бўйича тайёрланган ҳуқуқий ахборотни флаерлар ва буклетлар шаклида тарқатиш режалаштирилмоқда.

Жорий йил мамлакатимизда 30 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 400 га яқин ҳужжати ҳамда 500 га яқин ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Миллий қонунчиликни такомиллаштиришга Адлия вазирлиги томонидан ҳам сезиларли ҳисса қўшилди. Хусусан, вазирлик томонидан 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бир сўз билан айтганда, халқ билан очиқ мулоқот қилиш давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан такомиллашишига, фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳамда инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, инсон манфаати ҳамма нарсадан устун.

Норгул Абдураимова, ЎзА
11 242






Все о погоде - Pogoda.uz