ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқот самаралари

Халқ билан мулоқот самаралари

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Тахтакўпир тумани “Мулк” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда ўз самарасини бераётган халқ билан мулоқотнинг ўзига хос усули одамларнинг жамиятга, давлатга ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг том маънода ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Уйма-уй юриб, очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда фуқаролар асосан тиббий ва коммунал хизмат, йўл қурилиши, имтиёзли кредит ажратиш сингари масалаларда мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса, атрофлича ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси М.Ерниязов моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган, уч нафар фарзанднинг онаси М. Мамутованинг оиласига ташриф буюриб, мазкур хонадонга соғин сигир, газ плитаси, суюлтирилган газ баллони ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.

Шундан сўнг туман ва бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Юзага келаётган муаммоли масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига вазифалар белгилаб берди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан тадбиркорларга йўлланган мурожаатнинг мақсад ва мазмунига алоҳида эътибор қаратилди.

photo5366204729320909989.jpg

Президентимизнинг жорий йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Бўзатов, Мўйноқ, Қўнғирот туманлари қаторида Тахтакўпир туманини ҳам чорвачиликка ихтисослаштириш белгиланган.

Тадбирда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унинг Оролбўйида чорвачиликни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида батафсил сўз юритилди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган, асосан чорвачилик, деҳқончилик, паррандачилик, асаларичилик билан шуғулланадиган мазкур овул фуқаролар йиғини чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади.

Ўтган қисқа вақт мобайнида овул фуқаролар йиғинида ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, спорт, тиббиёт объектларида, аҳоли турар жойларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилди.

Учрашув доирасида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Давлат хизматлари агентлиги туман бўлими томонидан аҳолига сайёр хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди. Шу куни ҳудуддаги 16-умумтаълим мактаби жамоасига 200 та бадиий китоб ҳамда спорт анжомлари совға этилди.

1 109
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА