Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 12:12 Чоп этиш версияси

Халқ банки: пенсиялар тез ва ишончли етказилмоқда

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларда халқ манфаати устувор этиб белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди. Қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг 13 шаҳри ва Тошкент шаҳрининг 6 туманидаги жами 758 маҳалла фуқаролар йиғинларида Халқ банки томонидан пенсия ва нафақаларни тўлаш тажриба тариқасида амалга ошириб келинди.

Жорий йил 1 июлидан эътиборан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида пенсия тўловлари Халқ банкининг 2 мингта сайёр кассаси томонидан тўланиши тўлиқ жорий қилинди. Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсиясини жадвалга мувофиқ ўзи яшаётган фуқаролар йиғинидан олиши мумкин. Белгиланган вақтда пенсиясини олишга улгурмаган шахсларга бошқа кунларда олиш имкони яратилган.

Шу кунларда Халқ банки томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозиргача банк филиалларининг махсус кассаларига нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш мақсадида 590 “Дамас” автомашинаcи берилди. Келгусида жойлардаги филиаллар эҳтиёжига кўра қўшимча автомашиналар билан таъминланиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, қарорда мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсия ва нафақаларни махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга ҳам зарур имкониятлар яратиш кўзда тутилган. Бу тоифадаги шахслар рўйхати шакллантирилган бўлиб, Халқ банки ходимлари пенсия ва нафақаларни улар яшайдиган манзилга етказиб беради.

Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини такомиллаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки билан биргаликда пенсия ва нафақалар тўланишини онлайн режимда SMS-хабардор этиш тизими амалга татбиқ этилди.

Пенсия маблағлари тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича 1106 қисқа рақамли “ишонч телефони” ташкил этилди. Унга келиб тушаётган барча мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмоқда.

Халқ банки зиммасига юкланган бу масъулиятли вазифани муваффақиятли амалга ошириш мақсадида касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 4 мингга яқин ўғил-қиз мутахассислиги бўйича ишга қабул қилинди. Пенсия ва нафақа тўловларини тарқатиш бўйича масъул ходимларга ўқув-семинарлар ташкил қилинмоқда. Бу уларнинг аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишида қўл келади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 277






Все о погоде - Pogoda.uz