ЎзА Ўзбек

30.07.2018 20:15 Чоп этиш версияси

Халқаро жанг санъатлари фестивали

Халқаро жанг санъатлари фестивали Фарғонада бўлиб ўтган халқаро жанг санъатлари фестивалида Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Исроил, Гана, Филиппин каби 30 дан ортиқ давлатдан спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар иштирок этди.

Миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида ўзбек жанг санъати халқаро миқёсда тан олинмокда. Мазкур спорт тури билан юртимизда мунтазам шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Ўзбек жанг санъати усталари ҳам анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур фестивалда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.

10 (1).JPG

Муқаддас қадамжолари, тарихий обидалари билан машҳур бўлган Марғилон шаҳри хорижлик спорт мутахассисларининг ҳам эътиборини тортди. Айниқса, жорий йилда янгидан қуриб фойдаланишга топширилган ижодкорлар боғи уларда унутилмас таассурот қолдирди.

– Фарғонага биринчи бор келишим, – дейди ҳиндистонлик мураббий Моҳан Петтерс. – Гўзал водий таърифлаганларича бор экан, таассуротлар бир олам. Айниқса, бу ернинг мафтункор табиати, чиройли, бир-биридан кўркам иморатлар, халқнинг фаровон турмуш кечириши учун яратилган шароитлар, одамларнинг самимийлиги ҳавасимни келтирди. Қолаверса, жажжи кичкинтойларнинг ҳам спортга бўлган муҳаббатини кузатиб, янада завқ оляпман. Фестивалга юксак даражада тайёргарлик кўрилган.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган халқаро жанг санъати фестивалининг очилиш маросими катта байрамга айланиб кетди. Вилоят марказидаги “Истиқлол” стадиони фестиваль иштирокчилари, спорт ва санъат шайдолари билан гавжум бўлди. Тадбирда фестиваль халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Жаҳон жанг санъатлари иттифоқи (WoMAU) томонидан фестиваль юксак савияда ташкил этилгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирилди.

37.JPG

Фестивалнинг бадиий қисми бошланиб, даврага ўзбек жанг санъати усталари, халқаро мусобақалар ғолиблари, жажжи кичкинтой спортчилар, умуман, ўзбек спортининг бугунги авлоди кириб келди. Карнай-сурнай садолари остида гимнастикачи қизлар, акробатлар, таэквондо усталари, курашчилар ўз маҳоратини намойиш этди. Болаларнинг шўх-шодон қўшиқлари, жозибали рақслари даврага ўзгача файз киритди. Тантанада хорижлик ва ўзбек жанг санъати вакилларининг чиқишлари томошабинлар томонидан қарсаклар билан олқишланди.

Марғилон шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида халқаро фестивалнинг кўргазмали чиқишларига катта ўрин берилди. Жанубий Корея, АҚШ, Индонезия, Монголия ҳамда юртимиз спортчилари тайёрлаган дастурлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.

– Тўғрисини айтсам, бу йилги фестиваль ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ўтмоқда, – дейди сингапурлик ёш спортчи Муҳаммад Обал. – Фестивалга биз, сингапурлик ёшлар ҳам ўзига хос, чиройли кўргазмани тақдим этдик. Мухлисларнинг олқишлари барчамизга катта куч бағишлади. Ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишлари эса таҳсинга сазовор. Ҳаракатларининг тезкорлиги, аниқлиги, ишончли ва хатосиз амалга оширилгани мухлислар эътиборини тортди. Фестиваль давомида янги дўстлар орттирдик, Фарғонанинг диққатга сазовор жойларида сайр қилдик. Бу ҳаётимдаги энг ажойиб кунлар сифатида хотирамда қолади.

33.JPG

Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

ЮНЕСКО шафелигида ўтган Бутунжаҳон жанг санъатлари (World Martial Arts Union) 17-Бош ассамблеяси йиғилишида 26 жаҳон жанг санъатлари уюшмасига аъзо давлатларнинг вакиллари қатнашди. Амал қилиш муддати тугаган 4 вице-президент ўрнига янгиларини сайлаш учун сайлов ўтказилди. Филиппин, Кения, Индонезия ва Жанубий Кореядан вакиллар сайланди. Шунингдек, “Жанг санъати ва ипак йўлидаги маданият” мавзусида академик семинар бўлиб ўтди. Унда кириш қисмидан сўнг жаҳон жанг санъати тарихи, ипак йўли ва жанг санъати, урушлар ва маданиятлар алмашинуви, ЮНЕСКО ва номоддий маданий мерос каби масалалар бўйича маълумот берилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
4 693