Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 17:14 Чоп этиш версияси

Халқаро юридик ва бизнес ҳамкорлик истиқболлари

Халқаро юридик ва бизнес ҳамкорлик истиқболлари Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий капитални кенгроқ жалб қилиш аввало чет эллик инвесторларнинг Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган қулайликлар ҳақида хабардорлигини оширишни тақозо этади.

Пойтахтимизда “Халқаро юридик ва бизнес ҳамкорлик истиқболлари“ мавзуида ташкил этилган халқаро конференция ҳам мамлакатимизда чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари, уларни ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлар, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш масалаларига бағишлангани билан алоҳида аҳамиятга эга.

“Prae legal“ халқаро юридик фирмаси томонидан Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, Хитой, Франция, Испания, Дания, Покистон, Афғонистон каби хорижий давлатларда фаолият юритаётган етакчи юридик фирмалар вакиллари, инвесторлар қатнашди.

Тадбирдан мақсад чет эллик сармоядорларни мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан таништириш, икки ва кўп томонлама бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бу жараёндаги ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий инвестор ва халқаро молия институтларини юртимизда бизнес юритишга жалб қилиш, инвестиция киритиш истиқболлари тўғрисида хабардорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Давлат ва тегишли бошқарув органларининг фаолияти аниқ, пухта мувофиқлаштирилиб, инвестицияларни ўзлаштириш тартиблари соддалаштирилмоқда. 

photo5199488362476579144.jpg

– Конференцияда адвокатлар ва инвесторлар бир стол атрофида йиғилиб, чет эл корхоналарини юртимизда очиш масалаларини муҳокама қилдик, – дейди “Prae legal“ халқаро юридик фирмаси бошқарувчи шериги Даврон Аҳмедов. – Инвестор капитал киритишдан олдин ушбу мамлакатда яратилган шароитлар билан танишишга, ҳуқуқий ёрдамга зарурат сезади. Тадбир асносида инвестиция фаолиятини тартибга солиш, хорижий сармоялар жалб этилишини қўллаб-қувватлаш кафолатлари ҳақида ҳамкорларимизга маълумот бердик.

Анжуманда хорижий ҳамкорларнинг сармоявий таклифлар базасини шакллантириш, уларнинг мақсадга мувофиқлиги, давлат ва бошқа ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланиш истиқболларига бағишланган маърузалари тингланди. Хорижий инвестицияларга нисбатан очиқ эшиклар сиёсатини таъминлашдаги ҳуқуқий ечимлар, даромадни олиб чиқиб кетиш кафолатлари каби масалалар ҳақида сўз юритилди.

– Ўзбекистонда тадбиркорлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳитига хитойлик инвесторлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда, – дейди “Joius“ ҳуқуқий фирмаси ҳамкори Рай Маи (Хитой). – Компаниямиз қурилиш, нефть-газ каби саноат ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида корхоналарга ҳуқуқий кўмак кўрсатади. Ҳозирги кунда мижозларимиз мамлакатингизда “Бир макон, бир йўл“ лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилаётган бир қатор лойиҳаларда иштирок этиш истагида. Тадбир давомида юртингиздаги солиқ сиёсати, божхона тизимидаги ислоҳотлар, яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар ҳақида маълумотга эга бўлдик. Бу ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда қўл келади.

Тадбир сўнггида чет эллик инвесторлар даромадини қайтариш тартиб-таомили, маблағ берувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эксперт баҳолаш натижаларини таҳлил қилишнинг халқаро меъёрлари ва Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қаратилган маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
3 073