ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро видеоконференцияда АҚШ ва Европа экспертлари тақдимоти бўлиб ўтди

Халқаро видеоконференцияда АҚШ ва Европа экспертлари тақдимоти бўлиб ўтди

Корея истеъмолчилар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Истеъмолчиларнинг трансчегаравий шикоятларини кўриб чиқиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро онлайн-семинар давом этяпти. Анжуманнинг 2-шўъба йиғилишида шикоят қилувчи истеъмолчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, аризаларни кўриб чиқишда видеоконференция ва бошқа турдаги замонавий технологиялардан фойдаланиш сингари масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Корея истеъмолчилар агентлиги Бош котиби Ли Хюк мазкур онлайн-форум иштирокчилар учун кўп жиҳатдан фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Анжуман ташкилотчилари фаолияти тўғрисидаги тақдимотда электрон хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Европа истеъмолчилар марказлари тармоғи томонидан тайёрланган тақдимот ҳавола этилди. Ўз веб-сайтига эга бўлган ушбу марказ саҳифаларида шикоятлар электрон тарзда қабул қилинади. Бундан ташқари махсус тайёрланган босма тарқатма материаллар ёрдамида истеъмолчиларни батафсил қўшимча маълумотлардан хабардор қилиб бориш йўлга қўйилган. 

Бир сўз билан айтганда, 1993 йил Франция ва Германия ҳамкорлигида ташкил этилган тузилма истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича кўҳна қитъада ўз ўрнига эга бўлган марказлардан биридир. Шу маънода Европадаги энг йирик, ривожланган давлатларда соҳани ривожлантириш йўлида фаолият олиб бораётган ташкилот тажрибасини ўрганиш бошқа мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқи йўналишида иш олиб бораётган уюшмалар учун айни муддаодир.

Онлайн-семинарнинг кейинги маърузачиси - Буюк Британия Сертификатланган савдо стандартлари институти эксперти Элизабет Скиаллиснинг чиқиши ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. 1881 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган мазкур ташкилот ташаббуси билан истеъмолчилар иштирокида мунтазам равишда тренинглар ўтказиб турилади. 

Машғулотлар давомида мижизларга ўз ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш борасида йўл-йўриқ берилади. Маълум бўлишича, институтга болалар ўйинчоқлари, тиғли ёки ўткир ўйинчоқлар каби маҳсулотларни махсус тестдан ўтказиш ваколати берилган. Оддий қилиб айтганда, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилоти зарарли болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқариш жараёнини бевосита назорат қила олади.

Айни дақиқаларда анжуман дастурига мувофиқ, АҚШ Иш амалиётини яхшилаш бўйича бюролар кенгаши мутахассислари тақдимоти намойиш қилиняпти.

Семинар якунида барча маърузалар юзасидан савол-жавоб, мунозара, муҳокамалар режалаштирилган.

2 366
Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА