ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

Халқаро ҳунармандчилик фестивали меҳмонларни кутмоқда

Халқаро ҳунармандчилик фестивали меҳмонларни кутмоқда

10–15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади. Тадбир давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Мазкур нуфузли анжуман халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимиз бўлган кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Қўқон шаҳрида фестивалга катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Фестивалда хорижий давлатлардан маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислари, соҳа олимлари ва фахрий меҳмонлар иштирок этади.

photo5447251453686164472.jpg

Дастурга кўра, Ўрда майдонида фестивалнинг расмий очилиш ва ёпилиш маросимлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳамда халқ сайллари, қўғирчоқбозлик, дорбозлар ва фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойишлари, ош танловлари ўтказилади. 

Ўрда майдонида, шунингдек, Риштон, Ғиждувон, Ургут, Тошкент, Каттабоғ, Мадир, Самарқанд, Ғурумсарой, Олтинкўл, Шаҳрисабз кулолчилик мактаблари намояндалари томонидан маҳорат дарслари намойиши ва тренинглар ташкил этилиши режалаштирилган.

Фестиваль дастурида, шунингдек, Жоме мажмуасида Ўзбекистон халқ устаси, ёғоч ўймакори Муҳаммадали Юнусовнинг ижодига бағишланган кўргазма, Дастурхончи мадрасасида тақдимот ва кўргазмалар, Қўқон мусиқали драма театрида спектакллар намойиши каби 50 дан ортиқ қизиқарли тадбирлар ўтказилиши назарда тутилган.

photo5447251453686164474.jpg

Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ва маҳорат дарслари 5 та номинация бўйича баҳоланади.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари диплом, ҳайкалча ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

“Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича – 15 000 АҚШ доллари;

“Энг ёш ҳунарманд” номинацияси бўйича – 10 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши ҳунармандчилик мактаби устаси” номинацияси бўйича – 10 000 АҚШ доллари;

“Қадимий сулола давомчиси” номинацияси бўйича – 5 000 АҚШ доллари;

“Қадимий ҳунармандчилик турини тиклаган ҳунарманд” номинацияси бўйича – 5 000 АҚШ доллари.

Халқаро фестивал Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилади.

4 639
М. Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА