ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро Тошкент кинофестивали яна қайтмоқда

Халқаро Тошкент кинофестивали яна қайтмоқда

Жорий йилнинг 20 февраль куни бошланган Берлин кинофестивалида “Ўзбеккино“ миллий агентлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 

Делегация таркибида киношунос Нигора Каримова, кинорежиссёрлар Қамара Камолова, Элжон Аббосовлар бор. Делегацияга “Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қилмоқда. 

Хорижнинг етакчи киноарбоблари билан бўлган учрашувда халқаро Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

–Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кинематография соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистон киносаноатининг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир. Биз Берлин халқаро кинофестивалида дунёнинг машҳур киноарбоблари билан Президентимиз ташаббуси асосида халқаро Тошкент кинофестивалини тиклаш масаласини муҳокама қилдик. Бу муҳим вазифани хорижлик ҳамкорлар иштирокисиз амалга оширишнинг иложи йўқ. Бу ерда фақат Тошкент кинофестивалини ўтказишни йўлга қўйиш эмас, балки уни дунё миқёсидаги энг нуфузли кинофестивалга айлантириш ҳақида гап кетмоқда – деб таъкидлади “Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

– Дунё аҳли учун севимли бўлган Тошкент халқаро кинофестивалини орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, қайта тиклаш ҳақидаги ташаббусни ҳақиқий жасорат деса бўлади. Бу бир пайтлар бузиб ташланган халқлар ўртасидаги дўстлик кўпригини қайта тиклаш, деганидир. Мазкур кўприк вақт занжирини ва бутун бошли авлодларни бирлаштиради, жипслаштиради. Бундай эзгу мақсадни амалга оширишда қўлимдан келган барча ёрдамни аямайман, – дейди Халқаро кинопродюсерлар уюшмалари федерацияси директори Беноит Гинисту.

Мазкур масала юзасидан Берлин кинофестивалининг расмий вакили Барбара Вурм, МКФ GoEast директори Хелеен Герритсен, Марказий Осиё ва Шарқий Европа кинематографиячиларининг UNIFRANCE департаменти раҳбари, кинотанқидчи Жоэль Шапрон, киношунос, Германиядаги Чингиз Айтматов жамғармаси филиали асосчиси Светлана Слапке ва бошқа киноэкспертлар ҳам сўзга чиқиб, бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент кинофестивали пойтахтимизда 1968 йилдан то 1992 йилга қадар ўтказиб келинган. У Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинематографиясининг дунёга машҳур, энг катта анжумани саналган. Тошкент кинофестивали дунё миқёсида катта мавқега эга бўлиб, унда иштирок этган дунё киночилари киносаноатини ривожлантириш масалаларини муҳокама этишган. Ёш кинематографиячилар учун эса тажриба алмашиш, ўрганиш имконини берган.

1 404
Рустам ЖАББОРОВ, ЎзА