Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.05.2018 15:31 Чоп этиш версияси

Халқаро шахмат федерацияси президенти ўзбек талабаси билан шахмат ўйнади

Халқаро шахмат федерацияси президенти Кирсан Илюмжинов мамлакатимизга ташрифи чоғида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлди. Таълим даргоҳида талабалар билан учрашиб, бир неча блиц-партия ўйинлари ўтказди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А.Аҳмадхўжаев ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори С.Бобохўжаев шахмат ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, фикрлаш доирасини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шахматни ўрганаётган ёшлар мантиқан фикрлай бошлайди, уларда таҳлил қилиш қобилияти ривожланиб боради, стратегик мулоҳаза қилишга одатланиб, хотираларини машқ қилдиради. Изчил фикрлашни ўрганиш – шахмат орқали шакллантириладиган асосий қобилиятлардандир. Ўйин пайтида шахмат тахтаси устида содир бўладиган ҳеч бир нарса тасодиф эмас. Яккалик беллашувларидаги ғалаба таваккалчи ўйинчига эмас, балки ўз юришини аниқ билган кишига насиб этади. Статистикага кўра, шахмат билан шуғулланадиган болаларнинг дарсларни ўзлаштириши 40 фоизга ортади. Шу сабаб Халқаро шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида шахмат факультетини очиш масаласи муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори С.Бобохўжаев йиғилганларга Халқаро шахмат федерациясининг фаолияти ва ташкилотнинг дунё миқёсида шахматни оммалаштириш борасида амалга ошираётган ишлари тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек, турли мамлакатларнинг минглаб ёшлари иштирок этадиган кўп сонли шахмат турнирлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Кирсан Илюмжинов ўз чиқишида Қалмоғистонда болалар мунтазам шахмат ўйнай бошлаши билан уларнинг ўзлаштириш даражаси нечоғли ўсгани ҳақида сўзлаб берди. Математика, физика, биология бўйича фан олимпиадаларида қалмиқ болалаларининг доимо совринли ўринларни эгаллаб келаётгани боиси ҳам шунда. Федерация раҳбари, шунингдек, ўз ҳаёти, сиёсий карьераси ва бунда шахматнинг ўрни ҳақида ҳам тўхталди. Кирсан Илюмжинов сайёрамизнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган бир миллион нафар инсонни шахмат ўйнашга ўргатиш унинг асосий мақсади эканини билдирди. Унинг фикрича, шу йўл билан турли низоларни бартараф этиш мумкин бўлади, чунки инсон шахматдаги сингари мулоҳаза билан юриш қилишни ўрганса, ўйламай босилган қадам, унинг оқибати нима билан якун топиши ҳақида фикрлай бошлайди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида шахмат факультетини очиш тўғрисида сўз борганда, Федерация раҳбари тегишли қарор қабул қилинса, у китоблар тақдим этиш ва маҳорат дарсларини ташкил қилиш билан ёрдам кўрсатишга тайёр эканини таъкидлади.

ФИДЕ президенти Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташрифи доирасида таълим муассасаси ректори С.Бобохўжаев ва университет талабаси С.Усмонхўжаев билан блиц ўйинлар ўтказди.

– Шахмат, математика ва дастурлашда бир хил мантиқ қонунлари қўлланилади, – дейди Инҳа университети талабаси Саидрасул Усмонхўжаев. – Мен шахмат ўйнаш ёки математикадаги маълум масалани ечиш орқали дастурлашга оид қобилиятимни ривожлантириб бораман ва янада самарали ҳамда ўта нозик дастурий кодларни ярата оламан.

Халқаро шахмат федерацияси президенти Кирсан Илюмжинов ташриф якунида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирди.

Роман Бондарчук, ЎзА
5 019