ЎзА Ўзбек

17.09.2018 20:13 Чоп этиш версияси

Халқаро пресс-клуб: минтақа транспорт йўлаклари тизимида стратегик истиқболлар

Халқаро пресс-клуб: минтақа транспорт йўлаклари тизимида стратегик истиқболлар
Транспорт-логистика, транзит соҳаси бўйича ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Бу нафақат мамлакатимиз иқтисодий имкониятларини юксалтириш, балки Марказий Осиёни ягона минтақа сифатида ривожлантиришни кўзда тутади. Шу мақсадда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ушбу жараён учун қулай сиёсий муҳит яратиш, минтақадаги мамлакатлар билан барча йўналишларда изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мулоқот майдони яратиш борасида кенг кўламдаги ишлар бажарилмоқда.

Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференция мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар сирасидан.

Халқаро пресс-клубнинг 17 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги сессияси ҳам ушбу халқаро конференцияга бағишланди.

12.JPG

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ раисининг биринчи ўринбосари Фазлиддин Сагдуллаев, Ўзбекистон Автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи Даврон Деҳқонов, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси бош директорининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов, Ташқи савдо вазирлиги масъул ходими Азизбек Салоҳиддинов, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, Марказий Осиё, хусусан, мамлакатимизнинг транспорт-транзит салоҳияти Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни ўзаро боғловчи геостратегик жойлашуви билан белгиланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллий транспорт тармоғини ривожлантириш соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берувчи яхлит комплекс стратегияни ишлаб чиқиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур ёндашув мамлакатимизни халқаро транспорт тизимига кенг интеграция қилишни таъминлаш, минтақа мамлакатларини жаҳон бозорлари билан ўзаро боғловчи яхлит хабга айлантиришни кўзда тутади.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш иқтисодий секторларни жадал ҳаракатлантиришнинг муҳим омилидир. Шу мақсадда юртимизда “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури” қабул қилинди.

3 (4).JPG

Ушбу дастур Марказий Осиёда қўшимча юк ташиш оқимларини жалб этиш имконини берувчи янги йўл-транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш, минтақа транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароит яратишнинг самарали услубларини шакллантириш имконини беради.

Сессия йиғилишида Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақаси ва Хитой, Европа Иттифоқи, Россия, Кавказдан Ҳинд океани портларига чиқиш йўналишлари бўйича халқаро транзит юк ташишда иштирок этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон янги транспорт йўлагини яратиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Журналистларнинг Марказий Осиёни Жануб билан боғлайдиган транзит йўлаклари хавфсизлиги, ҳаво, автомобиль, темир йўлларида қўшни мамлакатлар ҳудудлари бўйлаб транзит юк ташишга бўлган ягона тарифларни қўллаш тартиби, ўтадиган халқаро конференциянинг Марказий Осиё давлатларини халқаро транспорт хабига айлантириш борасидаги амалий аҳамиятига оид саволларига мутасаддилар жавоб қайтарди.

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
2 939