ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро онлайн-семинарда Ўзбекистон вакили муҳим таклифни илгари сурди

Халқаро онлайн-семинарда Ўзбекистон вакили муҳим таклифни илгари сурди

Корея истеъмолчилар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Истеъмолчиларнинг трансчегаравий шикоятларини кўриб чиқиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги халқаро онлайн-семинар давом этяпти.

Ҳозиргина дастурга мувофиқ, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов мамлакатимизда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, истеъмолчиларнинг шикоят ва мурожаатлари билан ишлаш, транс-чегаравий шикоятларни кўриб чиқиш борасида йўлга қўйилаётган халқаро алоқалар хусусида сўзлаб берди. Бу борада кореялик ҳамкасблар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Масалан, 2018 йил охирида Федерация ва Корея истеъмолчилар агентлиги ўртасида истеъмолчиларнинг транс-чегаравий шикоятларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 2019 йилда эса Жанубий Корея фуқароларининг 2 та шикояти кўриб чиқилган ва ижобий ҳал қилиб берилган. Биринчи ҳолатда кореялик аёл Сеулдан Тел-Авивга учиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари”дан 2 та чипта сотиб олган. Рейс бекор қилингач, тўлаган пулини қайтариб ололмаётган аёлнинг чипта харажатлари федерация аралашуви билан ундириб берилди. Иккинчи ҳолатда эса Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бир Жанубий Корея фуқароси кимёвий тозалаш корхонасига топширган кийимлари сифатсиз тозаланиб, шикаст етказилганидан шикоят қилган. Корхона раҳбари зарарни қоплаб беришни истамаганда, федерация таркибидаги Фарғона шаҳри истеъмолчилар жамияти суд орқали мижоз фойдасига 12 миллион сўм ундириб берди.

Бундан ташқари, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган, меморандумлар имзоланган, келишувлар амалга оширилмоқда.

Ж. Саримсоқов нутқи сўнгида “истеъмолчиларнинг трансчегаравий шикоятларини кўриб чиқиш мақсадида икки томонлама ҳамкорлик билан чекланиб қолмасдан, “Сonsumers International” доирасида кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва минтақадаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни институционаллаштириш, яъни Осиё истеъмолчилар конфедерациясини тузиш” таклифини киритди.

Анжуман тафсилотларини сайтимиз орқали кузатишда давом этинг.

2 469
ЎзА