ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Халқаро муаммолар ечимига янгича ёндашув илк бор ўзбек тилида янгради

Халқаро муаммолар ечимига янгича ёндашув илк бор ўзбек тилида янгради

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи бутун дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. 

Бу оламшумул нутқнинг биз учун яна бир катта аҳамияти шуки, ватанимиз тарихида илк бор ўзбек тили БМТ минбарида жаранг сочди, Ўзбекистон Президенти илк бор ўз фикрларини ўзбек тилида билдирди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқи аввалида инсоният бошига тушган катта синов — коронавирус инфекциясининг ер юзи бўйлаб тарқалиши ортидан юзага келган кескин вазият ва бунинг натижасида туғилаётган иқтисодий, тиббий, ижтимоий муаммоларнинг нақадар кенг тус олиб бораётганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Айтиш лозимки, бу муаммоларга ечим топиш, унинг оқибатларини тўла бартараф этиш у ёки бу давлатнинг эмас, балки барча мамлакатлар томонидан ҳамжиҳатликда ҳал этиладиган глобал ҳолатга айланди. Бунинг учун эса, энг аввало, халқаро тиббиёт ташкилоти — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, унинг дунё мамлакатларига кўрсатадиган ижтимоий ёрдам вазифаларини ошириш зарур. Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқида бу борадаги энг долзарб фикрларни билдириб ўтар экан, “мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир” дея ўз хулосаларини баён этди.

Дарҳақиқат, пандемия оқибатларини бартарф этиш, бунинг учун энг аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига зарур кўмак кўрсатиш борасида юртимизда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу қатъий чораларнинг дастлабки қадами сифатида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларининг ташкил этилганлиги, бу марказларнинг эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларига кўрсатган ижтимоий ёрдами, нафақат халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди, балки халқаро ташкилотлар томонидан муносиб баҳо берилди. Шунингдек, сўнгги ойларда кетма-кет йўлга қўйилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда карантин даврида ўз даромад манбаидан ажралган фуқароларга маълум пул маблағларининг ажратилаётганлиги аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишида яна бир муҳим қадам бўлди, десак хато бўлмайди.

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотлар, жумладан, гендер тенглик сиёсати жадал суръатларда олиб борилаётганлигига алоҳида урғу бериб ўтар экан, бу ўзгаришлар бугунги кунда ортга қайтмайдиган катта ҳаракатга айланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Албатта, ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ташкилотларидаги ўрни ва роли кундан-кун ортиб бормоқда. Парламент аъзолари орасида аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди. Энг муҳими, ишбилармон ва тадбиркор хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишдаги муҳим иштироки сезиларли даражада ошди. Ишсиз аёллар сонининг камайганлиги, жойларда ҳунармандчилик ва уй шароитида олиб бориладиган ишлаб чиқариш турларининг кўпайганлиги юртимиз тараққиётида муҳим бир қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг дунё миқёсида тутган ўрни ҳақида фикр билдирар экан, бу борада Марказий Осиё минтақасида жойлашган давлатлар билан ўзаро ишонч ва дўстона ҳамкорлик ўрнатилганлигини, айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари катта ва муҳим жараён эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, 2021 йилда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форумни ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиш учун барча имкониятлар етарли эканлигини таъкидлади.

Дунё ҳамжамиятининг яна бир оғриқли муаммоларидан бири — ер юзида кечаётган иқлим ўзгаришларининг йилдан йилга кескин тус олаётганлигидир. Муҳтарам Юртбошимиз бугунги кунда ҳеч бир мамлакат мазкур глобал муаммодан четда қолмаётганлиги ҳақида фикр билдириб ўтар экан, бу иқлим ўзгаришлари Марказий Осиё давлатлари тараққиётига ҳам катта хавф туғдираётганлигини айтиб ўтди. 

Дунё ҳамжамияти эътиборини минтақа мамлакатларининг энг асосий муаммосига айланиб бораётган Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратар экан, Ўзбекистон мавжуд аҳволни яхшилаш учун ҳудудда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга ошираётганлигини таъкидлаб ўтди.

Президентимиз мавжуд вазиятни яхшилаш ҳамда бу муаммога жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир қаратиш мақсадида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, шунингдек, мазкур муҳим ҳужжат тасдиқланган санани Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини билдирди.

Нутқ сўнггида яна бир муҳим ташаббус сифатида ўртага ташланган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказиш таклифи ҳақли равишда бугунги куннинг энг муҳим глобал масаласига айланиб бормоқда. Унинг энг долзарблиги шундаки, пандемия шароитида бу муаммо янада мураккаб тус олаётганлигидир. Ана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, халқаро минбарда билдирилган мазкур таклиф бугунги куннинг айни муҳим ташаббуси сифатида катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда бу тарихий нутқнинг энг муҳим жиҳати — унинг ўз она тилимиз — ўзбек тилида баён этилганлигига яна бир бор эътибор қаратишни истардим. Зеро, ўз ўтмиши давомида минглаб тўсиқларга учраган, бугунга келиб миллатимиз фахри сифатида халқаро майдонларда тингланаётган ўзбек тилининг шон-шавкати яна дунёга бўй кўрсатаётганлиги ҳар биримиз учун улкан фахр, катта ифтихордир.

Гулнора МАЪРУФОВА,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари

1 758
ЎзА