ЎзА Ўзбек

11.09.2018 16:10 Чоп этиш версияси

Халқаро мақом санъати анжумани хорижий ОАВ нигоҳида

Халқаро мақом санъати анжумани хорижий ОАВ нигоҳида
Шаҳрисабз шаҳрида 6-10 сентябрь кунлари ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани шукуҳи бутун дунёга ёйилди. У ҳақда хорижий оммавий ахборот воситаларида кўплаб мақолалар эълон қилинмоқда.

Хусусан, Миср Араб Республикасининг “Ал-Аҳром” газетаси халқаро мақом санъати анжумани ҳақида ўз сайтида “Ўзбекистондаги Халқаро мақом санъати фестивалида Мисрдан “Заи-Заман“ ижодий жамоаси иштирок этди” номли мақола эълон қилди. Унда халқаро анжуманни ташкил этишдан кўзланган мақсад, тадбирнинг ташкилий жараёнлари, иштирокчи давлатлар, яратилган муҳитнинг дилга хуш ёқиши, халқаро танлов мезонлари ҳамда фестиваль мукофот жамғармаси ҳақида айтиб ўтилган. 

Мақола муаллифи юртимизда мақом санъати тарғиботи, мумтоз мусиқага ёш авлодни ошно этиш масаласига давлат даражасида эътибор қаралаётганини қайд этиб, мақомни Шарқ мумтоз санъатининг асосий жанри деб баҳолаган.

Юртимизда ташкил этилган санъат байрами юзасидан мақолалар эълон қилган нуфузли нашрлардан бири “The Diplomat“ онлайн журналидир. Журналнинг тадбир олди сонида “Мақом ўзбек халқининг қалбидир” сарлавҳали мақола чоп этилди. Мақола аввалида муаллиф Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева шахсиятига баҳо бериб, уни “Дунё санъат оламининг ўзбекистонлик етук вакили” деб таърифлаган.

“Ўзбек мақом санъати вакили Муножот Йўлчиева овози илоҳий истеъдоддир. Бундай иқтидор эгасини фақат Ўзбек халқида учраши мумкин”, деган баҳо бутун ўзбек санъатига берилган юксак эътирофдир.

Мақолада тадбирнинг аҳамияти, фестивалнинг ташкилий жиҳатлари, мақом санъати, унинг инсоният руҳиятига таъсири ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, нуфузли санъат анжумани Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор ташкил этилгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Тожикистоннинг “Asia – Plus“ ахборот агентлиги сайтида “Тожикистон мақом академияси хонандалари Шаҳрисабзда ташкил этилган Халқаро мақом фестивалида иштирок этди” номли мақола берилган. Унда юртимизда ташкил этилган санъат байрамида қатнашган Тожикистон делегацияси аъзолари анча кўплиги, бу эса халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг яққол ифодаси эканлиги алоҳида қайд этилган. 

Халқаро тадбир ЮНЕСКО кўмагида, юксак даражада ташкил этилгани, тадбир жараёнини ёритиш мақсадида 30 га яқин давлатдан оммавий ахборот воситалари ташриф буюргани, анжуман миллий мумтоз наволари ижрочилари учун ҳақиқий маҳорат баҳси бўлгани айтиб ўтилган.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
3 887