ЎзА Ўзбек

11.10.2018 22:50 Чоп этиш версияси

“Халқаро қизлар куни” мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда

“Халқаро қизлар куни” мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар марказида “Халқаро қизлар куни” муносабати билан “Ташаббускор, дўст, ҳамфикрмиз, дугонажон” шиори остида ижодий кеча ўтказилди. Унда фан, санъат, маданият соҳаси вакиллари, Хотин қизлар қўмитаси вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, “Қизларжон” клуби аъзолари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги, 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ёшларни, айниқса, қизларни ҳар томонлама уйғун, юксак ахлоқли, билимли ва миллий қадриятларга ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар қилиб тарбиялаш вазифаси белгиланган.

Миллат давомчиси бўлмиш қизларни маърифатли, зиёли ва оналик мақомига муносиб қилиб вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунга қадар ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

photo5330251605330733537.jpg

photo5330251605330733563.jpg

“Халқаро қизлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳам юқоридаги вазифалар устувор қилиб белгиланди. Кеча аввалида қизларни мадҳ этувчи, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширувчи ижтимоий ролик намойиш этилди.

Ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон халқ артистлари фахрий устоз Тўти Юсупова, эл ардоғидаги санъаткор Гавҳар Зокирова мамлакатдаги улкан ўзгаришлар ва янгиланишларда ёшлар манфаатлари устуворлик касб этаётганини алоҳида таъкидлашди. Ёш қизлар, аёллар масаласи, уларнинг саломатлигини яхшилаш, таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳол эканлигини ва бу борада талаба-қизларнинг фаоллиги ҳам муҳим босқич эканлигини турли ҳаётий мисоллар орқали етказишди.

Айниқса, қизларнинг таълим олишида тўсиқ бўлаётган масалаларни ҳал этиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, миллий қадриятларни ардоқловчи шахслар қилиб тарбиялаш долзарб вазифа эканлигини билдиришди. Ҳаётий тажрибаларидан мисоллар келтиришди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасида Ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз қизларига бўлган эътиборни янада юксак поғонага кўтарилгани тушунтирилди. Қолаверса, “Қизларжон” клубининг қизлар ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамфикрлик, бир-бирига дахлдорлик муносабатларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маълумотлар берилди.

Энг муҳими, иштирокчи қизлар фаровон жамиятни қуришда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар жуда керакли эканлигини яна бир бор теран англашди.

photo5332397946517432790.jpg

Тадбир талаба-қизларнинг қизиқишларини янада рағбатлантириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тенгдошлари ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасида аҳамиятли бўлди. Намунали хулқи, ўқиш ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир гуруҳ талаба-қизлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Тадбир доирасида ижодкор қизларнинг кўргазмаси, мусиқий чиқишлари намойиш этилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

“Халқаро қизлар куни” мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.



Гулчеҳра Ашурова, ЎзА
1 879