Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.08.2018 22:43 Чоп этиш версияси

Халқаро инвестиция форуми иш бошлади

Халқаро инвестиция форуми иш бошлади Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 августдаги фармойишига мувофиқ, вилоятнинг сармоявий салоҳиятини ошириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга бағишланган халқаро форум очилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

19.JPG

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Греция, Испания, Россия, Беларусь, Латвия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония, БАА, Исроил, Қозоғистон, Сингапур сингари 28 мамлакатдан 300 га яқин иштирокчи қатнашмоқда. Шунингдек, форумда чет эл дипломатик миссиялари, бир қатор халқаро молия институтлари, йирик хорижий компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

29 август куни вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида Халқаро инвестициявий форумнинг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

20.JPG

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Х.Мори, Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев ва бошқалар мазкур форум халқаро ишбилармон доира вакилларини Жиззах вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражаси билан таништириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай бизнес шароити яратишга хизмат қилишини таъкидлади.

Иштирокчилар учун ҳудуднинг капитал жалб қилиш имконини берадиган иқтисодий имкониятлари, географик жойлашуви, мавжуд қулайликлар, туризм салоҳияти ҳақида маълумот берувчи видеолавҳа намойиш этилди.

Бугунги кунда вилоятда иккита – “Жиззах” ва “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зоналари фаолият кўрсатмоқда. Уларда тадбиркорлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган.

28 (1).JPG

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида қурилиш материаллари, машинасозлик, енгил саноат ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 16 хорижий ташкилот ва улар билан ҳамкорликдаги қатор корхоналар фаолият юритмоқда. Бу ерда 2015-2018 йиллар мобайнида 669 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 10,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган. Шу йил май ойида мазкур эркин иқтисодий зонада Хитой компанияси билан ҳамкорликда ойна заводи қурилишининг биринчи босқичи якунланди. Умумий қиймати 110 миллион АҚШ доллари бўлган заводни 2019 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Жиззах ойна заводи Марказий Осиёда ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи энг йирик корхонага айланади.

Вилоят ўзига хос қулай географик ҳудудда жойлашган. Таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқорли термоматериаллар бўлган шифобахш сув манбаларига бой. Бу Жиззахни инвестициявий лойиҳаларнинг асосий ҳудудларидан бирига айлантириш учун муҳим омил экани алоҳида қайд этилди.

29.JPG

Форумда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан хорижий компаниялар ўртасида 20 дан зиёд келишув, меморандум ва шартномалар имзоланди. Буни хорижлик сармоядорларнинг мамлакатимизга инвестиция киритишга ишончи ортиб бораётганидан далолат, дейиш мумкин.

Тадбир сессия йиғилишлари тарзида давом этди. Унда саноат ишлаб чиқариши, агросаноат, тиббиёт, туризм каби соҳалар бўйича ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Маҳаллий ва хорижлик тадбиркорларнинг икки томонлама учрашувлари, музокаралари бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида форум иштирокчилари Жиззах олимпия захиралари коллежи ҳудудида ташкил этилган саноат маҳсулотлари миллий кўргазмаси, шунингдек, бир қатор корхоналар фаолияти билан танишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Холмуродов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
3 364