Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Халқаро франкофония куни ўтказилди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида Халқаро франкофония куни ўтказилди. 20 март – Халқаро франкофония ташкилотига (ХФТ) асос солинган кунга бағишлаб ташкил этилган мазкур тадбирда профессор-ўқитувчилар, талабалар, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Университет ректори Авазжон Мараҳимов, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор ва бошқалар Ўзбекистонда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар, жумладан, чет тилларни чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилгани, бу борада халқаро ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замон талабларига мос, мустақил ва соғлом тафаккурли, хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган ёшларни камол топтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ёшларимиз хорижий давлатларда билимини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур тадбир ҳам мамлакатимизда француз тилини ўқитиш сифатини ошириш, талабаларда ушбу тилда эркин сўзлашиш қобилиятини ривожлантириш, маданиятлараро ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Франция, Швейцария, Болгария, Грузия, Чехия, Руминия, Миср, Украина каби ХФТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари томонидан илмий-маданий кўргазма, француз тили бўйича танловлар ўтказилди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда Францияга бир ойлик саёҳат йўлланмасини қўлга киритди.

– Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори таълим ва фан йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда, – дейди Польшанинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Ивашкевич. – Ҳамкорликда кадрлар малакаси, касб маҳоратини оширишга қаратилган қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Ўзбекистонда таълимнинг барча босқичини юксак даражада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Айниқса, мамлакатингизда чет тилларни ўрганишга қаратилаётган эътибор туфайли ёшлар кўплаб хорижий тилларда эркин сўзлаётганига ҳавас қилса арзийди.

Севара Алижонова, ЎзА
818






Все о погоде - Pogoda.uz