Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2018 23:20 Чоп этиш версияси

Халқаро фирма вакиллари билан учрашув

Тошкент давлат юридик университетида «Sidley Austin» халқаро юридик фирмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар масалалари бўйича ахборот-таҳлил гуруҳи кўмагида ташкил этилган тадбирда ҳуқуқшунос-олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Халқаро арбитражнинг умумий масалалари, ушбу соҳадаги қонунчиликни ислоҳ қилиш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши каби мавзуларда фикр юритилди.

– «Sidley Austin» халқаро юридик фирмаси халқаро тижорат арбитражи ҳамда инвестицион арбитражда фаол қатнашиб келаётган юридик фирмадир, – дейди ТДЮУ халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Аҳаджон Ҳакимов. – Улар билан талабаларнинг учрашуви фойдали бўлди. Мамлакатимизга инвестиция оқимининг кўпайиши ва савдо-сотиқ ривожланиши чет эллик тадбиркорлар ёки инвесторлар билан низолар келиб чиқиши мумкинлигини ҳам англатади. Биламизки, ҳозирги кунда халқаро инвестицион, тижорат низолари вужудга келганда Ўзбекистон томонидан қатнашадиган миллий юристларимиз кам. Айнан бугунгидек учрашувларда талабаларимизнинг халқаро арбитражларга нисбатан қизиқиши янада ортади. Бу улар келгусида Ватанимиз миллий манфаатини ҳимоя қиладиган ҳуқуқшунослар бўлишига кўмаклашади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 458