ЎзА Ўзбек

25.04.2018 13:31 Чоп этиш версияси

Халқаро ҳарбий ҳамкорлик лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида Озарбайжон Республикаси Қуролли Кучлари мутахассислари томонидан соҳа мутахассислари, педагоглар учун семинар-тренинглар ўтказилди.

Мазкур машғулот халқаро ҳарбий ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Ўқув-курслари Озарбайжон Республикаси Қуролли Кучлари вакиллари – генерал-майор Мамадов Валиф Маммад ўғли, профессор Аллахярова Тахира Бекир қизи, Жефаров Гейдар Аллаҳёр ўғли, Махмурадов Агиль Шавкат ўғли каби мутахассислар томонидан олиб борилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил январь ойида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида бўлиб, ушбу билим юрти негизида мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берган эди. Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига асосан, Қуролли Кучлар академияси фаолияти қайта ташкил этилди.

Академия етакчи илмий-таълим муассасаларнинг илғор тажрибасини ўзида жамлаган илм-фан марказига айланган. Энг янги усул ва технологияларга эга, замонавий тренажёрлар, ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган аудиторияларда ҳарбий машғулотлар ўтказилиши билан бирга, илм-фан ҳам чуқур ўргатилади. Ўқув жараёнида замонавий педагогик, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилмоқда.

Академия тингловчилари учун барча қулай шароитлар яратилган.

Бир ҳафта давом этган назарий ва амалий ўқув машғулотлари қизғин савол-жавобларга, таассуротларга бой бўлди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
3 954