ЎзА Ўзбек

28.08.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Халқаро анжуманда мақом гулдастаси намойиш этилади

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани эса санъатимизнинг ушбу ноёб тури дунё миқёсида тан олинганининг яққол тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари ўзбек миллий мақом санъати ва унинг йўналишларини кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, энг муҳими, мақом ижрочилигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Фарғона заминидан миллий қўшиқчилик санъатининг турли йўналишларини дунёга танитган машҳур санъаткорлар етишиб чиққан. Зеро, Тамарахоним ижросидаги “Омонёр” ялласи, Саодат Қобулованинг “Майсаранинг иши”даги Ойхон операси, Берта Давидованинг “Адашганман”, Маъмуржон Узоқовнинг “Мустаҳзод”, Таваккал Қодиров ижросидаги “Фарғона тонг отгунча” қўшиқларининг шуҳрати ҳамон тилларда достон. Бу қўшиқлар янграганда қадрдон овоз соҳибларининг сиймолари кўз ўнгимизда намоён бўлади, халқнинг орзу-армонларига йўғрилган наволар беихтиёр қалбларда ғурур туйғуларини юксалтиради. Нуфузли анжуман ва фестивалларда истеъдодли ёшлар санъатимиз дарғалари тимсоли бўлиб саҳнага чиқадилар. Миллий қўшиқчилигимиз гултожи бўлган мақом санъати намуналарини маромига етказиб ижро этадилар. Шундай кезларда мақом санъати ўлмас хазина, умрбоқий қадрият эканига яна бир бор иқрор бўламиз. “Ушшоқ”, “Тановор”лар олам аро кезиб юргани ғуруримизни янада сарбаланд қилади.

Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида Фарғона вилоятидан 36 нафар ижрочи иштирок этаётгани ҳам улкан эътирофдир. Фарғоналик мақомчилар йирик халқаро танловларда ҳам ғолиблик саҳнасида ижро маҳоратларини бир неча бор намойиш этган.

Бугунги кунда “Санои нафиса” номли вилоят мақом ансамбли Марғилон шаҳар театри биносида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ерда ижодий жамоа учун барча шароит муҳайё этилган. Уд, қонун, ғижжак, чанг, тор, танбур каби қадимий чолғу асбоблари билан таъминланган хоналарда тажрибали мураббийлар иштирокида қизғин ижодий машғулотлар олиб борилади.

– Шу кунларда тайёргарлик жараёнини пойтахтда давом эттиряпмиз, – дейди ансамбль бадиий раҳбари Аҳмаджон Абдураҳимов. – Мазкур анжуман ўзининг нуфузи, масъулияти билан барчамизни ҳаяжонга солмоқда. Лекин ижрочиларимизнинг ижодий маҳорати, салоҳияти республика мақом мактабида тобланган. Халқаро мақом санъати анжуманида “Баёт”, “Тановор”, “Насруллойи”, “Бу гулшан соз” номли қўшиқлардан иборат мақом гулдастаси намойиш этилади. Ансамбль ижрочилари билан бирга яккахон хонандалар Аҳаджон Одилов, Шерали Раҳмонов ҳам қўшиқлари билан саҳнага чиқишади. Ансамблнинг энг ёш аъзолари Риштон туманидаги 26-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Содиқжон Солиев, Тошлоқ туманидаги 22-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Жамолиддин Алижонов, Шукронабегим Одилованинг чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлади, албатта.

Азиз Абдуазимов ҳам Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий хонандалик йўналишида таҳсилни тамомлаб, шу ансамблда фаолият бошлади. Талабалик йилларида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида, “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқлар кўрик-танловида қатнашди. Жорий йилда “Янги овозлар” қўшиқлар кўрик-танловининг республика босқичида “Найлайин”, “Мустаҳзод” қўшиқлари билан биринчи ўринни эгаллади.

– Мазкур анжуманда қатнашиш менга фахр бағишлаш билан бирга, зиммамга катта масъулият ҳам юклайди, – дейди ёш мақомчи. – Халқаро миқёсда мақомчилигимиз намуналарини намойиш этиш шараф. Лекин мақомчиликнинг ўзига хос анъаналари, қонун-қоидаларини тўла-тўкис адо этиш ижрочидан тинимсиз изланиш, қунт, сабр-тоқат талаб қилади. Ғазал мазмуни, овоз – оҳанг мусиқий товушлар билан уйғунликда ифода этилиши керак. Мақом ижросида паст-баландлик даражаси меъёрини сақлашни синчковлик билан адо этиш лозим. Хуллас, анжуман биз, ёшлар учун катта синов мактаби бўлади.

Халқаро мақом санъати анжуманига саноқли кунлар қолди. Фарғоналик мақомчилар ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мусиқа ва санъат масканларидан, қўшиқсевар инсонлар хонадонларидан куй-наволар, мумтоз қўшиқлар саси эшитилади. Бир сўз билан айтганда, Фарғонада тонг отгунча мумтоз наволар тинмайди...

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 677