ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Халқаро амалий санъат Биенналеси


11-15 ноябрь кунлари пойтахтимизда II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси бўлиб ўтади. 
Мазкур санъат байрами қай жиҳатлари билан аҳамиятли? У санъат ихлосмандлари учун қандай туҳфаларни ҳозирламоқда? Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз юритилди. 

Санъат биенналеси Ўзбекистон Бадиий академияси, бир қатор вазирлик ва идоралар, муассасалар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Унинг мақсади аниқ ва муҳим: миллий анъаналарни асраб-авайлаш, замонавий амалий санъат асарларини тақдим этиш, шунингдек, унутилиб борилаётган халқ анъаналарини қайта тиклаш ва дунё санъатида юз бераётган жараёнларни амалда намойиш этиш. Бу ўз навбатида, турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Биеннале дастуридан ўрин олган тадбирлар мазмунан бой. Жумладан, санъатсеварлар учун ипак гиламлар, ўзбек миллий кулолчилиги, қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик ва миниатюра асарлари намуналаридан иборат кўргазмалар ҳозирланмоқда. Япон миллий санъати ва замонавий ўзбек безак санъати, моҳир заргар усталар, талабаларнинг ижодий ишлари кўргазмалари биенналенинг ёрқин воқеликларидан бўлиши кутилаяпти. Англия, Германия ва Жанубий Кореядан ташриф буюрган ижодкорлар рассомчилик, ўзбек усталари эса каштачилик, ипак қоғоз тайёрлаш бўйича бўлиб ўтадиган маҳорат дарслари орқали ижодий тафаккур ва тасаввур манзилларини янада кенгайтиради. Миллий ва замонавий либослар намойиши, ижодий учрашувлар ҳам санъатга янада мафтун этса, ажаб эмас.

– Биз халқ амалий санъати биенналеси учун дастлабки қадамларни қўяпмиз, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Ушбу тадбир борасида ўйлаган ниятларимиз, мақсадларимизни амалий жиҳатдан бирдан амалга ошириш қийин. Аммо иккинчи бор бўлиб ўтадиган биеннале биз учун ҳар томонлама ҳам сабоқ, ҳам маҳорат майдони бўлишига ишонамиз. Биз ёш ва навқирон янги номларни кашф этмоқчимиз, уларнинг маҳоратини юзага чиқаришни хоҳлаймиз. Очиғини айтганда, бугун кўпчиликни театр, музей ёки кўргазмага мажбуран олиб келамиз. Бу замонавий интеллектуал одамнинг оддий кундалик эҳтиёжи бўлиши керак, аслида. Афсуски, биз ҳали у даражага етиб борганимиз йўқ. Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси орқали томошабинни кўргазма залларига ўзининг хоҳиши билан келишга эришишни мақсад қилганмиз. 
“Инсон. Муҳит. Санъат”. Бу йилги биеннале нега бундай номланди? Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Бадиий академиянинг академиги Акбар Ҳакимов бу ҳақда шундай деди:
– Ҳозир янгидан-янгидан бинолар, яшаш манзиллари қурилиши жуда ривожланиб кетди. Лекин улар дизайн масаласида ортда қолмоқда. Иморатларни замонавий санъат, хусусан, амалий санъат унсурлари билан бойитиш етарли даражада эмас. Ваҳоланки, санъатда миллийликни акс эттириш тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шунинг учун биз бу гал биенналени “Инсон. Муҳит. Санъат” деб номладик. Яъни мана шу учлик уйғунлигида ҳақиқий санъат асарларини тақдим этиш ниятидамиз.

Маълумот берилишича, биенналеда юртимизнинг 100 дан ортиқ амалий санъат устаси ўз асарларини кенг намойиш этади. Хорижлик санъат шайдолари ҳам айни санъат тадбирига катта қизиқиш билдирмоқда. Италия, Англия, Жанубий Корея, Япония, Бангдадеш, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Украина, Тожикистондан 30 га яқин ижодкорнинг биеннале иштирокчиси экани бунинг далили. 

Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси Ўзбекистонда амалий санъат йўналишида ташкил этиб келинаётган фестиваль, кўргазмалардан қай жиҳатлари билан фарқланади? Мутахассиснинг фикрича, ушбу намойишда бадиийлик устуворликка эга. Амалий санъат усталарининг шахсий кўргазмалари ўтказилиши ҳам унинг ўзига хосликларидан бири. Шунингдек, илк бор бундай кўргазмалардаги буюмларнинг сотуви йўлга қўйилмоқда.

Биеннале дастуридан “Шаҳар муҳитидаги санъат” мавзусида давра суҳбати, “Санъатдаги глобализм ва миллий ўхшашлик”ка бағишланган илмий-амалий конференция ҳам жой олган. Мазкур тадбирларда юртимиз ва хорижий давлатларнинг санъатшунослари. музей ходимлари, профессор-ўқитувчилар, ёшлар иштирок этади.
Тошкент Халқаро амалий санъат биенналесида нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан учта фахрли ўрин ғолиблари ҳамда Бош соврин – Гран-при соҳиби аниқланади.


894
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА