Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 12:32 Чоп этиш версияси

Халқ қабулхонаси: амалиёт ва тажриба

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасида ҳарбийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилишни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни сифат жиҳатидан тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасида бу ерга келувчилар учун барча қулайлик яратилган. Фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Ҳуқуқий адабиётлар, зарур маълумотлар билан таъминланган.

Ана шу имкониятлар билан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва унинг таркибидаги ҳарбий округлар, ўқув муассасалари раҳбарлари Халқ қабулхонасига ташриф буюрди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов иштирокчиларни халқ билан мулоқотни тизимли йўлга қўйиш, фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни расмийлаштириш тартиблари, улар ҳал этилишини назорат қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.

Халқ қабулхонаси ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган қисқа вақтда 1 минг 500 дан зиёд фуқаро мурожаат қилган. Мурожаатлар қонунга мувофиқ белгиланган муддатларда, сифатли ва холисона кўриб чиқилмоқда.

– Яқин кунларда вазирлик ва унинг тасарруфидаги ҳарбий округларда Халқ қабулхоналарини ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили, полковник Ш.Юсупов. – Биз бу ерда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини, бу борада тўпланган тажрибаларни ўргандик.

Халқ қабулхоналари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
8 236






Все о погоде - Pogoda.uz