Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Халқ қабулхоналарига ишонч катта

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқи Конституциямиз ва бошқа қонунларда кафолатланган. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб ва муддатлари белгилаб қўйилган.

Ушбу қонуний асосларга кўра, 2016 йил сентябрь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ҳам жойларда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар қисқа вақтда ечим топиши, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Виртуал қабулхона билан биргаликда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси органларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари очилди.

– Партиянинг Самарқанд вилояти кенгашидаги қабулхона 2016 йилнинг сентябрь ойида иш бошлади, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгашидаги Бош вазир қабулхонаси бош консультанти Бахтиёр Мустафоев. – Бу ерда аҳоли мурожаатлари ёзма равишда қабул қилиниб, Ҳукумат порталида ташкил этилган Бош вазир виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz)га йўлланди. 2016 йил якунига қадар 716 мурожаат қайд этилиб, ҳозиргача уларнинг 92 фоизи кўриб чиқилди. Мурожаатлар мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг 205 таси суд-ҳуқуқ тизими, 47 таси коммунал хизмат кўрсатиш, 35 таси ер ажратиш масаласи, 25 таси ишга тиклаш билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида эканини кўриш мумкин. Уй-жой, банк кредитлари, давлат ҳокимияти бошқаруви органлари фаолияти юзасидан ҳам кўплаб ариза ва шикоятлар қайд этилган. Уларнинг барчаси тегишли тартибда мутасадди идоралар томонидан кўриб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Ургут, Пастдарғом, Тайлоқ, Жомбой туманларидан кўп мурожаатлар тушган.

– Маҳалламизда замонавий мактабгача таълим муассасаси қуришни илтимос қилиб партиянинг қабулхонасига мурожаат қилган эдим, – дейди Ургут тумани Ўрамас маҳалласида яшовчи Ш.Маҳмадмуродова. – Ушбу масала бўйича қисқа вақтда жавоб беришди ва 2017 йилда қишлоғимизда юз ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриладиган бўлди. Қабулхона хизматидан хурсандмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, энди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонаси, шунингдек, вилоятлар, туман ва шаҳарларда Халқ қабулхоналари ташкил этилади. Бу фармонда таъкидланганидек, юртимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 046






Все о погоде - Pogoda.uz