ЎзА Ўзбек

12.12.2017 19:18 Чоп этиш версияси

Халқ қабулхоналари – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг муҳим омили

Пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари Конституция ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси моҳиятида” мавзуcида ўтказилган халқаро конференция иштирокчилари 12 декабрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Европа Омбудсман институти бош котиби Йозеф Сигал, Қозоғистон, Таиланд, Молдова омбудсманлари вакиллари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишди.

Меҳмонларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасида олиб бораётган ишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Халқ қабулхонасидаги тиббиёт, она ва бола хоналари ҳамда фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар ибратли тажриба сифатида эътироф этилди.

– Одамларнинг дардини тинглайдиган, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва унга ечим топишга ёрдам берадиган бу каби идоралар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Қозоғистон парламенти депутати, бола ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон Республикаси вакили З.Балиева. – Ўзбекистонда Халқ қабулхоналарининг қисқа вақтда жамият ҳаётида ўз ўрнини топгани, аҳолининг ишончига сазовор бўлгани ҳам эътиборга лойиқ. Айниқса, бу ерда фуқароларни қабул қилишда давлат органлари, мутасадди идоралар масъулларининг ҳозир бўлиши мурожаатларни қисқа вақтда ҳал этиш имконини беради.

Ташриф давомида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларга саёҳат қилиб, халқимизнинг бой ўтмиши ва маданияти, аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига гувоҳ бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
9 694