ЎзА Ўзбек

15.08.2018 12:57 Чоп этиш версияси

Хўжакўрсинга қилинган иш

Хўжакўрсинга қилинган иш

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг "Ҳар бир фермерга битта ёш" лойиҳаси доирасида фермерларга бир нафар банд бўлмаган ёш бириктирилиб, унга ғалладан бўшаган ер майдонидан бир гектар бериш тартиби йўлга қўйилди.

“Yoshlar – kelajagimiz“ Давлат дастурини амалга ошириш бўйича ташкил этилган штабларда фермерларнинг ёшларга ажратаётган ер майдонлари тўғрисида маълумотлар тўпланмоқда.

Мамлакатимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Ёшлар иттифоқининг матбуот хизмати маълумотига кўра, бугунги кунга қадар фақат 10 минг 931 ишсиз ёшга 1 гектардан ер ажратилган. Хусусан, Фарғона вилоятида 3 минг 771, Андижон вилоятида 1 минг 371, Хоразм вилоятида 850, Сурхондарё вилоятида 849, Сирдарё вилоятида 800 ёшга 1 гектардан ер фойдаланиш учун берилган.

Афсуски, мавжуд имкониятлар ва қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг ижроси айрим ҳудудларда номигагина бажарилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида атиги 12, Навоий вилоятида 72 нафар ёшга ер ажратилган. Шу ўринда савол туғилади. Бу ҳудудларда банд бўлмаган ёшлар йўқми? Ёхуд ерга такрорий экин экилмайдими?

Бу борадаги ишлар ўрганилганда, айрим ҳудудларда Ёшлар иттифоқи ҳудудий бўлими раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари сусткашликка йўл қўйгани, ҳамкорликда ишламагани оқибатида такрорий экин экилмасдан қолаётгани маълум бўлган.

Ёшларга суғориш учун ноқулай, ҳосилдорлиги паст ерлар ажратиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Натижада бу ерлардан унумли фойдаланиш қийин кечмоқда.

Бу каби вазият барчамиздан ташаббус ва фидойилик билан меҳнат қилишни талаб этмоқда. Ёшлар билан тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласидир.

Д.Суннатов, ЎзА
8 773