Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 07:50 Чоп этиш версияси

Кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр суд. Маҳалла кимларни, нима учун кафилликка олди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Исковот озиқ-овқат саноати касб-ҳунар коллежида Жиноят ишлари ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича туман судларининг сайёр мажлиси ва аҳоли билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Наманган шаҳрида 1994 йили туғилган Зариф (исм-шарифлар ўзгартирилган) "Тараққиёт" маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган кафолат хатида таърифланишича, намунали ва обрўли оиланинг фарзанди бўлишига қарамай, ўзи билмаган ҳолда жиноят кўчасига кириб қолган.

– Ҳозирга қадар фуқаролар томонидан Зариф Маҳкамовга нисбатан шикоят билан мурожаат қилган ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан эътироз билдирилган ҳолатлар бўлмаган, – дейди "Тараққиёт" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Маматхонов. – У оқибатини ўйламаган ҳолда оиласидан ташқаридаги номаъқул муҳит таъсирига тушиб қолгани, яъни адашгани аниқ. Уни бу йўлдан қайтариш, қайта тарбиялаш мумкин ва буни маҳалла фаоллари билан зиммамизга оламиз.

Хўш, Зариф Маҳкамов қандай қилмиши учун суднинг қора курсисига ўтирди? Аслида, у жиноят йўлига бундан уч йил муқаддам қадам қўйган эди. 2015 йилда у ишлаб пул топиш мақсадида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига отланади. Лекин йигитча бу йўлда тегишли қонун-қоидалар борлигини писанд қилмай, бир гуруҳ ўзи каби фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда фуқаро Муқим Бўриев ёрдамида Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғи орқали Қирғизистон Республикасига қонунга хилоф равишда ўтиб кетади.

Давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузгани етмаганидек, Зариф Маҳкамов Бишкекда “Туркистон Ислом Ҳаракати” террорчилик ташкилотининг фаол аъзоси сифатида қидирувда бўлган Б.Ҳамроев деган шахс билан танишади ва қозон қуйиш цехида бирга ишлайди. Б.Ҳамроевнинг диний йиғинларида иштирок этади.

Орадан бир муддат ўтиб, Зариф яна бир гуруҳ кишилар билан бирга белгиланган тартибни бузган ҳолда, Нанай қишлоғидаги айланма йўллар орқали Ўзбекистонга кириб келади. 2015 йилнинг апрель ойида такроран Қирғизистонга чиқиб кетади, бу гал ҳам қонунга зид ҳолда, албатта. Бишкекда яна Б.Ҳамроевнинг пинжига кириб, жамият тараққиётига ғов бўлиш, конституцион тузумга қарши ғояларни тарғиб қилиш, дин ниқоби остида жаҳолат ва қабоҳатни мақсад қилиб олган ташкилот йиғинларида фаол иштирок этади, уяли телефон воситасида Сурия давлатида бўлаётган жанговар ҳаракатлар ҳақидаги видеороликлар намойишларини кўради.

2015 йил май ойида эса қирғизистонлик Ҳусан исмли шахс ёрдамида яна давлат чегарасини бузиб, Ўзбекистонга қайтиб келади. Шериклари қўлга тушиб қолмаганида Зарифнинг бундай жиноий ҳатти-ҳаракатлари яна қанча давом этар эди, номаълум.

Ниҳоят шерикларининг кўрсатмасига асосан Зариф Маҳкамов ҳам қонунга рўбарў бўлди. 2017 йил 29 декабрда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми б ва в бандлари, 241-моддасининг 1-қисми билан айблов эълон қилинди.

Зариф Маҳкамов давлат чегарасидан ўтиш тартибини бузиш, террорчилик гуруҳининг экстремистик мазмундаги даъватларини тинглаш, атрофида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилаётганини билган ҳолда хабар бермаслик жиноятларини содир этган эди.

Кенг жамоатчилик иштирокидаги сайёр судда Зариф Маҳкамовнинг ана шу қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди. Йигит истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва фаоллари, профилактика инспектори, “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар бўлимларининг раҳбарлари берган кафолат хати, судланувчининг ўз қилмишидан пушаймонлиги ва бундай жиноий ҳаракатларни такрорламаслик юзасидан берган ваъдаси ҳисобга олиниб, Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани суди раиси Дилфуза Аҳмадалиева ўтказган суд мажлиси Зафар Маҳкамовни уч йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

– Аслида менга қаттиқ жазо белгиланиши кераклигини, қилмишларим ўта оғир жиноят эканини энди тушуниб турибман, – дейди Зариф Маҳкамов. – Маҳалла ва бошқа ташкилотлар мени ҳимоясига олди, суд бағрикенглик билан ҳукм чиқарди. Менга ишонч билдирилгани учун катта раҳмат. Бу мен учун катта сабоқ бўлди. Бундан буён ўз юртимда ҳалол-пок меҳнат қилиб, менга билдирилган ишончни оқлайман ва қонунларга риоя қилиб яшайман. Мен ўзимга ҳам, атрофимдагиларга ҳам шундай сўз бердим.

Шу куни Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани суди раиси Музаффар Турғунов аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Иштирокчиларнинг паспорт тизими, алимент белгилаш каби кўплаб саволларига жавоб қайтариб, бу борада мавжуд қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда қонунчиликдаги бошқа янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
11 457