ЎзА Ўзбек

09.03.2019 09:33 Чоп этиш версияси

Кемирувчилар, дайди ва қаровсиз итлар, мушуклар, ёввойи ҳайвонлар – қутуриш касаллигининг асосий манбаи

Кемирувчилар, дайди ва қаровсиз итлар, мушуклар, ёввойи ҳайвонлар – қутуриш касаллигининг асосий манбаи

Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 миллионга яқин ҳайвонлар қутуриш касаллигига чалинар, 60 мингдан ортиқ одам шу касаллик туфайли вафот этар экан. Ўткир кечувчи, ўта хавфли зооантропоноз юқумли бўлган қутуриш касаллиги афсуски, ўлим билан тугайди. Тиббиёт қанчалик тараққий этмасин, ҳамон мазкур касалликнинг давоси ишлаб чиқилмаган.

Мутахассисларнинг айтишича, қутуриш касаллигининг манбаи, асосан кемирувчилар, дайди ва қаровсиз итлар, мушуклар ҳамда ёввойи ҳайвонлар ҳисобланади. Касалликнинг 95 фоизи қаровсиз дайди итлар томонидан етказилган жароҳат туфайли келиб чиқади ва 80 фоизи қишлоқ жойлардаги аҳоли ҳисобига тўғри келади. Энг ачинарлиси, жароҳат олганларнинг 60-65 фоизи 14 ёшгача бўлган ёш болалар бўлар экан.

photo_2019-03-08_19-34-08.jpg

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ўтказилган анжуманда касаллик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ҳар йили ўртача 3 миллионга яқин рўйхатга олинган итлар қутуришга қарши эмланиши таъкидланди. Шунингдек, ҳудудларда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда “Қутуриш касаллигига қарши кураш” ойликлари ўтказилиб турилади. Бу йил ҳам ана шундай тадбирлар ўтказилиб, ўтган икки ой мобайнида 1 миллион бошга яқин ит эмланган, қаровсиз ҳайвонлар ит тутиш бригадалари томонидан тутилган, янги рўйхатга олинган итларга эса махсус гувоҳномалар берилган. Ит сақлаш қоидаларини бузган шахсларга жарималар солинган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 008