Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 13:49 Чоп этиш версияси

Келганда дори билан, кетганда тилла билан жиноят содир этди

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизматидан маълум қилишларича, сўнгги пайтларда айрим жисмоний шахслар томонидан улар учун божхонада жорий қилинган енгилликлар ва қулайликларни суиъстемол қилишга бўлган уринишлар тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида чегара-божхона пости ходимлари Деҳлидан учиб келган фуқаро Ж.Содиқов томонидан қиймати 24,4 миллион сўмлик 1022 дона дори воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди. Шунингдек, мазкур постда 2018 йилнинг 22 март куни Истамбул ва Деҳлидан учиб келган 5 нафар йўловчилар томонидан дори-дармон воситаларининг яширинча олиб кирилишига доир қоидабузарликлар фош қилинди.

Фуқаролар Х.Шарипова, Д.Мажидова, М.Нўъмонова, Г.Аъзамова, С.Далимова ва Б.Толиповлар рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган 25 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 1324 дона фармацевтика маҳсулотларини олиб ўтмоқчи бўлишган. Гап шундаки, ушбу қоидабузарларнинг аксарияти божхонада яшил йўлак орқали ўтаётганда тўхтатиб қолинган. 

Улар орасидаги шахслардан бири Б.Толипов мазкур ҳодисадан икки кун ўтар-ўтмас, яна Деҳлига йўл олмоқчи бўлганида навбатдаги божхона қоидабузарлигини содир этди. 

Яъни, яшил йўлак орқали божхонадан ўтаётган Б.Толиповнинг бўйнига ва қўлига тақилган занжирлар божхоначиларнинг диққатини тортди. Сиртдан қаралганда, кумушга ўхшайдиган ушбу тақинчоқлар аслида тилладан ишланган бўлиб, божхоначиларни чалғитиш мақсадида оқ рангга бўялган экан. Бундан ташқари, у қўлбола усулда тайёрланган ва тегишли пробаси бўлмаган 1 дона қуйма узукни ҳам олиб чиқмоқчи бўлган. 

Натижада, қоидабузардан қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 26,5 миллион сўмни ташкил қилувчи 171 грамм оғирликдаги тилла буюмлар олиб қўйилди. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, республикамизда жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари, шунингдек 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.

Гўзал Сатторова, ЎзА
3 968