ЎзА Ўзбек

18.08.2018 16:01 Чоп этиш версияси

“Келажак депутатлари” гуруҳи Тошкент шаҳрида саёҳат уюштирди

“Келажак депутатлари” гуруҳи Тошкент шаҳрида саёҳат уюштирди
Мазкур ташриф ёшларни мамлакатда янги қабул қилинаётган қонунлар билан яқиндан таништириш баробарида, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини оширишда яхши самара беради. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги нутқида илгари сурилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши жараёнлари билан ёшларни яқиндан таништириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимизнинг тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида O’zLiDePнинг барча туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузурида “Келажак депутатлари” гуруҳи ташкил этилган эди. Айни чоғда бўлажак депутатлар ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда. 

Бугун “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз ёшлар!” шиори остидаги ёшлар форуми иштирокчилари, O‘zLiDePнинг Навоий вилоят Кенгаши ҳузуридаги “Келажак депутатлари” гуруҳи аъзолари билан биргаликда Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Дастлаб иштирокчилар пойтахтимизнинг Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйишди. 

Шундан сўнг улар O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида бўлиб, партия фаолияти билан яқиндан танишишди. 

Учрашувда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди. 

Жумладан, O‘zLiDeP дастури доирасида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳамда ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Бу борада олиб борилаётган ишлар партиянинг ёшларда тадбиркорликка оид чуқур билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда бизнес ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини сингдиришга кўмаклашишдек дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди. 

Таъкидланганидек, ушбу саёҳатнинг ўтказилиши мазкур йўналишдаги ишларнинг мантиқий давомидир. Чунки мазкур ташриф ёшларни мамлакатда янги қабул қилинаётган қонунлар билан яқиндан таништириш баробарида, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини оширишда яхши самара беради. 

Юзма-юз мулоқотлар давомида ёшлар ўзларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди, қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди. 
Шундан сўнг, бўлажак депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб, партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамда депутатлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. 
Шунингдек, учрашув давомида иштирокчиларга парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги, ўтган 27 йил давомида фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар масаласига қайта-қайта эътибор қаратилаётгани бежиз эмаслиги, жойларда ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш ва шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар ҳанузгача сақланиб қолаётганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг гуруҳ аъзолари Турин политехника университет қошидаги Инновацион технопаркига ҳамда Чилонзор туманидаги “Ёш тадбиркорлар” коворкинг марказида бўлди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 755