Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2017 21:57 Чоп этиш версияси

Кексалар тажрибаси – ибрат мактаби

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари учун ўқув-семинар ўтказилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳалла раислари, маслаҳатчилари ва фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

Мамлакатимизда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш, маҳалла институтини жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш борасидаги ислоҳотлар эл-юртимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини, соғлом маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур фармонга кўра, жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар) фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди.

Ўқув-семинар иштирокчилари шўъбаларга бўлиниб, нотинч оилаларни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарликлар ва ажримларнинг олдини олишда нуронийларнинг вазифалари, тўй-маросимларни миллий анъаналаримизга мос ихчам ва камхарж ўтказишнинг зарурати, нуронийларнинг маҳаллалардаги ёшлар билан ишлашдаги ўрни, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда диний идоралар билан ҳамкорлик масалалари мавзуларида амалий машғулотлар олиб борди. Мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.

– Ўрганишлардан маълум бўлдики, айниқса қишлоқларда уюшмаган ёшлар кўп ва уларнинг аксарияти ишсиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Қарши тумани бўлими раҳбари Полвонқул Тўлиев. – Ишсизлик муаммосини ҳал этиш, қишлоқларда ўтказилаётган тўй ва дафн маросимларини тартибга солиш, оилавий низоларнинг олдини олиш, майда безорилик, ўғрилик, ёшлар ўртасида диний экстремистик оқимларга билмасдан кириб қолиш ҳолатларини бартараф этишда маҳалла фуқаролар йиғинларида жорий этилган кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчининг фаолияти жуда муҳим. Боиси, улар катта ҳаётий тажрибага эга. Бугунги кунда туманимизда 16 мингдан ортиқ пенсионер бўлса, уларнинг 8 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 360 нафари меҳнат фронти фахрийси ҳисобланади. 250 дан ортиқ нуронийлар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда меҳнат қилмоқда.

Ўқув-семинар давомида “Маҳаллаларда ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, жойлардаги ижтимоий объектлар фаолиятини мониторинг қилиш ҳамда аниқланган ижтимоий муаммоларнинг мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг иштирокини кенгайтириш масалалари”, “Тўйлар ва бошқа маросимларни миллий қадриятларимизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш билан боғлиқ масалалар”, “Ёш авлод қалби ва онгига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳини сингдиришда комиссиянинг ўрни", "Тарбияга оид масалаларда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги” механизмини татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари”, “Диний экстремизм, ақидапарастлик ва миссионерликнинг аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар онгига салбий таъсири ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишнинг долзарб масалалари”, “Вояга етмаганлар ва ёшларнинг миллий маънавиятимизга зид бўлган иллатлар ҳамда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда маслаҳатчиларнинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жамиятимизда дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ва кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 004






Все о погоде - Pogoda.uz