Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 17:08 Чоп этиш версияси

Кайзен ва Lean тизимлари: уларнинг дунё миқёсидаги ўрни ва Ўзбекистонда татбиқ этиш истиқболлари

Ишлаб чиқариш самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини қандай қилиб ошириш мумкин ва ишлаб чиқариш харажатларини кескин камайтиришга қай тарзда эришилади? 

Минглаб ишчи-хизматчиларга ва миллиардлаб пул айланмасига эга бўлган, илмий-технологик тараққиётнинг энг замонавий ютуқларини ўзида мужассам этган мураккаб механизмларни ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳақида гапирганда, бу саволга жавоб бериш осон кечмайди. 

Шу ўринда, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида кўплаб ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқилган ва амалда татбиқ қилинган услублардан фойдаланишимиз мумкин бўлади. 

Дунёда энг кўп тарқалган усул эса, «Кайзен» – тежамкор ишлаб чиқариш услубидир. 

Майда икир-чикирларга ҳам эътиборли бўлган японлар томонидан ўйлаб топилган ишлаб чиқаришни мақбуллаштириш ва унинг самарадорлигини кескин ошириш услуби кўплаб мамлакатларда юксак эътибор қозониб, дунёга кенг тарқалди. 

Ўтган асрнинг 50-йилларида Toyota компаниясининг ишлаб чиқариш тизимини яратган Тайити Оно «Тежамкор ишлаб чиқариш» концепциясининг асосчиси ҳисобланади. «Кайзен» тизими – бу тежамкор ишлаб чиқариш фалсафаси бўлиб, у TPS (Toyota Production System) - «Тойота ишлаб чиқариш тизими»нинг негизидир. Япон тилида «Кайзен» сўзи иккита иероглифдан иборат бўлиб, «kai» - «ўзгариш» ва «zen» эса «яхшилаш», «такомиллаштириш»ни англатади. Шундай қилиб, Кайзен сўзини ўзбек тилига «Узлуксиз такомиллаштириш» деб таржима қилса бўлади. 

Кайзен тизимида, ишлаб чиқарилган товар ёки кўрсатилган хизматнинг истеъмолчи учун қанчалик қадрли ва аҳамиятга эга эканлиги энг муҳим кўрсаткич ҳисобланади. TPSнинг асосчиси Тайити Ононинг айтишича: «Биз шуғулланадиган иш – истеъмолчи томонидан буюртма берилган вақт ва қилинган иш учун олинадиган тўлов ўртасидаги муддатни кузатишдан иборатдир. Биз бу муддатни қисқартирган ҳолда, қийматга эга бўлмаган йўқотишларни бартараф этамиз».

Кайзен тизимининг ғоялари Масааки Имаининг «Кайзен. Япон компанияларининг муваффақият калити» асарида батафсил ёритилиб, ушбу китоб 1986 йилда Англияда нашрдан чиқарилди. Мазкур ғояларнинг асосийлари қуйидагилардир:

- Кайзен, муаммоларсиз корхона бўлмаслигини яхши англайди ва у мазкур муаммоларни ечишда ёрдам беради. Бунда, шундай меҳнат муносабатлари йўлга қўйиладики, ҳар бир ишчи муаммо учун жазоланишнинг ўрнига, муаммонинг бўлмаслигига кафил бўлади. 

- Кайзен стратегиясининг асоси шундан иборатки, фойда олишни мақсад қилган менежмент томонидан мижозни ва унинг талабини қондириш асосий вазифа этиб белгиланади. 

- Кайзен бу узлуксиз такомиллаштириш стратегияси бўлиб, корхонанинг барча фаолияти алалоқибат мижозни тўлиқ қониқиш ҳосил қилишига йўналтирилиши лозим.

Мазкур концепциянинг самарадорлигига яққол далил сифатида Япония ва Ғарб давлатлари корхоналаридаги рационализаторлик ғояларининг ишлаб чиқаришда қўлланилишини солиштириб кўриш кифоя қилади. Мисол учун, 1989 йилда Японияда барча рационализаторлик таклифларнинг 83 фоизи амалиётга татбиқ қилинган бўлса, Германияда бу кўрсаткич 40 фоизни, АҚШда эса озроқ, яъни 30 фоизни ташкил этган. Германияда бир йилда ҳар бир ходимга 0,15 та рационализаторлик таклифи тўғри келса, Японияда эса ушбу кўрсаткич 30 дан кўпроқни ташкил этган.

photo5337321426442627374.jpg

Америка ва Европа компанияларига қараганда Toyota ривожланиш суръатида анча илгарилаб кета бошлади. Ишлаб чиқариш услубларидаги самарадорлик кўрсаткичларидаги фарқ яққол аён бўлиб қолди. General Motors 1989 йилда 5,5 млн. дона автомобилни 775 минг ишчи ёрдамида ишлаб чиқарган бўлса, Toyota эса 3,3 млн. дона автомобилга 90 минг ишчи кучини сарфлади. Турли компаниялардаги автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми ва ишчилар сонини солиштириб кўрамиз: Toyota – бир ишчига 36,3 та, Honda – 22,5 та, Nissan – 19,5 та, PSA Peugeot Citroen – 14,6 та, Ford – 11,1 та, GM эса бор йўғи 7,1 та автомобиль тўғри келади. Ўша вақтда Toyota ва GM ўртасидаги самарадорлик даражасидаги фарқ 5 баробарни ташкил қилган эди. Шунда, Toyota компанияси ишлаб чиқариш жараёнининг идеал услубига эга эканлигини бутун дунё тушуниб ета бошлади. Сиз бундай услубни ўзлаштирсангиз нима қилган бўлардингиз? Шак-шубҳа йўқ-ки, уни ўз рақобатчиларингиздан қаттиқ сир сақлар эдингиз. Лекин Toyota аксинча йўл тутди – японлар TPS тизимини кенг тарғиб қилиб, уни ўрганишни истовчиларга консалтинг хизматларини кўрсата бошладилар.

Амалиётда, Кайзен бу – самарадорликни ошириш ва харажатларни камайтириш стратегияси бўлиб, бош директордан тортиб оддий чилангаргача бўлган барча қатламларга уни татбиқ қилинишини бошқаришдан иборатдир. Услубнинг асосий мақсади – компания ходимларини бир йўналишда ҳаракат қилишлари учун шароитлар яратиш ҳамда барча ходимлар бажараётган ишлар, компаниянинг мақсад ва режалари билан ҳамоҳанг бўлишини таъминлашдир. Бошқача қилиб айтганда, компания Кайзен тамойилларига риоя қилиб, унинг барча аъзолари максимал даражада мувофиқлашган ва мутаносиб ҳолдаги ягона бир вужудга айланиши лозим. Бунда, барча ходимлар ўзларининг вазифалари ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишлари керак. 

Тежамкор ишлаб чиқаришнинг энг муҳим тамойилларидан бири 5S тизими ҳисобланади. Бу меҳнат жойининг ташкил этиш услуби бўлиб, белгиланган иш жараёни, тартиб-интизом, тозалик, саранжомлик, вақт ва энергияни тежаш бўйича энг мақбул шароитларни яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу услубда қуйидаги 5 та қадам асос ҳисобланади:

– SEIRI - Саралаш (иш жойидаги ортиқча нарсалардан қутилиш);
– SEITON – Саранжомлаш (тартибга келтириш); 
– SEISO – Софлик (озодаликка риоя этиш); 
– SEIKETSU - Стандартлаштириш (иш жойида белгиланган стандартларга риоя қилиш);
– SHITSUKE - Самарали интизом (тартибни узлуксиз такомиллаштириб бориш). 

photo5337321426442627375.jpg

Шунингдек, бу тизимнинг яна бир тамойили «Умумий сифат менежменти» (TQM – Total Quality Management) бўлиб, у хом-ашё ва вақт исрофини бартараф этиш, маҳсулот сифатини яхшилаш, инновациялар ва янги стандартлар билан ишлашдан иборат. 

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида Кайзен тизими «Lean production» – «Тежамкор ишлаб чиқариш» номи билан шуҳрат қозонган. «Lean production» – америкалик иқтисодчи Жон Крафчик томонидан 1988 йилда Toyota компаниясининг ишлаб чиқариш услубини ифодалаш учун биринчи бор ишлатилган атамадир. Европача фикрлаш тарзига мослаштирилган япон тизими дастлаб автомобилсозлик саноатида татбиқ этила бошлаган. Кейинроқ эса, Lean услуби кенг тарқалиб, ҳозирда бу услубдан қурилиш, ҳарбий саноат, савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муваффақият билан фойдаланилмоқда. 

LEAN тизимининг оммалашуви

Lean меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича дунёда энг машҳур услубдир. Масалан, АҚШдаги компанияларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи бу услублардан муваффақият билан фойдаланмоқда. Ушбу тизим татбиқ қилинишининг давлат тарафидан қўллаб-қувватланиши тежамкор технологияларнинг бунчалик кенг равишда тарқалиши сабабларидан биридир. Тежамкор ишлаб чиқаришни барча корхоналарда татбиқ этиш бўйича давлат томонидан салмоқли даражада таъсир чоралари кўрилиб, бу лойиҳалар рағбатлантириб борилади.

1988 йилдан бошлаб АҚШда Савдо вазирлиги ҳузуридаги Стандартлар ва технологиялар миллий институти қошида ташкил этилган дастур ишлаб келмоқда. Дастур доирасида амалга оширилаётган фаолиятнинг 60 фоизидан 80 фоизигача бўлган қисми Lean ва тежамкор ишлаб чиқаришни татбиқ этишдан иборат. Бунда, давлат ва хусусий бизнес қуйидаги тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади.

Деярли ҳар бир штатнинг турли шаҳарларида бир нечта офислар бўлиб, уларнинг бюджети уч қисмдан шакллантирилади. Одатда, улар тенг улушда федерал бюджет, штат бюджети ва консалтинг хизматини олувчи корхона томонидан молиялаштирилади. Бунинг натижасида, корхоналар учун бундай хизматлар уч баробар арзонга тушади. Ушбу дастур ўрта ва кичик бизнес корхоналари учун мўлжалланганлиги ҳам эътиборга молик.

Яна бошқа бир мисол. 1991 йилда АҚШнинг аэрокосмик соҳасида хусусий бизнес ва давлат ҳамкорлигидаги тармоқ уюшмаси ташкил этилиб, унга ҳукумат тарафдан Мудофаа вазирлигининг авиация ва ҳарбий денгиз кучлари департаментлари кирган. Мазкур уюшма юқорида кўрсатилган мисолдаги каби фаолият кўрсатади. Ундан биргина фарқи шуки, молиялаштиришда маҳаллий бюджетларнинг маблағлари иштирок этмайди ва асосий маблағлар федерал бюджетдан келиб тушади.

Буюк Британияда ҳам Саноат вазирлиги қошида Lean услубларининг татбиқ этилишини давлат бюджети томонидан молиялаштириш орқали қўллаб-қувватловчи ҳамкорлик ташкилоти мавжуд. Бу тузилма дастлаб автокомпонентлар ишлаб чиқарувчиларини ривожлантиришга ихтисослашган эди. Чунки, Буюк Британияда ўз ишлаб чиқаришларини ташкил этган Toyota, Mazda ва бошқа компаниялар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бераётган маҳсулотлар сифатидан қониқмаган эди. Ҳозирда, мазкур уюшма фаолиятининг 90 фоизи Lean дастурларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Шунга ўхшаш тизимлар ривожланаётган давлатларда, масалан, Ҳиндистонда ҳам бор. Қозоғистонда бундай дастур 2009 йилдан бери ишлаб келмоқда. 2013 йилдан бошлаб эса, Қозоғистонда Lean ва Кайзен технологияларини ривожлантириш бўйича махсус Давлат дастури қабул қилинган бўлиб, мазкур технологияларни корхоналарга татбиқ қилиш бўйича харажатларнинг 50 фоизи давлат томонидан тўланиши белгиланган. Бундан ташқари, Индустрия ва янги технологиялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарларини Кайзен ва тежамкор ишлаб чиқариш технологияларига ўқитиш учун 1 млн. АҚШ доллари атрофида бюджет маблағлари ҳам йўналтирилган.

Россияда эса, Lean технологиялари хусусий бизнес билан бир қаторда, давлат корпорацияларида ҳам кенг қўлланмоқда. «Росатом» ва «Россия темир йўллари» давлат корпорациялари, «КАМАЗ», «Иркут» каби компаниялар тежамкор ишлаб чиқаришни татбиқ қилишда салмоқли натижаларга эришдилар. Ҳозирда, Россия компанияларининг 10 фоизидан кўпи ўз кундалик фаолиятларида Lean услубларини қўллаб келмоқда. Бунда, ишлаб чиқаришни мақбуллаштириш услубларини қўллаш бўйича «Росатом» корпорацияси энг фаол ўринни эгаллаб, Lean услублари асосида «Росатом»нинг ишлаб чиқариш тизими яратилди ва бу тизим соҳадаги барча корхоналарга татбиқ қилинмоқда.

Lean технологияларига мисолларнинг кўпчилиги ва уларнинг татбиқ қилиш натижалари бир бирига жуда ўхшаш. Чунки, бу ҳар доим меҳнат унумдорлигининг кескин ошиши, юқори иқтисодий самарадорлик ва маҳсулот сифатининг яхшиланиши билан намоён бўлади.

photo5337321426442627376.jpg

Ўзбекистон тажрибаси

Юртимизда 2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда «Кайзен» тизимларини татбиқ этиш лойиҳаси амалга оширилган. Шунингдек, Ўзбек-Япон Маркази (UJC) ҳам 2016 йилга қадар Савдо-саноат палатаси билан бирга ушбу тизимни татбиқ қилишда ҳамкорлик қилган. 

Ўзбекистон Савдо саноат палатасининг Тадбиркорлик асосларига ўқитишни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Азиз Ҳақбердиев берган маълумотга кўра, мазкур лойиҳа доирасида кўплаб семинарлар ташкил этилиб, уларда 100 ортиқ саноат корхоналарининг вакиллари иштирок этган, тежамкор ишлаб чиқариш тизими принциплари 13 та корхонага амалда татбиқ этилган ва консултантлар томонидан 16 та тижорий лойиҳалар амалга оширилган.

Дастурни амалга ошириш жараёнида фаолият олиб борган консультантлар томонидан Ўзбекистондаги саноат корхоналарининг асосий муаммолари сифатида ишчилар меҳнатининг фойдали коэфицентининг пастлиги, ходимларда беҳуда ҳаракатларнинг кўплиги (мисол учун, иш жойидан омборхонага бориш ёки ишлаб чиқариш воситалари ўрнатилган жойларнинг бир-биридан узоқлиги в.ҳк), ишлаб чиқаришда ишлатилмайдиган ускуналарнинг керагидан ортиқ ҳажмдаги эканлиги, муаммоларни тезкор аниқлаш тизимининг йўқлиги, сифат билан боғлиқ муаммолар кўрсатилган.

Юқорида қайд этилган ўзаро ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 2014 йилда Кайзен услубини оммалаштириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, Кайзен Маркази ташкил этиш, республиканинг олий ўқув юртларида ўқув дастурларини киритиш, ўқув семинарларини ўтказиш ва бошқа тадбирлар режалаштирилган. Бироқ, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва Ўзбек-Япон маркази лойиҳаларининг амалга ошириш муддатлари якунига етганлиги сабабли, Тежамкор ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш ишлари охирги пайтда тўхтаб қолган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегиясига мувофиқ миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишдаги энг муҳим вазифалардан бири этиб, принципиал жиҳатдан янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш, шу асосда ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш вазифаси қайд этилган.

Биз шуни яхши англашимиз керакки, бугунги кунда Европа, Россия, Хитой компаниялари билан фақатгина Тежамкор ишлаб чиқаришнинг замонавий услубларини юртимиздаги барча корхоналарга кенг татбиқ этган ҳолда меҳнат самарадорлигини ошириш ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига рақобатлашиш мумкин. 

Бунинг учун эса, қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилади:

● иқтисодиёт фанлари олимлари ва тажрибали мутахассисларни Кайзен ва Lean услубларни республикамиз шароитидан келиб чиққан ҳолда амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича илмий изланишларга марказлашган равишда жалб этиш;

● Тежамкор ишлаб чиқариш принципларини республикамиздаги барча саноат корхоналарига татбиқ этилиши бўйича давлат дастурини қабул қилиш;

● Инновацион ривожланиш вазирлиги ёки Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида «Тежамкор ишлаб чиқариш тизимлари Маркази»ни ташкил этиш;

● Тежамкор ишлаб чиқариш услубларининг татбиқ этишга ихтисослашган чет-эл консалтинг компанияларини жалб қилиш;

● мазкур услубларни корхоналарга сифатли равишда татбиқ эта оладиган маҳаллий консалтинг компаниялар тизимини яратиш;

● самарадорликни ошириш принципларини корхоналарга татбиқ этишда АҚШ ва Буюк Британия тажрибаси асосида, консалтинг хизматларининг маълум қисмини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш механизмини яратиш;

● янги услубларни татбиқ қилиб, ўз самарадорлигини оширишга ҳаракат қилаётган корхоналарга давлат кўмагини бериш усулларидан фойдаланиш;

● мазкур услубларни муваффақиятли татбиқ этган корхоналарнинг тажрибасини кенг тарғиб қилиб, уни бошқа корхоналарга ҳам ёйиш;

● барча даражадаги ишлаб чиқариш субъектлари (шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари) раҳбарларини тежамкорлик принциплари асосида узлуксиз такомиллаштириш фалсафасини тушуниб етиши ва муаммоларни ечиш инструментларига ўқитишни ташкил этиш. Бунда, ўқув жараёнларини молиялаштиришда давлат маблағларининг ажратилишини ҳам кўзда тутиш;

● янги услуб қўлланилиши бошланган корхоналарни кейинчалик ҳам маҳаллий консультантлар томонидан кўмак берган ҳолда кузатиб бориш ва лойиҳаларнинг босқичма-босқич ривожлантирилишини таъминлаш механизмини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.


Анвар Пирматов,
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ 
акциядорлар билан корпоратив 
муносабатлар бўлими бош мутахассиси.

ЎзА
7 189