Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 13:17 Чоп этиш версияси

“Катта йигирмалик” ҳақида нималарни биламиз?

“Катта йигирмалик” ҳақида нималарни биламиз?

“Катта йигирмалик” (G20 — инглизча The Group of Twenty, major advanced and emerging economies) — ҳукумат ва марказий банк раҳбарларининг клуби бўлиб, унга иқтисоди тараққий этган Австралия, АҚШ, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Япония ва Европа Иттифоқи киради. Европа Иттифоқи номидан Еврокомиссия ва Европа Кенгаши раислари иштирок этади. Шунингдек, G20 анжуманларида Молиявий барқарорлик Кенгаши, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТ, Жаҳон банки раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Саммитларда нафақат иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ масалалар, балки, бошқа долзарб муаммолар ҳам муҳокама қилинади. Хусусан, иқтисодий тараққиётни амалга ошириш мақсадида аъзо мамлакатлар ўз зиммасига оладиган ижтимоий мажбуриятлар ҳам мавзу бўлиши мумкин.

G20 ва унинг замонавий дунё тараққиётидаги ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ташкилот G7 ташаббуси билан дунёга келганлигини айтиш керак.

1971 йилда Америка Президенти Никсон даврида “бир унция олтин 35 долларга тенг” қоидасига барҳам берилди. Шундан сўнг жаҳон молия тизими таназзулга учрай бошлади. 1973 йилги араб-исроил уруши ва ундан кейинги нефть инқирози туфайли жаҳон молия тизимида инқироз кузатилди. 1974 йил давомида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Япония ва Германия иқтисод вазирлари бир неча бор Оқ уйнинг кутубхонасида учрашиб, юзага келган муаммоларни муҳокама қилди. 1975 йилда иқтисод вазирларидан икки нафари - француз Валери Жискар (Valery Giscard) ва немец Гельмут Шмидт (Helmut Schmidt) давлат раҳбари этиб сайланди. Валери Жискарнинг таклифига биноан беш мамлакат ва Италия раҳбарлари биринчи олий даражада учрашув ўтказдилар. Иккинчи учрашувда Канада ҳукумати раҳбари қатнашгани боис G7 гуруҳи ташкил топди.

g7.jpg

1990 йилнинг ўрталарига қадар G7 раҳбарлари мунтазам равишда учрашиб, жаҳон иқтисодий ҳамда молиявий тизимига таъсир ўтказиб келди. 1997 йилда Осиёда инқироз бошланди. Кейинчалик Тинч океан минтақасини, Россия ва Лотин Америкасини ҳам қамраб олди. G7 раҳбарлари бундай вазиятда глобал муаммолларни ҳал қила олмай қолдилар. Буни ўз вақтида пайқаган Америка Президенти Билл Клинтон Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар раҳбарлари иштирокида саммит ўтказиш ташаббуси билан чиқди. 1997 йилда Канаданинг Ванкувер шаҳрида 22 мамлакат раҳбари йиғилди. Шундан кейин G22 раҳбарлари иштирокида яна икки марта учрашув бўлди. Бироқ, Европа ва Яқин Шарқдаги муҳим давлатларнинг йўқлиги сабаб, “Катта еттилик” гуруҳи G22 ни G33 кенгайтиришга қарор қилди. Шу тариқа 11 мамлакат қўшиб олинди. 1999 йилда G33нинг учрашувлари ўтказилди. Бироқ, гуруҳнинг кенгайгани унинг иш самарадорлигини пасайтирди. Чунки ўзаро фикр алмашишда мураккабликлар юзага келди. Шу сабабли, G7 бу вазиятдан чиқишга чора қидириб, G20 борасидаги қарорга келди.

Маълумки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ якка ўзи жаҳон иқтисодиёти рулига ўтириб олди. Шундай бўлса-да, 1960-70 йиллардаги иқтисодий инқирозларни бартараф этиш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлди.

G7 1990 йиллардаги иқтисодий инқирозларни бартараф этиш учун ривожланаётган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш лозимлигнини англаб етган эди. 1999 йил июнида бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган декларацияда G7 раҳбарлари “муҳим давлатларни жалб қилиш орқали” норасмий мулоқот майдончаси ташкил этиш устида иш олиб бориши қайд этилди. Шу тариқа 1999 йилнинг декабрида илк бор иқтисод вазирлари иштирокида учрашув бўлди ва гуруҳга G20 номи берилди. Биринчи декларацияда G20 19 та мамлакат ва Европа Иттифоқидан иборат бўлиши айтилди. G20 га Туркия ҳам қабул қилинди. Ғарб мамлакатларидан иборат “Катта еттилик” раҳбарлари Туркияни мусулмон ва демократик мамлакат, НАТО аъзоси, Европа Иттифоқига номзоди қўйилган, ғарб дунёси ва демократик қадриятлардан узоқлашмаган мамлакат бўлгани учун G20га қабул қилишди.

G20 ташкил топганидан сўнг жаҳонда юз берган глобал инқироз мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада юксак даражага олиб чиқишни тақозо қилди. Шундан сўнг, иқтисод вазирлари сафига давлат ва ҳукумат раҳбарларини ҳам қўшиш борасида таклиф бўлди. 2008 йил 14-15 ноябрь кунлари Вашингтонда, 2009 йил 2 апрелда Лондондаги учрашувларда инқирозни бартараф этиш йўлида ўта муҳим қарор қабул қилинди. Бироқ, кузатувчиларнинг фикрича, инқирознинг жаҳон иқтисодиётига таъсири сусайгани боис G20 қабул қиладиган қарорларнинг аҳамияти ҳам пасайиб борди. Айни дамда G20 у ёки бу масала юзасидан ўзаро фикр алмашадиган сиёсий майдон сифатида кўрилади. “Глобал инқирозларни ҳал қилиш йўлида G20дан кўп нарса кутиб бўлмайди”, дегувчилар ҳам бор.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 1970 йилдан 2008 йилга қадар жаҳон иқтисодиётида турли кўринишдаги юздан ортиқ инқироз кузатилган бўлса-да, уларни бартараф этиш йўлида G7 ҳам, G20 ҳам жиддий чоралар кўрмагани қайд этилмоқда. Сан-Пауло институти хуқуқ профессори Камилла Виллард Дюран Project Syndicate нашрида эълон қилинган мақоласида G20 ўз олдига қўйган асосий вазифа бўлмиш глобал молиявий барқарорликни таъминлай олмаётганини билдирди.

Дунё аҳолисининг учдан икки қисми истиқомат қиладиган G20 мамлакатлари ҳиссасига ялпи миллий маҳсулотнинг 85 фоизи, жаҳон савдосининг 75 фоизи тўғри келади.

2008 йилга қадар гуруҳ молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари иштирокидаги йиғилишлар билан чекланиб, олий даражада саммитлар ўтказмаган. 

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
10 142