ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Катта йўллар ёқасида меҳнат қилаётганлар...

Катта йўллар ёқасида меҳнат қилаётганлар...

Узоқ сафарга отланган инсон борки, йўл-йўлакай ёзнинг иссиқ чилласи-ю, қишнинг қаҳратон совуқларига қарамай, катта йўллар ёқасида сидқидилдан меҳнат қилаётган йўлсозларнинг машаққатли ишларига гувоҳ бўлади.

Тан олишимиз керак, жуда узоқ йиллар мобайнида йўлда ишлаётган ходимларга ҳақ тўлашда адолат мезони анча издан чиққан эди. Инсон организми учун экологик зарардан ташқари бошқа жиддий хатарлари мавжуд бўлган бу стратегик соҳа ривожига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси»да алоҳида эътибор қаратилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бу борада фармон қабул қилиниб кучга кирганидан сўнг йўл инфратузилмаси, қурилиши ва реконструкция қилишни замонавий даражага кўтариш, айниқса минтақавий автомобиль йўллари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шунингдек, аҳоли пункти кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш ишларига муносабат тубдан ўзгарди.

photo_2020-10-17_18-06-28.jpg

«Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонасида бу борада устувор ишлар режаси белгилаб олиниб, ўтган қисқа давр ичида катта муваффақиятларга эришилди.

Фаолияти кўлами доирасида асфальт, шебен, қора қум, ювилган қизил қум, темир бетон маҳсулотлари, шағал, ишлаб чиқаришни мунтазам йўлга қўйган мазкур корхона йўл қурилиш ишлари учун 2018 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида 24 млн. 51 минг сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврида 144 млн. 178 минг сўмни ташкил этиб, маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича ўсиш суръати ўтган даврга нисбатан сезиларли ошиб, ўсиш 599 фоизни ташкил этди.

БАРЧА АМАЛЛАР НИЯТГА ҚАРАБ...

Эзгу ниятлар билан бошланган хайрли ишлар бардавомдир.

Самарқандга қилган ижодий сафаримиз чоғида эл-юрт фаровонлиги, одамлар манфаати йўлида бажарилаётган катта кичик лойиҳалар билан танишар эканмиз, «Самарқанд йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси директори Муродхон ҲАЖИХОНОВнинг ўзига хос иш услубидаги янгича ёндашувига қизиқишимиз тобора ортиб борди.

photo_2020-10-17_18-05-56.jpg

Оддий шарикли ручкада қайта-қайта ишланаверган чизмаларга қараб, дастлаб бу ишлар мутахассис рассом ижодига мансуб бўлса керак, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Буни пайқаган раҳбар кечаси ўз қўллари билан қоғозга туширган чизмаларига, жиддий лойиҳанинг дастлабки қисмларига изоҳ бера кетди.

Муродхон ҲАДЖИХАНОВ: - Йўлда келаётиб пайқаган бўлсангиз керак, Самарқанд кўчаларидаги катта йўл ёқаларида миллий ва замонавийлик касб этадиган бекатлар ўрнатганмиз. Бу чизмалар ана шу ишларимизнинг хомаки кўриниши. Яна бири эса йўлнинг ёқасидаги катта кўприкнинг эскизлари.

Корхона фойдаси ҳисобидан Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Жомбой тумани маҳаллаларини бирлаштирувчи узунлиги 90 метр бўлган умумий суммаси 3 800 000 000 сўмлик кўприк жамоамиз саъй-ҳаракати ва эзгу ниятли инсонларнинг беғараз кўмаги билан яқинда қуриб битказилди.

photo_2020-10-17_18-06-00.jpg

Ҳар иккала туман аҳлининг хурсандчилигини кўрсангиз эди. Бир неча йиллардан буён катта каналдан сув кечиб, ҳаётини хавф остига қўйиб келган минглаб одамларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлганини кўришдан ортиқ қувонч борми?

Жамоа саъй-ҳаракати билан Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли яна бир қулайликка эга бўлди.

Ушбу ҳудуддан ўтган коллектор устига узунлиги 10 метр бўлган кўприк ҳам қуриб берилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 60 000 000 сўмни ташкил этди.

Каттақўрғон шаҳар «Тонг» кўчасига асфальт ётқизилиб, оқова сувларини чиқариш учун лотоклар ўрнатилди. Жами 110 000 000 сўмлик ишлар бажарилди.

Умумий қиймати 150 000 000 сўмлик бўлган лойиҳа асосида Самарқанд шаҳридаги «Кимёгарлар» қўрғони «Тўқмонбой» қабристонининг ташқи деворлари ҳамда кириш қисмидаги бинони қайта таъмирлаб бердик. Шунингдек, Самарқанд шаҳар «Менделеев» кўчасида жойлашган 20-кўп қаватли уйнинг том ва фасад қисмлари замонавий шаклга келтирилди. Асосий ва ички йўл ва йўлакларга асфальт ётқизилиб, катта йўл ёқалари ободонлаштирилди.

photo_2020-10-17_18-06-22.jpg

Менинг иш услубим шунақа. Ҳатто кичик бир гулзор учун ҳам замонавий туваклар яратиш керак бўлса, аввало ўз тасаввуримдаги манзарани қоғозга тушираман.

Ўзимга маъқул бўлгач, жамоани тўплаб, маслаҳат соламан. Кўнглимдаги ва кўз ўнгимда гавдаланиб турган гўзал манзара ҳақиқатга айланмагунча ўзимга ҳам бошқаларга ҳам тиним йўқ.

Биз бу сўзларнинг қанчалар ҳақиқат эканлигига Каттақўрғон шаҳридаги «НОҚИС» МФЙ раиси Фазилат Абдуллаева билан учрашганимиздан сўнг яна бир бор амин бўлдик.

Фазилат АБДУЛЛАЕВА: - Шаҳримиздаги қадимий маҳалла «Ноқис», агар таъбир жоиз бўлса, бу маҳаллани зиёлилар маскани деган бўлар эдим. Маҳалла аҳли иноқ, ҳар бир ишни маслаҳатлашиб, кенгашиб бажаришга ўрганиб қолганмиз. Бир куни ҳокимлик соатида маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг мурожаатлари тингланди. Ҳар бир маҳалла ўз муаммолари ҳақида очиқ гапирди. 

photo_2020-10-17_18-06-39.jpg

Шунда мен минг мулоҳаза билан маҳалла идорамиз ёнидаги кириш йўлининг носозлиги тўғрисида жамоатчиликка гапириб, озроқ ёрдам кераклигини айтдим. Шунда залнинг орқа томонида ўтирган раҳбарлардан бири ўрнидан туриб, бу муаммони тез кунда бартараф этишни ўз зиммасига олди. Бу танти инсон «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонасининг ташаббускор раҳбари Муродхон ҲАЖИХОНОВ эди.

Ўша куннинг ўзидаёқ корхона мутахассислари, ишчи ва муҳандислар маҳалламизга келиб, муаммони обдон ўрганди. Бирор амал бежиз бошланмайди-да. Қарангки, йўлдан ташқари маҳалла биноси ва ер остидан ўтган электр кабеллари ҳам таъмирталаб бўлиб қолган экан. Электр тармоғи учун янги ер ости кабеллари ўрнатилгач, тез-тез чироқ ўчиб қолиши ҳолатлари барҳам топди. Бу эзгу ишлар учун корхона ҳисобидан 170 000 000 сўмлик маблағ мақсадли йўналтирилди.

Миртемир ТЎРАЕВ, ишчи: - Шу соҳада ишлаётганимга 20 йилдан ошди. Умрим мана шундай йўллар ёқасида турли ободончилик ва қурилиш ишларини бажариш билан ўтяпти. Бундан тўрт беш йил олдин ишимизга яраша ҳақ ололмасдик. Кейинги 3 йил ичида корхонамиз тубдан ўзгарди. Энг биринчи навбатда биз сингари ишчиларнинг моддий аҳволимиз яхшиланди.

Маошим яхши. Рўзғорнинг катта бозор-учари ҳақида қайғурмайман, десам ишонасизми?

photo_2020-10-17_18-06-10.jpg

Корхонамиз касаба уюшмаси ҳар мавсумда улгуржи қилиб қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ун, ёғ, гўшт ва балиқ, кўйингки, рўзғорга нима зарур бўлса, ҳаммасини ортиғи билан таъминлаб беради. Раҳбаримиз талабчан ва ўз ўрнида кўнгилчан инсон. Ҳар бир ишчи билан алоҳида суҳбатлашиб, дардини эшитишга вақт топади. 400 нафар ходимнинг ҳаммасини яхши танийди.

Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғони, «Ширин» МФЙда яшовчи кам таъминланган фуқаро Эркинжон Боймуродовга 191 500 000 сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, 3 хонали уй қуриб берилди. Ҳусанжон Алимов ва Дилмуроджон Қобилов сингари ўз ишининг фидойилари ҳам бу ишдан беҳад мамнун.

А. РАДЖАБОВ, касаба уюшмаси раиси: - Корхонамиз томонидан 2020 йил бошидан ҳозирги кунга қадар 4 714 553 000 сўмлик инсонпарварлик ва ҳомийлик ишлари амалга оширилди.

Самарқанд шаҳар «Меҳнат» маҳалласида яшовчи ёлғиз она Р. Юсупованинг уйига ўт кетиб бошпанасиз қолганида корхонамиз бу оилага ҳомийлик асосида 3 хонали уй қуриб берди. 

photo_2020-10-17_18-06-16.jpg

Асолат Азизова "Умид аёллар» мослашув марказида яшаб келаётган эди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож бу аёлга Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғони «Чўпон ота» МФЙ томонидан уй ажратиб берилганидан сўнг корхонанинг 24 500 000 сўмлик ҳомийлик ёрдами сифатида замонавий таъмирланган уйга зарурий рўзғор анжомлари киритиб берилди.

Корхона томонидан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Жомбой бўлими ҳисобига 5 000 000 сўм беғараз маблағ ўтказиб берилган, шунингдек, Самарқанд шаҳар «Кимёгарлар» қўрғонида яшовчи кам таъминланган оилаларга 10 000 000 сўмлик , 4 секторга қарашли ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга 5 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

- Ёзнинг қоқ чилласида 1000 даражали қайноқ асфальт ётқизиш машаққатини ўша соҳада оз бўлсада ишлаб кўрган одам яхши ҳис этади,- дейди корхона директорининг молиявий масалалар бўйича муовини Манзура Қурбонова. 

photo_2020-10-17_18-06-42.jpg 

Айниқса бутун мамлакатимиз аҳолиси соғлиғи таҳликада турган, карантин шароитида эпидемиологик вазият оғир кечаётган бир пайтда корхонамизнинг барча ишчи ходимлари бирдамлик ва ҳушёрликда иш олиб бориб, иқтисодий кўрсатгичларни мунтазам ошириб боришга эришмоқда.

Ойлик маошлар сезиларли даражада ошди. 400 нафардан зиёд ишчи ходимларга айни кунда 4 млн.дан 7 млн.гача ҳақ тўлашни жорий қилганмиз.

Айни кунда энг катта объектимиз аэропорт ҳудудида. Бундай катта стратегик аҳамиятга эга объектни ободонлаштириш ва ҳаво лайнерлари қўнадиган асосий йўллар қурилишини айнан корхонамиз зиммасига юклатилганлиги фаолиятимиз ва кучимизга берилган муносиб баҳо ва катта ишонч деб биламан.

Мамлакатимиз ҳудудларини бир-бирига боғлаб турадиган равон йўллар, шаҳар ва гузарлар, маҳалла ва кўчаларга олиб борувчи катта автомобиль йўллари, тунларни чароғон қилиб турган йўл чироқлари, замонавий безакли тўсиқлар, бекат ва дам олиш манзиллари... Буларнинг ҳаммаси мазкур корхона фаолиятидан бунёд бўлаётгани айни ҳақиқатдир.

photo_2020-10-17_18-06-52.jpg

Гулчеҳра МИРЗАЕВА

2 554
ЎзА