ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Каттақўрғонлик Хурсантош опа нимадан норози?

Каттақўрғонлик Хурсантош опа нимадан норози?

Каттақўрғон тумани Кадан маҳалласида яшовчи Хурсантош Қаюмова (Ўзбекистон Республикаси Президенти Ишонч телефонига) мурожаат қилиб, ўзи ва маҳалла аҳолиси муаммоларини бирор бир журналист келиб ўрганиши ва ёритишини сўраган экан. Ушбу мурожаат асосида Хурсантош опа ва каданликлар билан учрашиш учун Каттақўрғонга йўл олдик.

Аввало, Кадан маҳалла фуқаролар йиғинига бориб, оқсоқол Шукрулло Шерназаров ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис Башорат Жабборова билан учрашдик.

– Опанинг мурожаати асосан пенсия билан боғлиқ, – деди маҳалла раиси Каттақўрғонга келишимиз боисини айтганимиздан сўнг. – Кексалик пенсия пули камлиги юзасидан кўп жойларга чиққан, тегишли мутахассислар келиб ўрганган. Яна шу масалада мурожаат қилган бўлсалар керак-да. Маҳалла аҳолисининг қайси муаммолари ҳақида айтмоқчи бўлганлар, тўғриси, бундан хабарим йўқ. Йўл билан боғлиқ муаммо бор эди, ўтган йил асфальт қилинмаган бўлса ҳам тош тўшалиб, текисланди...

photo5233677148261297585.jpg

Шундан сўнг маҳалла оқсоқоли ҳамроҳлигида Хурсантош опанинг хонадонига бордик.

12 сотихли каттагина ҳовлида опа ёлғиз яшар экан. Уй жуда кўркам бўлмаса-да, ҳар ҳолда яшаш учун шароит яратилган. Маҳалла раисининг айтишича, опа томорқасида ўзи экин-тикин қилади, мол-қўй боқади. Ёшлигида қўли гул тикувчи бўлган. Ҳозир ҳам баъзида шу иш билан шуғулланади, ҳунарини бошқаларга ўргатади.

Биз эшик қоқиб борганимизда Хурсантош опа ҳовлидаги қуриган дарахтларни кесиб, ўтин тайёрлаш билан машғул эди.

photo5233677148261297579.jpg

– Болалигимиздан меҳнат қилиб ўсганмиз, ота-онамиз шунга ўргатишган, – деди Хурсантош Қаюмова. – Пешона тери билан топилган нон ширин, қадр-қиммати бошқача бўлади-да. Ҳозир ҳам томорқада ишлайман, мол, қўй боқаман. Картошка-пиёз, умуман, рўзғорга керакли маҳсулотларни ўзим етиштираман. Бир неча мевали дарахтларим, узум-войишим бор. Рўзғордан ортганини қўни-қўшни, қариндош-уруғга бераман, бозорга чиқараман. Худога шукр, шунинг ортидан рўзғорим бут, бировнинг қўлига қараб қолганим йўқ. Маҳалла, ҳокимият ёрдам берармикан, деб кутмайман, ўйламайман ҳам.

Ёлғонга, адолатсизликка тоқатим йўқ. Аммо, 2012 йилда – 54 ёшимда пенсияга чиқиш учун ҳаракат бошладиму адолатсизликка учрадим. Меҳнат дафтарчамда 23 йилдан ортиқ меҳнат стажим ёзилгани ҳолда туман архив идораси иш даврим бир неча бор узилиб қолган ҳолда маълумотнома берди. Кейин шу асосида 2013 йил июн ойида 10 йилу 5 ойлик иш стажим ҳисобга олиниб, 74 минг сўм билан (пенсия жамғармаси Каттақўрғон туман бўлимидаги маълумотларга кўра, 82 минг 375 сўм – Ғ.Ҳ.) пенсияга чиқдим.

photo5233677148261297583.jpg

Шундан сўнг ҳисобга олинмаган ва “йўқолиб қолган” иш стажимни топиш, аниқроғи адолатни тиклаш учун ҳаракатни бошладим.

Фуқаролик судига мурожаат қилдим. Адвокат ёлланг, дейишди. Ёлладим. Юсупов деган адвокат 380 минг сўм тўлашингиз керак деб айтди. Тўладим, лекин ҳеч қандай қоғоз бермади. Суд бўлди-ю, менинг даъволарим рад этилди. Адвокатнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмагач, тўлаган пулимни қайтаришини талаб қилдим. Афсуски, бу талабим ҳам очиқ қолди. Шу билан тўхтаб, чекинмадим. Яна суд, прокуратура, адлия идораларига мурожаат қилдим. Аммо натижа йўқ, даъволаримни рад этишади ёки тайинли жавоб беришмайди. Тағин жавобимиздан қониқмасангиз, юқори инстанцияларга мурожаат қилинг, деб ёзишади. Айтган юқори инстанцияларига ҳам ёздим. Қанча “юқори”га ёзманг, мурожаатни кўриб чиқишни яна қуйига юборишади. Мен шу қуйи идоралар жавобидан қониқмай, юқорига ёзсаму улар аризани пастга юборишига ҳеч тушунмайман.

Бу орада судьялар, раҳбарлар жойларга чиқиб, сайёр қабуллар ўтказадиган, одамлар дардини эшитадиган бўлди. Олий суд судьяларининг, вилоят судлари раҳбарларининг шундай қабулларига ҳам бордим, масаламни ўртага қўйдим.

Ана шу югур-югурлар ортидан 2017 йил 13 июнда фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди менинг даъволаримни қаноатлантириб, 1976 йилдан 2011 йилгача бўлган давр оралиғидаги иш стажимни тиклаб берди. Шундан сўнг пенсия жамғармаси 27 йиллик иш стажим асосида пенсия тайинлади. Ҳозир 451 минг сўм пенсия оламан. Мен шунга ҳам шукр қиламан. Муҳими, адолат тикланганидан хурсандман.

photo5233677148261297589.jpg

Лекин мени бир нарса ўйлантиради – мана қонун, адолат бор экан, ҳақиқат юзага чиқар экан, нега бунинг учун шунча югуриш, турли идоралар эшигига сарсон бўлиш керак? Бундай ҳолат шу мамлакат фуқароларига нисбатан адолатсизлик эмасми? Бунинг учун ҳеч ким жавоб бермайдими? Нега мен 2013 йилдан иш стажим тўла тиклангунга қадар 10 йиллик стаж билан пенсия олдим? Шу вақт оралиғида йўқотган вақтим, маблағим, саломатлигимнинг баҳоси, ҳисоби борми? Бунинг учун ким ёки кимлар жавоб беради? Мен кўрган моддий ва маънавий зарарни талаб қилишга ҳаққим, ҳуқуқим борми?

Икки йилдан буён шу саволларга жавоб излаяпман. Яна суд, прокуратура, ҳокимият ва бошқа идораларга мурожаат қилишимнинг боиси шунда. Президентимизга минг раҳмат, шундай очиқ, эркин жамият барпо этаяптилар. Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, раҳбарлар халқ орасида бўлсин, одамларнинг дарду ташвишларини эшитиб, уларга ечим топсин деяптилар. Афсуски, бу гапларнинг ҳаммаси ҳам қуйида тўлиқ бажарилмаяпти. Мен шундан норозиман.

Қонунлар ҳаётийлиги, қатъий ижроси билан кучли. Қонунлар боласига гапи ўтмайдиган ота-онадек бўлиб қолмаслиги керак. Амалда ишлаши зарур. Унга оддий фуқаро ҳам, амалдор ҳам бирдек риоя этсин. Қонунни ҳар ким ўз томонига оғдиришга интилмаслиги ёки уни четлаб ўтишни одат қилмаслиги керак. Мен жамиятимизда ҳали-ҳануз ана шундай кимсалар борлигидан, улар қайсидир лавозимларни эгаллаб турганидан, оддий одамларни эшитмаётганидан норозиман.

30 йилдан бери шу ерда яшаймиз. Бир неча йилдан буён ёзда чанг, қишда лой бўладигани йўлимизни созлаб, асфальт қилиб беришларини сўрадик. Йўқ, бўлмади. 2018 йилда юқори идораларга мурожаатимиздан кейин туман йўл идорасидан келиб, 2019 йил биринчи чоракда асфальт қиламиз, дейишганди. Афсуски, бу ҳам ваъдалигича қолди. Ўтган йил йўлимизнинг бир қисмига тош тўкиб, текислаб беришди. Шунисига ҳам раҳмат. Аммо, йўлнинг ярми яна қолиб кетди. Газ ва электр энергияси масаласида ҳам муаммоларимиз бор. Бу ишлар тегишли дастурлар асосида бажарилишидан, катта маблағ сарфланишидан ҳам хабардормиз. Фақат буни халққа тушунтириб, ростини айтишсин, “эрта қиламиз”, “индин бошлаймиз” дейишмасин. Мен ана шундай ёлғон ваъдалардан норозиман...

photo5230964292298321127.jpg

Хурсантош опа маҳалла, қўни-қўшнилари ҳаёти билан боғлиқ яна кўп муаммолар ҳақида гапирди, бу масалалар юзасидан раҳбарларга, давлат органларига яна мурожаат қилишини айтди. Опанинг фикрларида жон бўлса-да ҳамма гапларини ҳам асосли деб бўлмайди. Каттақўрғон тумани ҳокими, пенсия жамғармаси туман бўлими масъуллари билан суҳбатлашганимиздан сўнг Хурсантош опага, шу билан бирга маҳалла аҳолисига ҳуқуқий ёрдам бериш, уларни тегишли давлат ва ҳудудий дастурлар билан яқиндан таништириш зарур, деган хулосага келдик. Буни туман мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғини инобатга олади, деб умид қиламиз.

Х.Қаюмова билан суҳбатлашиб, унинг фикрларини эшитиб, билганимиз шу бўлди – опа ҳеч кимдан моддий ёрдам ёки манфаат кутмаяпти. Уйига ҳеч ким йўқлаб келмаётганидан, турли байрамлару тадбирларга таклиф этишмаётганидан ҳам нолиётгани йўқ. Фақат кўтарилаётган масалаларга эътибор қаратилишини, бузилган ҳуқуқлари тикланишини истаяпти.

3 015
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА